Шу кунларда вилоятимиздаги бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида фаолиятнинг долзарб масалаларига бағишланган анжуманлар ўтказилмоқда. Уларда КТМП, ҚОП ва ҚВПлар ишини янада такомиллаштириш ва аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш юзасидан фикрлашиб олинмоқда.

Тўрақўрғон тумани Қатоғон Сарой қишлоғидаги 30-қишлоқ оилавий поликлиникасида ташкил этилган кўргазмали анжуман ҳам қатнашчиларда катта таассурот қолдирди. Унга саломатлик посбонлари ва Қатоғон, Шовон, Катта Қурама, "Ўзбекистон", Тошлоқ, Сарой маҳалла фуқаролар йиғинлари вакиллари ҳам таклиф этилди.

Тадбирни туман тиббиёт бирлашмаси ҚВПлар бўйича координатори Н. Сайфиддинов олиб борди. Семинарда "Аҳолини мақсадли патронаж билан қамраб олиш, уларда тиббий маданиятни шакллантириш ҳамда оила ва таълим муассасаларида соғ­лом турмуш тарзини тарғиб этиш тўғрида"ги қўшма қарордан келиб чиқадиган вазифалар, "Саломатлик мактаби" ишини намунали йўлга қўйиш, хусусан "Нуронийлар куни" тадбирларини амалга ошириш тартиблари ҳақида атрофлича тушунча берилди. Тиббиёт ходимларининг маҳалла фуқаролар йиғинлари вакиллари билан уйғун тарздаги фаолиятига алоҳида эътибор қаратилди.

Семинарда 30-ҚОП мудири Ҳ. Халилова, Сарой МФЙ фаоли М.Мирзаева, меҳнат фахрийси Ш.Абдуллаева ва бошқалар сўзга чиқиб, юртимизда аҳоли саломатлигини сақлаш, тиббий хизматни юқори даражага кўтариш борасида олиб борилаётган эзгу ишлар қишлоқ аҳлини беҳад мамнун этаётганлигини таъкидладилар. Айниқса, "Саломатлик мактаби" машғулотлари жорий этилаётганлиги хонадонларда тиббий маданиятни юксалтиришда муҳим аҳамият касб этишини таъкидладилар.

Тадбирнинг амалий қисми бевосита хонадонларда давом этди. Шу куни 36 нафар нуроний чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. 22 нафар отахон ва онахонларда турли касалликлар аниқланди ҳамда даволаш чоралари кўрилди. 14 нафар кекса ёшдаги табаррук инсонлар қишлоқ оилавий поликлиникаси ҳамшираларидан керакли тиббий муолажаларни олдилар.

Туман кўп тармоқли марказий поликлиникаси, 28-қишлоқ оилавий поликлиникаси ва бошқа ҚОП ва ҚВПларда ташкилланган кўргазмали семинарларда ҳам Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 13 сентябрдаги 718-сонли "Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида тиббий хизматлар сифатини яхшилашга, ўтказилаётган профилактика тадбирларининг самарадорлиги учун масъулиятни оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори ҳамда Наманган вилоят соғ­лиқни сақлаш бошқармаси, фуқароларни ўзини-ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш вилоят кенгаши, вилоят халқ таълими, вилоят мактабгача таълим, вилоят ўрта-махсус касб-ҳунар таълими бошқармалари қабул қилган қўшма қарорни ҳаётга татбиқ қилиш масалаларига эътибор қаратилди.

Севара ҒОЗИЕВА.