Вилоятимизда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 3 майдаги "Нукус-фарм", "Зомин-фарм", "Косонсой-фарм", "Сирдарё-фарм", "Бойсун-фарм", "Бўстонлиқ-фарм" ва "Паркент-фарм" эркин иқтисодий зоналарини ташкил этиш тўғрисида"ги ПФ-5032-сонли Фармони ижросини таъминлаш чоралари кўрилаётир.

Ушбу Фармон республикамиз фармацевтика тармоғини ривожлантиришга йўналтирилган инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга хорижий ва маҳаллий инвестицияларни фаол жалб этиш учун шарт-шароитлар яратиш, доривор ўсимликлар хом ашёсини етиштиришнинг ноёб шароитларини ҳисобга олган ҳолда маҳаллий доривор воситалар бозорини ўзимизда ишлаб чиқарилган юқори сифатли дори воситалари билан тўлдириш, уларни чуқур қайта ишлаш, ҳудудлар ресурс салоҳиятидан самарали фойдаланиш асосида янги иш ўринларини яратиш ва аҳоли даромадларини ошириш мақсадида қабул қилинган.

Мазкур ҳужжатда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида "Косонсой-фарм" эркин иқтисодий зонасини ташкил этиш ва ҳудудда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар режаси тасдиқланган. Косонсой тумани "Намуна" массивидан дори-дармон воситаларини ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга ошириш учун 32,5 гектар, "Бухоро" массивидан эса доривор ўсимликлар етиштириш учун плантацияларга 100 гектар ер майдони ажратилган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 2 сентябрдаги 691-сонли қарорига асосан "Косонсой-фарм" эркин иқтисодий зонаси ҳудудида транспорт, муҳандислик-коммуникация ҳамда ишлаб чиқариш инфратузилмаларини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари кўрилмоқда. Жумладан, ҳудудни табиий газ билан таъминлаш мақсадида, Туятойди массивидан 2,9 километр оралиқ масофага тармоқ тортиш ишлари амалга оширилмоқда. "Сувоқава" ДУК томонидан 2017-2019 йиллар давомида 1,4 миллиард сўм маблағ ҳисобига мавжуд сув олиш қудуғини реконструкция қилиш, янги сув олиш қудуғини ковлаш, 1,2 километр ичимлик суви ва 2,5 километр оқава сув тармоқлари тортилади. Электр таъминоти яхшиланмоқда. Мавжуд йўлларни таъмирлаш ва қуриш ишлари кўлами белгиланган. Бундан ташқари, "Ўзбектелеком" АЖ томонидан 2018-2019 йиллар давомида қиймати 34,5 миллион сўмлик 10,3 километр шиша толали тармоқ тортиш кўзда тутилган.

- Мазкур эркин иқтисодий зонанинг аҳамияти ҳақида оммавий ахборот воситаларида кенг миқёсда тушунтириш ишлари ташкил этилди. Олиб борилган тарғиботлар натижасида турли дори-дармонлар ва тиббиёт буюмларини тайёрлаш ва маҳаллийлаштиришга оид 14 та лойиҳа юзасидан таклифлар олинди, - дейди "Косонсой-фарм" эркин иқтисодий зонаси дирекцияси раҳбари Юнусхон Мубораков.

- Жумладан, "Спринг фармацевтик" масъулияти чекланган жамияти томонидан лойиҳа қиймати 4,3 миллион АҚШ долларлик, 50 хил турдаги дори воситаларини маҳаллийлаштириш режалаштирилган. Ҳозирда ишлаб чиқариш бино-иншоотларида қурилиш-монтаж ишлари олиб борилмоқда. Лойиҳанинг биринчи босқичи жорий йилнинг иккинчи чорагида тўла амалга оширилади. Натижада 10 миллиард сўмлик маҳсулот таёрланади ва 60 та янги ишчи ўрини вужудга келади.

"Саломатлик Диёр Келажак сари" МЧЖ томонидан ишлаб чиқилган лойиҳа қиймати ҳам 4,3 миллион АҚШ доллари миқдорида. Яъни, унда 64 хил турдаги дори воситалари - анальгин, демидрол, парацетамол, диазолин, витамин В 12, рибоксин кабиларни ишлаб чиқаришни ташкил жараёни уч босқичда амалга оширилади. У 2018-2021 йилларни қамраб олади. Биринчи босқич келгуси йилнинг биринчи чорагида якунланади. Иккинчи ва учинчи босқичлардаги ишлар 2020 ва 2021 йилларда якунланади. Корхона фойдаланишга топширилиши билан йилига 12,5 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш ва 90 та янги ишчи ўрин яратишга муваффақ бўлинади.

Бундан ташқари "Тад мед фарм" МЧЖ ва "Жўрабек ота" хусусий корхонаси томонидан татбиқ этилиши мўлжалланаётган лойиҳалар ҳам истиқболлидир. "Тад мед фарм" МЧЖга тегишли лойиҳанинг қиймати 850 минг АҚШ долларини ташкил этади. Унга мувофиқ 120 хил турдаги дори воситаларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш саъй-ҳаракатлари 2018-2020 йилларга режалаштирилган. Биринчи босқич келгуси йили 1-чоракда ниҳоясига етказилади. Корхона йилига 10 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга бўлади ва 50 нафар ишчини ўз бағрига олади.

Қиймати 1,6 миллион долларлик лойиҳани рўёбга чиқарувчи "Жўрабек ота" хусусий корхонасида эса суртма дори воситалари, таблеткаларни ишлаб чиқариш ҳамда доривор ўсимликларни қадоқлаш кўзда тутилмоқда. 2019 йил тўртинчи чоракда ишга тушириладиган корхонада йилига 8 миллиард сўмлик маҳсулот тайёрланади ҳамда 16 киши ишли бўлади.

"Мед диагноз фарм" масъулияти чекланган жамият эса лаборатория ҳамда диагностика ускуналари ишлаб чиқариш ва доривор ўсимликлар етиштириш, "Даво" хусусий корхонаси тиббий идишлар қопқоғи, тиббиёт пахтаси тайёрлашни мақсад қилган.

Баҳор келиши билан доривор ўсимликлар етиштириш учун ажратилган ерларда ҳам қизғин иш бошланади. Биринчи навбатда каландула, пол-пола, наъматак каби эҳтиёжталаб доривор ўсимликларни экиш режалаштирилган. Қисқаси, "Косонсой-фарм" эркин иқтисодий зонаси вилоятимиз иқтисодиёти равнақида муҳим роль ўйнайди, десак муболаға эмас. Энг муҳими, эл фаровонлигини таъминлашнинг янги истиқболларини вужудга келтириши шубҳасиз.

Абдулла ҒОЗИЕВ.