Республика ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамда Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт маркази етакчи мутахассислари вилоятимизга келишди.
Вилоят перинатал марказида уюштирилган акушер-гинеколог ва неонатологларнинг илмий-амалий семинари ғоят долзарб мавзуларни қамраб олди. РИАГИАТМ қошидаги симуляция маркази директори Темур Абдураҳимов "Ҳомиладорлик ва туғруқдаги гепертензив бузилишлар"ва "Ҳомиладорларда ўткир гепатоз" мавзуларида маъруза қилди. Нотиқ слайдлар ёрдамида ҳомиладор аёлларни ташҳислашда нималарга ва қайси омилларга кўпроқ эътибор қаратиш лозимлиги ҳақида кенг тушунча берди.
Неонатологлар билан ўтказилган машғулот чоғида эса РИПИАТМ директори ўринбосари, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг бош неонатологи Камола Солиҳова, марказнинг чақалоқлар потологияси бўлими мудири Саида Юсупова, чақалоқлар реанимацияси бўлими мудири Гулнозахон Саитмуродовалар неонатология хизматидаги долзарб муаммолар юзасидан маърузалар ўқишди.
- Тўрақўрғон ва Норин туманларида бўлиб, туғруқ бўлимларининг неонатология хизмати ҳолатини атрофлича ўргандик ва ҳамкасбларимизга амалий ёрдамлар кўрсатдик, - дейди РИПИАТМ директори ўринбосари Камола Солиҳова. - Бугунги тадбирда эса вилоят неонатолог-мутахассисларининг фаолиятини бевосита таҳлил қилдик. "Маҳорат дарси"миз шуниси билан аҳамиятли бўлдики, гўдаклар соғлиғига хавф туғдирувчи омилларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш бўйича зарурий тавсияларни қатнашчилар эътиборига ҳавола этдик.
Шу куни Республика ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт маркази директори ўринбосари, тиббиёт фанлари доктори Феруза Нишонова ҳомиладор аёллар тиббий кўригини ўтказди.
- Мамлакатимиз нуфузли тиббиёт марказлари олим-профессорлари, юқори малакали шифокорлари вилоятимизга тез-тез келишиб, тиббий кўриклар, "Маҳорат дарслари", жарроҳлик амалиётлари, анжуманлар ўтказишиб мутахассисларимиз малакасини мукаммаллаштиришга бош-қош бўлишмоқда,- дейди вилоят перинатал маркази директори ўринбосари Ойшахон Қосимова. - Куни кеча РИАГИАТМ ходими Санжарбек Қурбанов мураккаб жарроҳлик амалиётларини ўтказишда яқиндан ёрдам берди. Бугун бир гуруҳ етук мутахассислар биз билан бирга тиббий хизмат кўрсатишмоқда.
Манзура ЭРГАШЕВА.