Уйчи тумани аҳолиси учун ажойиб туҳфа тайёрланди. Энди ҳомиладор аёллар тиббий текширувлардан ўтиш учун вақт сарфлаб вилоят марказига қатнашларига ҳожат қолмади. Туман кўп тармоқли марказий поликлиникасида очилган перинатал скрининг хонаси уларнинг узоғини яқин қилибгина қолмасдан, қимматли вақтларини тежаш имконини беради.
Бу вилоятда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 25 декабрда қабул қилинган "2018-2022 йиллар даврида болаларда туғма ва ирсий касалликларни барвақт аниқлаш давлат дастури тўғрисида"ги ПҚ-3440-сонли Қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш борасидаги муҳим қадамдир.
- Давлат дастурида қайд этилган вазифалар изчил амалга оширилмоқда. Наманган шаҳрида ва 11 та туманда мана шундай масканларни ташкил қилиш жараёни бормоқда. Уларнинг ишга туширилиши билан оналар ва болалар соғлиғини ҳар томонлама муҳофаза қилиш, соғлом авлод туғилиши ва уни тарбиялаш учун зарур шарт-шароитларни шакллантириш, ҳомиладор аёллар ва чақалоқларда паталогияни барвақт аниқлаш, туғма ва ирсий касалликларнинг олдини олиш самарадорлигига эришилади, - дейди вилоят "Она ва бола скрининги" маркази бош шифокори Матлуба Жамилова.
Қисқа фурсатда поликлиникада перинатал скрининг хонасини таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Замонавий ультратовуш текшируви аппарати билан таъминланди. Энг тажрибали шифокор ва ҳамширалар билан мустаҳкамланди. Айни пайтда врач Гулчеҳра Исмоилова, перепаратор ҳамшира Мавжуда Мирзабоева, УТТ ҳамшираси Муҳаббат Раҳмонова ва доя Эътиборхон Мирзабоевалар ташриф буюрувчиларга малакали тиббий хизмат кўрсатишмоқда.
Севара ҒОЗИЕВА.
Суратда: перинатал скрининг хонасида иш жараёни.