- дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг

биринчи ўринбосари Улуғбек Ботиров

Ҳаётимиз ҳузур-ҳаловатли кечиши учун, энг аввало, соғлигимиз мустаҳкам бўлиши керак. Соғлом инсон тўлақонли меҳнат қилиш лаёқатига эга бўлади. Бугуни ва эртасига ишончи ва умиди барқарор туради. Бу эса, мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётини таъминловчи етакчи омилдир. "Эл соғ­лиги - юрт бойлиги" деб бежиз айтилмаган. Инсон соғ­лигини муҳофаза қилишга қаратилган ислоҳотларнинг самараси кўз ўнгимизда тобора ёрқинроқ намоён бўлмоқда. Соҳа ходимларининг "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили"даги ишларининг ўзиёқ дои­мо кенг қамровли ва давомли эканини қуйидаги мулоқотимизда янада аниқ ва равшанроқ билиб оласиз.

- Улуғбек Шуҳратович, якунланган йилимиз тиббиёт тармоғи учун ҳам ғоят ўзгаришларга бой бўлгани шифокорларда ҳам, беморларда ҳам мамнунлик кайфиятини уйғотгани қувончли. Келинг, яхшиси уларни яна бир бор эслаб ўтайлик?

- Дархақиқат, 2017 йил тиббиётчиларимизга беҳад шарофатли келди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев соғлиқни сақлашни ривожлантиришга тааллуқли ўттизга яқин Фармон ва Қарорлар қабул қилди. Яна шуларнинг ижросини таъминлаш учун назоратни кучайтириб юбордилар. Йил давомида шахсан ўзлари бир неча бор видеоселектор йиғилиши ўтказиб, ислоҳотларнинг жойлардаги ҳолатини таҳлил қилиб, мавжуд муаммолар ечимига боғлиқ вазифаларни, йўл-йўриқ ҳамда тавсияларни бериб бордилар. Натижада тизимда хизмат қилувчиларнинг масъулияти тобора ортди. Президентимизнинг талабларига яраша кеча-кундуз астойдил фаолият кўрсатиш зарурияти амалиётга айланиб қолди, десак ҳам янглишмаймиз.

- Биламизки, ҳар бир қарорнинг қабул қилиниши ишнинг бошланишидир. Ке­йинги муҳим босқич унинг ижроси изчиллигида, албатта. Ана ўшанда қарорнинг самараси тобора яққолроқ кўзга ташланаверади.

- Тўғри айтасиз. Шунинг учун тармоқ тараққиётига тааллуқли қандай ҳужжат бўлмасин, унда белгиланган вазифаларни вақтида, сира кечикмасдан тўла-тўкис бажариш қатъий талаб этилади. Ахир шу пайтгача анчагина муаммоларнинг тўпланиб қолгани бизлардан илдам ҳаракатни тақозо қилади. Сусткашликка асло йўл қўйиб бўлмайди.

Якунланган йил наманганлик тиббиётчилар учун ҳам чинакамига беқиёс ўзгаришлар даврига айланди. Даставвал, бирламчи тизимга назар ташласак, кўнглимизга мунавварлик югуради. Чунончи, Президентимизнинг 2017 йил 29 мартдаги "Ўзбекистон Республикасида бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятини ташкил этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига мувофиқ туманларимиздаги қишлоқ врачлик пунктлари мақбуллаштирилди. Яъни вилоятимиз ҳудудида йил бошида 211 та ҚВП ишлаган бўлса, кейинроқ 75 таси қолдирилди. Фаолияти тугатилган 62 таси ўрнида эса 5 турдаги ихтисослашган врачлар хизмат кўрсатадиган қишлоқ оилавий поликлиникалари очилди. 27 тасига поликлиникалар тасарруфидаги тез тиббий ёрдам бригадалари жойлаштирилди. Яна эътиборли янгилик ҚВП ва ҚОПларда "Шифокорлар уйи" қуриб берилди. Бундай уйларда яшовчилар шу ҳудуд халқига кеча-кундуз узлуксиз хизмат кўрсатишга масъул қилиб қўйилганлар.

-Юқоридаги ишлар туманларнинг қишлоқларидаги янгиликлардир. Шаҳарда қандай ўзгаришлар рўёбга чиқарилмоқда?

- Тиббиёт тармоғига ахборот коммуникация технологияларини жадал жорий этиш билан хизмат кўрсатишни жаҳон андозаларига тенглаштириш борасида ўтган йилнинг тўртинчи чорагида дадил қадамлар ташланди. Наманган шаҳридаги 10-оилавий поликлиникада вилоятда биринчи бўлиб янгилик сари қадам ташланди. "Электрон поликлиника" хизмати амалиётга киритилди. Энди бемор уйда ўтириб, компьютер орқали ўзига зарур врачнинг қабулига ёзилади. Уни олдиндан банд қилиб қўяди. Ўзи белгиланган вақтда поликлиникада бўлади. Шифокорга учраб, даво муолажалари олади. Бу ягона мисол эмас. Қисқа вақт ичида шаҳардаги яна 12 та оилавий поликлиника онлайн тизимидаги локал тармоққа уланди. Бу, ғоят ижобий ҳол, замонавий талабларга тўла жавоб берадиган тиббий хизматдир. Поликлиникалар фаолиятини керагича тартибга солади, врачлар қабули самарадорлигини оширади, беморлар учун катта қулайликлар туғдиради.

- Яқин-яқингача аҳолининг эътирозларига кўпроқ сабаб бўладиган соҳа "Тез ёрдам" эди. Эндиликда ранжишлар камайяпти, олқишлар кўпроқ эшитила бошланди ҳам. Шундай ишласа бўларкан-ку.

- Ҳа, албатта. Бундай қувончли ҳолатга ўз-ўзидан эришилаётгани йўқ. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 16 мартдаги "Шошилинч тиббий ёрдамни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони замон талабларига жавоб бера олмай қолган бу соҳада қатор ижобий ўзгаришлар ясалишига олиб келди. Фармонга мувофиқ вилоятимизга давлат томонидан 79 та "Дамас" АМБ санитар машинаси ажратилди. Улар Наманган шаҳри ҳамда барча туман тиббиёт бирлашмаларига тарқатилди. Бундан ташқари яна 24 та ана шундай машина маҳаллий бюджет ҳисобидан олиб берилди. Йил сўнггида жанубий Кореядан келтирилган 10 та "Хундай" реанимобиллар тиббий ёрдам шифокорлари ихтиёрига топширилди. Реанимобилларда шошилинч тиббий муолажаларни ўтказиш учун зарур қулайлик ва имкониятларнинг му­ҳайё­лиги ўз вақтида биринчи ёрдам самарадорлигини оширяпти. Бугун бемалол айта оламизки, тез ёрдам кўрсатувчиларимиз ўзларининг номларига яраша ишлаш шароитига тўла эга бўлмоқдалар. Яъни машиналар доимо шайлиги туфайли врачу ўрта тиббиёт ходимларимиз чақирилган манзилга кечикмасдан етиб боришяпти. Энг муҳими, бригаданинг дори-дармон қутилари бой. Республика Соғлиқни сақлаш вазирлигининг белгилаган меъёрларига кўра махсус бригадаларнинг ҳар бирини 41 турдаги, йўналишдаги бригадаларнинг ҳар бирини 36 турдаги дори-дармонлар билан таъминлашда тўкисликка эришилмоқда. Бу шу йўналишга сарфланган маблағ 2016 йилдагига нисбатан 2017 йилда икки бараварга кўпайтирилганининг қувончли шарофатидир.

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган вилоят филиалида маълумотларни узатишнинг ягона тармоғи бирлаштирилди. Натижада вилоятимизнинг барча ҳудуди бўйича чақириқларни қабул қилиш ва қайта ишлаш билан шуғулланувчи, мувофиқлаштирувчи диспетчерлик хизмати такомиллаштирилди. Марказдаги санитар автотранспортлар GPS навигаторлар билан жиҳозланди. Диспетчерлик пунктидаги мониторда чақириқда юрганлар доимий назоратда турадилар. Назорат бор жойда, тартиб, сифат ва самара бўлиши табиий, албатта.

- Шошилинч тиббий ёрдам тизими фаолиятини такомиллаштириш бўйича ўтган йилнинг март ойида Президент Фармони чиқарилган бўлса, 2018 йилнинг 25 январида эса яна Қарор ҳам эълон қилинди. Бугун амалга оширилаётган ишлар ҳали етарли эмаслигидан деб тушуниш мумкинми?

- Албатта, юқорида айтилган янгилик ва муваффақиятларга қарамай тез тиббий ёрдам кўрсатиш самарадорлиги юқори даражага кўтарилганича йўқ. Аниқроғи, ҳануз замонавий талабларга жавоб бера олмайди. Сайёр бригадаларнинг бир марта қўлланиладиган тиббий буюмлар ва тиббий жиҳозлар билан таъминланишини қониқарли деб бўлмайди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Шошилинч тиббий ёрдам тизимини жадал такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида мазкур тизимни ривожлантиришнинг энг муҳим йўналишлари, тез тиббий ёрдам хизмат фаолияти сифати ва натижадорлигини ошириш, шошилинч тиббий ёрдам соҳасида илмий тадқиқотлар доирасини кенгайтириш, шунингдек, халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш чора-тадбирлари белгилаб берилган.

- Яна бирламчи тизим ишига қайтсак, унинг назорати кучайтирилиши ва изчиллаштирилиши билан бирга муассасаларнинг раҳбарлари ҳисобини эшитиш қандай боряпти?

- ҚОП ва ҚВП мудирлари ҳар 15 кунда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида ҳисобот бериши белгиланган. Бу кичик жамоаларнинг раҳбарлари зиммасига катта масъулият юкланганлиги учун жорий этилган тартиб. Халққа хизмат кўрсатиш борасида халқнинг ризолигига эришиш ғоят муҳим. Ким ҳалол ва фаол ишласа, обрў-эътибор ҳам, рағбат ва мукофот ҳам ўшаники.

Ҳозирда бирламчи тизимда эрталаб соат 8 дан кеч соат 20 гача - роса 12 соат давомида шифокорларимиз беморлар қабули учун ҳозиру нозирлар. Шунингдек, жойларга ихтисослаштирилган муассасаларидан мутахассислар ҳам вақти-вақти билан юборилиб турилибди. Аҳолининг бирламчи тиббий-санитария ёрдами шахобчаларига қатнаши кўрсаткичи ошган, профилактик тиббий кўрикларда касалликларни эрта даврида аниқлаш ишлари яхшиланган.

Аҳоли билан учрашувларда тиббиётдаги янгиланишлар баробарида яратилган кулайликлардан уларнинг мамнунликларини эшитиш, биз раҳбарлар учун жуда мароқли.

- Янги-2018 йилнинг вазифалари нималардан иборат?

- Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида таъкидланганидай: "Инсон саломатлигини муҳофаза қилиш борасида сўнгги вақтда олиб бораётган ишларимизга қарамасдан, афсуски, жойларда кўплаб муаммолар ҳамон сақланиб қолмоқда. Ана шуларни ҳисобга олиб, ҳудудлар аҳолиси учун қулай бўлган, сифатли ва замонавий тиббий ёрдам кўрсатиш, касалликларни барвақт аниқлаш бўйича бошлаган ишларимизни изчил давом эттиряпмиз".

Йилнинг дастлабки ойиданоқ аҳолини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиш бошланди. Мазкур тадбирни талаблар даражасида ташкиллаш доимий диққат марказимизда туради. Айни маҳалда тиббиёт фани ютуқларидан самарали фойдаланиш изчил йўлга қўйилади. Қишлоқ врачлик пунктларида, шаҳар ва қишлоқлардаги оилавий поликлиникаларда касалликларни кечикмасдан аниқлаб, даволаш билангина кифояланиб қолинмайди. Турли хасталикларнинг олдини олиш учун профилактика ишлари тобора кучайтирилади. Бу борада патронаж хизматини тобора яхшилашга алоҳида аҳамият қаратилаверади.