Наманган туманидаги 27-сонли умумий ўрта таълим мактаби мажлислар зали бу гал одатдан ташқари томошабинлар билан тўлди. Саҳнада ҳам ноодатий чиқиш намойиш этилди. Унда олға сурилган ғоя эса ҳеч кимни бефарқ қолдирмади.

Хонадондаги оддий кунлардан бири. Қайнона ва келин муносабатлари. Гап саломатлик ҳақида бормоқда. Келин фарзанди соғлом дунёга келишини истайди. Бунинг учун шифокор кўригига бориши зарурлигини айтса, қайнона аксинча фикрда. Бунинг асло зарурияти йўқлигини уқтирмоқда. Икки тарафнинг қарама-қаршилиги оилага ташриф буюрган шифокор ва патронаж ҳамширанинг аралашуви билан барҳам топди. Қайнона келиннинг ҳомиладорлик жараёни қандай кечаётганлигини мутахассис врач текширувисиз аниқлаб бўлмаслигига, чақалоқнинг соғлом туғилишида тиббий кўрикнинг муҳимлигига ишонч ҳосил қилди.

Ушбу саҳнавий кўриниш воситасида маҳалла аҳлига репродуктив саломатликни мустаҳкамлаш жуда ҳам зарур эканлиги тарғиб этилди. Хонобод қишлоғидаги 11-оилавий поликлиника ходимлари томонидан саҳналаштирилган мазкур лавҳа "Саломатлик мактаби" нинг нав­батдаги машғулоти эди. Мактаб ўқувчилари ҳам соғ­лом турмуш тарзи ҳақидаги тушунчаларини саҳнавий чиқиш орқали ифодаладилар.

Тадбирнинг кейинги босқичи саломатлик ҳақидаги суҳбатларни қамраб олди. Слайдлар воситасида тал­қин этилган мавзу вирусли гепатит касаллигининг келиб чиқиш сабаблари ва унинг олдини олиш чораларига бағишланди.

Кўргазмали анжуман доирасидаги тадбирлар 11-қишлоқ оилавий поликлиникасида давом этди. Туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Баҳриддин Сиддиқов "Аҳолини мақсадли патронаж билан қамраб олиш, уларда тиббий маданиятни шакллантириш ҳамда оила ва таълим муассасаларида соғлом турмуш тарзини тар­ғиб этиш тўғрисида"ги қўшма қарордан келиб чиқадиган вазифалар ҳақида маъруза қилди.