дейишмоқда тиббиёт олийгоҳларини муваффақиятли тамомлаб,

вилоятимиз даволаш-профилактика муассасаларида иш бошлаган

шифокорларнинг янги авлоди вакиллари

(фото-репортаж)

Янги йилнинг илк кунларида юз нафардан зиёд битирувчилар тантанали равишда кутиб олинганлигидан хабардорсиз. Яқинда ёш шифокорларнинг ҳудудлардаги бугунги фаолияти билан танишдик. Уларнинг бир гуруҳи Мингбулоқ туманидаги даволаш-профилактика муассасаларидаги бўш ўринларни тўлдиришибди. Жумладан, Андижон давлат тиббиёт институтини тамомлаган Файзулла Алибоев туман кўп тармоқли марказий поликлиникасида педиатрлик қилмоқда.

- Поликлиника жамоаси жуда ҳам илиқ кутиб олди. Тажрибали шифокорлар бириктириб қўйилди. Кўп йиллик малакага эга врач-педиатр Ҳусанхон Ҳасанхўжаевнинг маслаҳатларини олиб, олийгоҳдаги назарий билимларни амалиётга татбиқ этишга интиляпман, - дейди Ф. Алибоев.

Тошкент врачлар малакасини ошириш институти клиник ординатурасини барвақт тамомлаган Авазжон Мамарасулов марказий шифохонанинг реа­нимация бўлимида хизматга киришган. Унинг астойдил саъй-ҳаракатлари жамоадошларини мамнун этяпти.

- Чуқур билим ва малакага эга шифокор сафимизга қўшилганидан хурсандмиз, - дейди бўлим мудири Абдураҳмон Қўшоқов. - Бу каби ёшлар тиббиётимизнинг эртаси. Уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашни бурчимиз деб биламиз.

Илгари бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида врачларга эҳтиёж катта бўлган. Эндиликда бу муаммо ҳам аста-секин ўз ечимини топмоқда. Жумладан, Довдуқдаги 7-қишлоқ оилавий поликлиникасида врачлар етишмовчилиги сезилаётганди. Ҳозир Тошкент тиббиёт академия­сини муддатидан олдин тамомлаб келган Қосимжон Эргашев ва Интизор Тангрибердиевалар нафақа ёшидалигига қарамай ишга қайтиб, умумий амалиёт шифокори вазифасини сидқидилдан бажараётган Абдуқодир Абдураҳмонов ҳамда Абдупатто Йўлчибоевлар билан биргалиқда аҳолига малакали тиббий хизмат кўрсатишга муваффақ бўлишмоқда.

- Қишлоқ аҳлининг саломатлигини муҳофаза қилишга астойдил киришдик. Устозларимиз ҳам ўз мададларини аяшмаяпти. Бизга ҳамма шароитларни яратиб беришди. Менга ҳатто уй ҳам ажратишди. Яқинда оила қурсам, турмуш ўртоғим билан шу ерда яшаб, туну кун беморларга хизмат кўрсатаман, - дейди Қосимжон Эргашев.

- Қишлоққа Поп туманидан келин бўлиб тушдим. Шундай замонавий ва кўркам қишлоқ оилавий поликлиникасида ишлаш орзуим эди. Мақсадимга етдим. Энди бурч масъулиятини чуқур англаган ҳолда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашга баҳоли қудрат ўз ҳиссамни қўшяпман, - дейди И. Тангрибердиева.

Тўрақўрғон тумани тиббиёт бирлашмаси тизимидаги муассасаларда беш нафар врач ва мутахассислар ишга қабул қилинган. Айниқса, Андижон давлат тиббиёт институтини битирган Абдулқосим Абдусатторовга катта ишонч билдирилди. Ёш шифокор Яндамадаги 26-қишлоқ оилавий поликлиникаси мудири этиб тайинланган.

- Мен узоқ йиллар халқимиз саломатлигини сақлаш соҳасида хизмат қилдим. Айни пайтда тез тиббий ёрдам шаҳобчасида врач вазифасини бажаряпман, - дейди Раҳимахон Раҳмонова. - Фарзандларим орасида Абдулқосим менинг изимдан боряпти. Олийгоҳни муваффақиятли тугатиб, қўлига врачлик димломини олди. Унга бор тажриба ва малакамни ўргатяпман.

Онаси орзусини ушалтирган Абдулқосимнинг дилида эзгу ниятлари талайгина.

- Ёш бўлишимга қарамай жуда ҳам масъулиятли лавозим зиммамга юкланди. Уни оқлаш учун тинмай изланишим, ишлашим лозим. Одамларни тиббий хизматдан рози қилиш учун елиб югуришим зарурлигини ҳис этиб турибман. ҚОП биноси мукаммал таъмирланяпти. Реконструкциядан чиқарилган бинода ҳамма имкониятлар яратилади. Мақсадим, қишлоқ оилавий поликлиникаси нималарга қодир эканлигини амалда кўрсатиш, - дейди А. Абдусатторов.

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бош мутахассиси Адҳамжон Исмои­ловнинг таъкидлашича, ёш кадрларни 1,5-2 ставкадан иш билан таъминлаш чоралари кўрилган. Уларга энг малакали шифокорлар "Устоз-шогирд" анъанасига мувофиқ бириктириб қў­йилди. Яқин орада олийгоҳларнинг 6-босқич талабалари ҳам йўлланма билан ишга келишади. Бу билан вилоятнинг умумий амалиёт шифокорларига бўлган эҳтиёжи тўла қондирилади.

Ҳар қандай муваффақият негизида халқ ишончи, ишга муносабат, қатъий интизому юксак масъулият ётади. Айниқса тиббиёт соҳасида ушбу мезоннинг аҳамияти ниҳоятда катта. Бугун элимиз хизматига бел боғлаб, фидокорона меҳнати орқали юртдошлар дуосини олиш каби эзгу мақсад сари шошаётган ёшлар нигоҳида ана шу фикрни уқдик.

Абдулла ҒОЗИЕВ.