Поп туманидаги мусиқа ва санъат мактаби залида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан вилоят тиббиёт муассасаларида назорат-таҳлил тартибида ўтказилган ўрганиш якунларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Унга Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, Наманган ва Фарғона вилоятлари соғлиқни сақлаш бошқармалари бошлиқларининг оналик ва болалик муҳофазаси бўйича ўринбосарлари, вилоятдаги шаҳар ва туманлар тиббиёт бирлашмалари бошлиқлари, туғруқхоналар бош шифокорлари, мутахассислар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари таклиф этилдилар.

Йиғилишни Поп тумани ҳокимининг ўринбосари Авазбек Ҳусайинов олиб борди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Нурия Айтжонова кун тартибидаги масала юзасидан маъруза қилди.

Нотиқнинг таъкидлашича, халқимиз саломатлигини сақлаш,оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш давлатимизнинг устувор вазифаларидан бири бўлиб келмоқда. Дарҳақиқат, амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар инсон учун, унинг манфаати ва турмуш шароитини янада яхшилаш ҳамда соғлом яшашига қаратилгандир.

Бироқ, Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан ўтказилган ўрганиш жараёнида тиббиёт муассасаларида олиб борилаётган ижобий ишлар билан бир қаторда айрим жойларда муаммолар ҳам мавжудлиги аниқланган. Хусусан, Поп, Косонсой, Тўрақўрғон, Норин туманлари ва Наманган шаҳар тиббиёт бирлашмаларида йўл қўйилаётган камчиликлар тилга олинди. Бунинг оқибатида гўдаклар ўлими кўрсаткичлари ортган. Бирламчи тиббиёт муассасаларида туғиш ёшидаги аёлларни тиббий кўриги сифатсиз, юзаки ўтказилганлиги, аниқланган касалликлар тўлиқ даволанмаслиги, контрацепция воситалари билан ўз вақтида қамралмаганлиги, исталмаган ҳомиладорликка йўл қўйилганлиги маълум бўлди. "Она ва бола" скрининг маркази фаолиятида ҳам бир қатор нуқсонлар мавжуд. Гўдаклар ўлимининг сабабларини аниқлаш мақсадида ўтказилиши лозим бўлган потологоанотомик текширишлар ҳам қониқарсиздир.

Йиғилишда баъзи тиббиёт ходимларининг масъулиятсизлиги, ўз ишига нисбатан бефарқлиги, патронаж ва тез тиббий ёрдам хизматидаги ўзибўларчиликлар, ҳудудларда шифокорларнинг жамоатчилик олдида ҳисоб бериш тизими тўлиқ ишламаётгани, уларда тиббиётга оид муаммолар мунтазам равишда муҳокама этилмаётганлиги тан­қид остига олинди.

Наманган вилояти соғлиқни сақлаш бош­қармаси бошлиғининг оналик ва болалик муҳофазаси бўйича ўринбосари Лайло Аҳмедова, вилоят "Она ва бола" скрининги маркази бош шифокори Матлуба Жамилова, вилоят патанатомия бюроси раҳбари Баҳриддин Жалолов, Наманган шаҳар тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Абдували Мавлонов, Тўрақўрғон тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Юнусхон Абдупаттаев, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Саттор Раҳматов ва бошқалар сўзга чиқдилар.

- Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга Мурожаатномасида соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотларни доимий назорат қилиш ва мониторинглар юритиш, тармоқда амалга оширилаётган ишлар юзасидан туман ва шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда "Йўл хариталари"ни ишлаб чиқиш ва назоратга олиш, ҳудудларни фақат текшириш эмас, балки жойлардаги реал ҳолатни чуқур ўрганган ҳолатда, мавжуд муаммоларни ҳал этиш бўйича амалий ёрдам бериш усулини жорий қилиш каби вазифалар белгилаб берилган. Шу мақсадда Қонунчилик палатасида Фуқароларнинг соғ­лиғини сақлаш масалалари қўмитаси тузилди. Бугун Попда қўмитанинг илк сайёр йиғилишини ўтказяпмиз, - дейди Нурия Айт­жонова.

- Мазкур йиғилишда оналар ва болалар соғлиғини ҳар томонлама мустаҳкамлаш, соғлом авлод туғилиши ва уни тарбиялаш учун зарур шарт-шароитларни шакллантириш, ҳомиладор аёллар ва чақалоқларда патологияни барвақт аниқлашни янада такомиллаштириш, болаликдан ногиронликнинг олдини олиш, скрининг марказлари кадрлар салоҳияти ва моддий-техника базасини ривожлантириш юзасидан тегишли тавсиялар берилди. Бинобарин, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 25 декабрдаги "2018-2022 йилларда болаларда туғма ва ирсий касалликларни барвақт аниқлаш давлат Дастури тўғрисида"ги ПҚ-3440-сонли қарорида белгиланган вазифаларни ҳаётга татбиқ этиш учун астойдил иш олиб боряпмиз. Айни пайтда туман тиббиёт марказларида скрининг кабинетлари шакллантирилмоқда. Яқин орада энг замонавий тиббий текширув воситалари ишга туширилади,-дейди вилоят "Она ва бола" скрининги маркази раҳбари Матлуба Жамилова.

Сайёр йиғилишда тиббий хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш, аҳолининг тиббий маданиятини юксалтириш, аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, соғлиқни сақлаш тизимидаги ислоҳотлардан одамларнинг хабардорлик даражасини ошириш каби масалаларга ҳам эътибор қаратилди.

Тадбир якунида Қўмитанинг тегишли қарори ишлаб чиқилди.

Абдулла ҒОЗИЕВ.