"Патронаж ҳамшираман-халқимга жонкуярман" деган шиор эндиликда Наманган вилояти тиббиёт ходимларининг доимий амалиётига айланиб бормоқда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 718-сонли қарори ижросини изчил таъминлаш учун Наманган шаҳар ва барча туманларнинг тиббиёт бирлашмалари зарур чора-тадбирларни кўряпти. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан феврални "Патронаж ойлиги" деб эълон қилиниши, аввало Наманган шаҳридаги 13 та, туманлардаги 62 та оилавий поликлиникалар ҳамда 75 та қишлоқ врачлик пунктлари жамоаларининг, қолаверса деярли барча тиббиёт маркази ва шифохоналарининг ихтисослашган врачларининг мазкур йўналишга масъуллигини янада кучайтириб юборди.

Патронаж хизмати натижадорлигига эришиш, албатта, шифокорларнинг билим ва малакасига, аҳолига соғлом турмуш тарзи омилларини, талабларини тушунтира олиш маҳоратига боғлиқ. Шунинг учун барча тиббиёт муассасаларида яна бир бор ҳамшираларига ўз фаолиятларида нималарга эътибор қаратишлари зарурлиги борасида назарий сабоқ бериш билангина кифояланиб қолинмади. Патронаж ҳамшираларининг ўзига хос кўрик-танловлари уюштирилди. Мазкур тадбир дастлаб Тўрақўрғон туманида бошланган бўлса, қисқа фурсатда бошқа туманларга ёйилди. Энг аҳамиятлиси ва фойдалилиги шундаки, илғор ҳамшираларнинг ҳаётий тажрибалари саҳнада жонлантирилиб, гўё "Маҳорат мактаби" маш­ғулоти тусини олди. Чунки саҳнага ўндан зиёд тиббиёт ходимлари навбатма-навбат чиқишиб, бир-бирларини такрорламаган ҳолда патронажнинг серқирра жиҳатларини ибрат қилиб кўрсатишди. Бирлари нуронийлар ва ёлғиз қариялар ҳузурига ташриф чоғидаги манзарани ифодалашса, бирлари ҳомиладор аёл яшаётган хонадондаги фаолиятларини кўпчилик ҳамкасблари кўз ўнгида намоён этишди. Бирлари ногироннинг тиббий кўригини қандай уддалашни, муомала-ю, амалиёт йўсинида кўрсатишга интилса, бирлари болалар ва ўсмирлар билан қандай ишлаш кераклиги намунасини ҳаётий ва ҳаққоний тарзда саҳнага кўчира олди. Тадбирлар давомида "Ўрганинг, кўлланинг!" деган даъватни чуқур ҳис қилишди оқ халатли ҳамширалар.

Мана, тўртинчи ҳафтадирки, шифокорларнинг ялпи сафарбарлиги қизғин давом этмоқда. Бундан буён уларнинг кирмаган, қадамлари етмаган уй ва хонадонлар қолмайди. Чусту Попда, Мингбулоғу Косонсойда, Чортоғу Янгиқўрғонда, Учқўрғону Норинда, Уйчию Наманганда - қўйингки, ҳеч бир туманда бу ишга энди мавсумий юмуш сифатида қаралмайди. Айни маҳалдаги ойлик тадбирни эса, катта мақсадда бетўхтов ҳаракатга тушишнинг дастлабки оммавий бошланиши бўлмоқда, дея баҳолашимиз ўринли.

- Наманганимиз ҳар соҳада республикага ўрнак бўлиб келган, соғлиқни сақлашда ҳам шу мавқега эришиш керак, - дейди меҳнат фахрийси, Мозоркўҳна маҳалласида яшовчи Икромжон ота Абдусаломов. - Президентимизнинг тиббий ислоҳотларини уйимизда ўтириб ҳам яхши биляпмиз. Бураматут қишлоғимизда янги муассаса-оилавий поликлиника ташкиллангани, оқ халатли халоскорларимизнинг ўзлари уйларимиз остонасини ҳатлашиб, "Отахон, соғлигингиз яхшими? Фарзанду набираларингиздан ҳам хабар олгани келдик" дея саломатлигимиз учун астойдил қайғуришаётганидан кўнгилларимиз тоғдай кўтариляпти. Шифокорларимизни доимо дуо қиляпмиз. Ахир улар саломатлигимизни яхши асрашса, дардимиз зўраймай туриб аниқлашса, даволанишни тавсия қилишса, умримизга умр қўшилгани шу-да! Юртбошимизнинг ўз хал­қига бу қадар меҳрибончиликларига асло гап йўқ. Бахтимизга ўзлари ҳам омон бўлаверсинлар!

- Ҳамшира қизларимизнинг олдиларига авваллари бизлар борган бўлсак, ҳозирда улар тез-тез эшигимизни очиб кириб келишяпти, - дейди мингбулоқлик Хурсаной ая Ҳайдарова. - Соғлигимизни сўраб-суриштиришдан ташқари, қон босимимизни ўлчаб ҳам кўришяпти. Кечаги сафар овқатдан заҳарланиб қолманглар, деб қишга ғамлаган нарсаларимизнинг сифатига қандай ишонч ҳосил қилишимизгача тушунтириб кетишди. Илоҳо бизнинг саломатлигимизни ўйлаганларнинг ўзлари ҳам доимо соғ­лом юришсин!

Бундай беҳад шукроналикларни, дил-дилидан айтилган миннатдорчиликларни эндиликда қадамига эшитяпмиз, десак муболаға эмас. Халқимиздаги кечаги эътирозларнинг ўрнини бугун эътирофлар эгаллаётган экан, тиббиёт ходимларининг эзгу мақсаддаги ҳаракатлари ҳеч қачон сусаймаслигига ишончимиз комил.

Содиқ САЙҲУН.