Поп тумани Чиғаноқ қишлоғидаги 22-сонли оилавий поликлиникада ҳам кўргазмали анжуман бўлиб ўтди. Тадбир аввалида туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Рустамжон Раҳматуллаев тиббиётдаги янгиланиш ва ўзгаришлар жараёни, ҳамширалар меҳнатига эътибор, патронаж хизматини янада яхшилаш мақсадида кўрилаётган чоралар, ҳамкор ташкилотлар билан амалга оширилаётган қўшма қарорда белгиланган вазифалар тўғрисида маъруза қилди.

Шундан сўнг 22-сонли ҚОПнинг умумий амалиёт шифокори Муножот Холматова шифокор меҳнатини баҳолаш, патронаж ҳамшираси Дилноза Абдусатторова фаолиятидаги кунлик, ойлик ишлари бўйича кўргазмали чиқишлар қилиб, тажрибалари билан ҳамкасбларини таништиришди.

Туман кўп тармоқли марказий поликлиника мудири, ҳудуд координатори Фарида Умарова тиббиёт ходими меҳнатини баҳолаш, балл қўйишда поликлиника мудири ва катта ҳамшира ҳисоботларни биргаликда тузиш, мониторинг қилиш ва туман тиббиёт бирлашмаси мониторинг гуруҳига ҳавола этиши тўғрисида кенг тушунтириш берди. Йиғилганлардан тушган саволларга жавоб қайтарди.

- Мен кўп йиллардан буён тиббиёт ходимлари билан ҳамкорликда иш олиб бораман. Шу кунларда хонадонларда бўлиб, оиланинг яшаш тарзи, саломатликка оид керакли тавсиялар беряпмиз, - дейди маҳалла фаоли Зулхумор опа Матмусаева.

Куннинг иккинчи ярмида маҳаллаларда иш олиб борилди. "Саломатлик маркази" раҳбари Зафаржон Ҳайдаров, координатор Эркинжон Ғаффаров, умумий амалиёт шифокори Аломат Қодирова, патронаж ҳамшираси Марғуба Боймирзаева, маҳалла фаоли Дилором Саттороваларнинг аҳоли ҳузуридаги фаолиятини кузатдик.

Тинчлик кўчасидаги 33-хонадонга кирилди. Шифокорлар дарҳол 80 ёшли Шерали ота Жўраевнинг қон босимини ўлчашди, сўнгра юрак уриши текширилди. Қарияни юрак ишемик касаллиги безовта қилаётгани аниқланиб, керакли дори-дармонлар ёзиб берилди. Ҳамшира патронаж сумкасидаги дорилардан туҳфа этди. Шундан кейин хонадон аъзолари ҳам тиббий кўрикдан ўтказилди.

Рустамали МАМАДАЛИЕВ.