Наманган туманида навбатдаги "Табиий турдаги ҳолатлар (зилзила) натижасида кўп сонли жароҳатланганларнинг оммавий келиб тушиши ҳолларида биринчи тиббий ёрдам бригадаларининг иш фаолиятини ташкил қилиш" мавзусида қўмондонлик-штаб ўқув машқлари бўлиб ўтди.
Дастлаб, Тошбулоқ шаҳридаги ёшлар маркази ўйингоҳида туман ҳокимлигининг йиғма механизациялашган ҳамда туман тиббиёт бирлашмасининг биринчи тиббий ёрдам отрядлари саф кўриги ўтказилди. Унда туман тиббиёт бирлашмаси ходимларидан 150 нафар, туман хизматларидан 35 та техника ва 135 нафар ходимлар иштироки таъминланди. Машғулотга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш даврида тартиб-интизом бузилмаслиги, ҳушёрликни ошириш ва масъулиятни чуқур ҳис қилган ҳолда юқори тезкор фаоллик даражасига алоҳида эътибор қаратилди.
Шундан сўнг туман ҳудудидаги Сирдарё кўприги, туман "Пахта қабул қилиш пункти", Тошбулоқ саноат ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи биносида жойлашган радиацияга қарши панагоҳда "Ҳимоя иншоотларининг яширинувчиларни қабул қилишга тайёргарлик ҳолати", Паст Қиёт МФЙда "Газ чақнаши билан боғлиқ фавқулодда вазиятлар содир бўлганда ФВДҚТ хизматларининг ҳамкорликдаги ҳаракатлари" мавзуларида, Кичик Тошбулоқ МФЙда "Маҳалла фуқаро муҳофазаси" тизимини ташкил этиш, "Содир бўлган фавқулодда вазият тўғрисидаги маълумотларни йиғиш, таҳлил қилиш ва туман штабига етказиш ҳамда қутқарув тузилмаларини жалб қилган ҳолда зилзила оқибатларини бартараф этиш" мавзусида махсус-тактик ўқув машқи ташкилланди.
16-сонли мактабгача таълим муассасасида, 22-сонли умумтаълим мактаби, Тошбулоқ саноат ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежида "Фуқаро муҳофазаси куни" тадбирлари амалга оширилди. Қоракўл МФЙ ҳудудида эса сув тошқини билан боғлиқ фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва оқибатларини бартараф этиш бўйича эвокуация қилинадиган аҳолини йиғиш ва қабул қилиш пунктларини ташкил этиш тадбирлари ҳам кўрсатилди.
Тадбир сўнгида туман ҳокимлиги мажлислар залида якуний йиғилиш ўтказилди. Ўқув машқида қатнашган барча ФВДҚТ хизматлари ичида белгиланган вазифалар ва топшириқларни мукаммал бажарган, қатъий ҳаракатлари, малакалари билан намуна бўлган туман аҳолига шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш хизмати жамоаси биринчи ўринни қўлга киритди ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Орифжон ЖЎРАБОЕВ,
вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ТХФМ
бош мутахассиси.