Ҳаёт тасодифларга тўла. Ким ҳам ўйлабди, Косонсойнинг кўнгилсиз воқеа туфайли бир кунда интернет тармоқлари орқали бутун мамлакатга овоза бўлиб кетишини. Гап туманда юз берган овқатдан оммавий заҳарланиш ҳолати ҳақида бормоқда. Тафсилотлар қуйидагича, яъни 5 февраль куни эрталаб соат 6:00дан бошлаб туман тиббиёт бирлашмасининг юқумли касалликлар бўлимига одамлар бирин-кетин кўнгил айниш, қайт қилиш, бош оғриғи ва умумий ҳолсизлик каби касаллик белгилари билан тиббий ёрдам сўраб мурожаат қила бошлаганлар. Куннинг биринчи ярмидаёқ 36 нафар бемор ўткир гастроэнтрит, токсикоинфекция ташхисига гумон қилиниб шифохонага ётқизилган. Кейинчалик бу миқдор ортиб борган.

- Якшанба куни Марказий деҳқон бозоридан калла-поча гўшти ва хасип сотиб олган эдим. Уни уйга олиб келиб, онам ва синглим билан истеъмол қилдик. Кейинчалик ҳаммамиз ўзимизни ёмон ҳис қила бошладик. "Тез тиббий ёрдам" чақирилган эди, уччовимизни ҳам дарҳол шифохонага олиб келишди. Икки кундан бери даволаняпмиз, - дейди бемор Сергей Ткачёв.

Юзага келган ҳолат ташвишли эди. Тегишли идоралар ва муассасалар томонидан зудлик билан чоралар кўрилди. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги вазиятни қўлга олди. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси тезкор штаби зудлик билан ишга киришди. Косонсой тумани тиббиёт бирлашмаси зарур дори-дармонлар, инфузион эритмалар, бир маротаба ишлатиладиган шприц ва системалар билан таъминланди.

- Дастлабки кунлари беморлар сони кўп эди. Муолажалардан сўнг аҳволи яхшиланганларнинг бир гуруҳини уйларига қайтардик. Ҳозир даволанаётганлар ҳам аста-секин тузалиб боришмоқда. Ҳамма шарт-шароитлар яратилган. Дори-дармон заҳираси етарли. Пойтахтимиздан ва вилоятимиз марказидан келган шифокорлар билан ҳамкорликда иш олиб боряпмиз, - деди марказий шифохона реанимация бўлими мудири Аъзамхон Меҳмонов.

Дарҳақиқат, эпидемик вазиятни жойига чиқиб ўрганиш, беморларга ва маҳаллий шифокорларга амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлигининг масъул ходимлари, жумладан, Республика эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-текшириш институти, Давлат санитария-эпидемиология назорати маркази вакиллари, Андижон давлат тиббиёт институтининг бир гуруҳ етакчи мутахассислари Косонсойга етиб келишди.

- Ташвишланишга ҳожат қолмади. Ҳамкорликда кўрилган чора-тадбирлар самараси ўлароқ вазият барқарорлашмоқда. Бундай ҳолатлар қиш мавсумида учраши сира ҳам кутилмаган. Санитария талабларига риоя этилмасдан тайёрланган маҳсулотларнинг истеъмол қилиниши оқибати бу. Шунинг учун сифатсиз озиқ-овқатларни ҳарид қилмасликни одамларга тушунтириш керакка ўхшайди. Фуқароларнинг соғлом овқатланишнинг муҳимлиги ҳақидаги тушунчасини бойитиш зарур. Қолаверса, тиббий маданият, соғлом турмуш тарзига оид кўникмалар тарғиботини янада кучайтиришни тавсия этамиз, - дейди Республика эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-текшириш институти директори Абдурашид Абдушукуров.

Дарҳақиқат, бўлиб ўтган ҳолат такрорланмаслиги учун бозорлардаги маҳсулотлар сифатини назорат этувчи ташкилотлар мутасаддилари масъулиятни оширишлари даркор. Қолаверса, ҳар бир инсон ўз саломатлиги учун ўзи ҳам жиддийроқ қайғуриши мақсадга мувофиқдир.