уларнинг ўз вақтида изчил бажарилишига барчанинг

бирдай масъуллиги ҳал қилувчи асосий омилдир

Шу йилнинг 22 январида Ўзбекистон Республикаси Президентининг "2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини "Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили"да амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисида"ги Фармони эълон қилинди.

Амалдаги мазкур Ҳаракатлар стратегияси ўрта муддатли истиқболда давлат сиёсатининг устувор йўналишларини белгилаб берган энг муҳим дастурий ҳужжатдир. Фармонда айтилганидай: "2017 йилда Ҳаракатлар стратегиясини амалга оширишга алоҳида эътибор "Инсон манфаатлари - ҳамма нарсадан устун" деган тамойил ва "Халқ давлат идорасига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак" деган эзгу ғоянинг, энг аввало, халқ билан тўғридан-тўғри мулоқот ўрнатиш ҳамда фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг реал ҳимоя қилинишини таъминлаш орқали ҳаётга амалий татбиқ этилишига қаратилди".

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 22 декабрь куни парламентга йўллаган тарихий Мурожаатномасида ҳали ўткир муаммолар борлигига бежиз эътибор қаратилмаган эди. Чунки ўтган йил давомида муваффақиятлар қанча кўпаймасин, бартараф этилиши зарур бўлган бир қатор муаммоларнинг мавжудлигидан асло кўз юмиб бўлмайди. Шу боис жорий йилдаги долзарб вазифаларга оид Давлат дастури лойиҳаси ишлаб чиқилди. Лойиҳа 10-20 январь кунлари аҳоли ўртасида кенг ва атрофлича муҳокамадан ўтказилди. Муҳокама чоғида фуқаролардан 4,4 мингта таклиф ва шарҳ келиб тушди. Булардан Давлат дастурини такомиллаштиришда ўринли фойдаланилди, албатта. Энди эса уни бажариш босқичига киришилди. Президент Фармонида бунинг алоҳида ҳуқуқий нормалари кўрсатиб берилди.

Чунончи, Фармонга мувофиқ тадбиркорлик субъектларининг молиявий-хўжалик фаолиятини текшириш бўйича икки йил муддатга мораторий эълон қилинди. Эндиликда Фармон эълон қилинган кундан бошлаб тадбиркорлик субъект­лари назорат қилувчи органларнинг текширувчиларига вақт ва ресурс сарфламасдан ўз фаолиятини хотиржам амалга оширишлари мумкин.

Давлат дастури 5 бўлимдан иборат. Унинг дои­расида 37 қонунни ишлаб чиқиш кўзда тутилган. Шунингдек, 142 та норматив-ҳужжатни қабул қилиш ва турли соҳаларни ўз ичига олган 52 та чора-тадбирларни амалга ошириш мўлжалланган.

Давлат дастурининг биринчи бўлими давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштиришга бағишланган.

Иккинчи бўлими қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишга доир вазифаларни ўз ичига олган.

Учинчи йўналишда иқтисодиётни ривожлантириш ва фаол тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ўз ифодасини топган.

Кейинги бўлими ижтимоий соҳани ривожлантиришга тааллуқли.

Сўнгги - бешинчи бўлими хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, вазмин, ўзаро манфаатли ва амалий ташқи сиёсат юритиш масалаларига қаратилган.

Демак, беш йўналишдаги долзарб вазифалар Давлат дастурида аниқ ва равшан белгилиб берилган.

Жумладан, тўртинчи бўлим ижтимоий соҳага оид режаларга бағишланган бўлиб, улар ичида тиббиёт тармоғига тааллуқли вазифалар қисқа ва лўнда баён этилган. Фармоннинг шарҳида айтилганидай: "Тез тиббий ёрдам тизимини янада такомиллаштириш ва тиббий хизмат сифатини ошириш бўйича ишлар изчил давом эттирилади. Соғлиқни сақлаш ишларига "ақлли тиббиёт" тизими, инновацион технологияларни жорий қилиш кўзда тутилмоқда.

Аҳолини арзон нархлардаги сифатли дори воситалари билан таъминлайдиган 2 мингта ижтимоий дорихона ташкил этиш режалаштирилган".

Ишончимиз комилки, Давлат дастурининг ижроси учун барча раҳбарлардан тортиб, юқори малакали мутахассислару оддий ходимларгача астойдил иш олиб борадилар. Йил бошидаги улуғвор режалар йил сўн­г­ида салмоқли натижаларга айланади.