Халқимиз "Соғлигинг - бойлигинг" деб бежиз айтмаган. Баъзан бебаҳо бойлигимизни бой бериб қўяётган пайтларимиз оқ халатли шифокорлардан нажот кутамиз. Шунинг учун саломатлик посбонлари элда "Нажот фаришталари" дея қадрланишади. Ахир улар ўзларининг беминнат муолажалари билан жонимизга оро киритишади, олқишларимизга сазовор бўлишади.
Наманган тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли 12-сонли ҚОП мудири, олий тоифали УАШ шифокори Нодира Юрданидзе ана шундай касбига меҳр қўйган, халқ саломатлигини сақлаш йўлида сидқидилдан хизмат қилаётган шифокорлардан биридир.
У асли Андижоннинг Қўрғонтепасидан. Эмруллох ака ва Гулдона опаларнинг кенжа фарзанди. Ўқувчилик пайтидаёқ. "Ким бўлсам экан?" мавзуида ёзган иншосида "Келажакда болалар шифокори бўлмоқчиман. Жажжиларни даволайман", дея орзусини баён этганди. Аъло ўқигани учун ниятига етишди. 1978 йил Андижон давлат тиббиёт институтининг педиатрия факультети талабасига айланди. Интилувчан ва билимга чанқоқ Нодира устозларидан тиббиёт илмини қунт билан ўрганди. Олийгоҳни тугаллаб, Наманган шаҳар кўп соҳали болалар касалхонасида интернатурани ўтади. Илк иш фаолиятини Наманган туманининг марказий шифохонасида кичик педиатрликдан бошлади. Кейинроқ Ғалча қишлоқ амбулаториясида фаолиятини давом эттирди.
1995 йил уни интернатурани ўтаган муассасасидаги устозлари ўз ёнларига чорлашди. Нодирага қабулхона бўлими мудирлиги вазифаси топширилди. Шифокор хаста болажонлар билан осонгина тил топишар, уларни оғриқлардан тезда халос этар эди. Кичик беморларнинг табассуми, ота-оналарининг олқиши эса чарчоқларини ўша заҳотиёқ ёзиб юборарди.
Нодира опа эндиликда устозлари Олия Шодиева, Абдусамат Исмоилов, Акрамжон Алиназаровлар номини ҳамон ҳурмат билан тилга олади. Ахир уларнинг йўл-йўриқларию, амалий тажрибаларидан оқилона фойдаланиб асло кам бўлмади-да.
Шаҳар шифохонасининг шароитлари аъло эди-ю, лекин у ўзи яшаб турган қишлоқдошларига кераклигини қалбан ҳис қилди. Шунинг учун 2004 йилда Ғалча ҚВПга умумамалиёт шифокори бўлиб қайтди. Тошкент врачлар малакасини ошириш институтига бориб малакасини оширди. У кундузи ишлагани етмай, баъзан ярим тунда эшигини тақиллатиб, нажот истаб келган ҳамқишлоқларининг раъйини бирор бор қайтарганини эслолмайди. Қачон бўлмасин, танометрини олиб, бемор уйи томон шошилади. Хастаҳолнинг иссиғи тушиб, то ҳолати яхшилангунича тепасида ўтиради. Қарабсизки, тун ярмидан ошганда уйига қайтади. Нодира опа кун ёки кун оша рўй берадиган бундай вазиятларни ҳеч ҳам малол олмайди. Элга керакли касбидан фахр туяди, одамларга нафи тегаётганидан хурсанд бўлади.
УАШ врачи 2007 йилдан ҚВП мудири бўлиб фаолиятини давом эттирди. Тиббиётдаги изчил ислоҳотлар доирасида у фаолият юритаётган муассаса ўтган йили 12-сонли қишлоқ оилавий поликлиникага айлантирилди.
Яқин ўн йилдирки унинг ҳудудида аҳоли саломатлиги бўйича кўнгилсиз ҳодисалар қайд этилмаган. Оилада тиббий маданиятни юксалтириш, юқумли хасталикларнинг олдини олиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишда МФЙ раислари, маслаҳатчилари ва фаоллари, мактаб ва МТМ ходимлари билан доимий ҳамкорликни йўлга қўйган. Патронаж қизларига касалликлар бўйича йўл-йўриқ ва тавсияларини беришдан, ўзи ҳам хонадонма-хонадон юришдан асло эринмайди.
- Ташаббускор ва талабчан Нодира опа тиббий хизматнинг бирламчи бўғини фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган вазифаларнинг изчил ижросини таъминлаш ишларида барчага ўрнак бўлаётир,- дейди туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Баҳриддин Сиддиқов. - Интеграция, рейтинг тизимида баҳолаш каби янгиликлар бўйича ёш кадрларга маслакдош. Ҳамиша шижоаткор, ҳамиша тиниб - тинчимас. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Фахрий ёрлиғи, "Ўзбекистон Конституциясига 25 йил" эсдалик нишони билан тақдирлангани ҳам бежиз эмас-да.
Оиласида тинчлик, хотиржамлик, ҳамжиҳатлик барқарор бўлган кишининг ишида унуми, баракаси бўлади, худди Нодира опа сингари. Зеро, у тақдир ато этган зиёли ва олижаноб умр йўлдоши Нуриддин Афроиловдан жуда-жуда миннатдор. Чунки шундай жуфти ҳалоли билан бахтли ва фаровон турмуш кечириб, фарзандлари Райҳон ва Савилаларни эл корига камарбаста инсонлар этиб тарбиялашди. Икки қизлари ҳам инглиз тили мутахассисларидир.
Дарҳақиқат, Нодира опанинг исми-жисмига мос бўлган касбий нодирликларидан баҳра олиб, ундан мамнун бўлган кексаю ёшни истаганча топиш мумкин. Шу боисдан ҳам унинг обрў-эътибори тобора юксалиб бормоқда. Келгуси режалари тиббиёт соҳасидаги ислоҳотларни ҳаётга фаол тадбиқ қилиш орқали аҳоли саломатлигини янада мустаҳкамлаш ва муҳофаза қилишдан иборат.
Манзура ЭРГАШЕВА.