- дейди моҳир нейрохирург Юсуфжон Раҳимов

Ҳамюртимиз салкам эллик ёшда. Чорак асрлик хизмат стажига эга. Ҳатто хорижда икки бор ишлаб келган. Бугун эса кўнгли шукроналарга тўла. Тинч юртда, серривож Ватанда фаровон ҳаёт кечириб, халқини даволаётганидан ғоят мамнун. Буни унинг саволларимизга жавобларидан билиб олиш мумкин.

- Юсуфжон, Сиз хорижга малака оширгани, дунёга таниқли мутахассислардан сабоқ олгани борганмисиз?

- Йўқ. Аслида шундай сафарга чиқиш жуда-жуда фойдали бўлар эди ўзимиз учун ҳам, халқимиз учун ҳам. Ёшликка хос қизиқувчанлик ва интилувчанлик мени саккиз йил аввал хорижга ундади. Бунгача ўн етти йил ҳамюртларимизни даволаганман. Янаям аниқроқ айтганда, 1994 йили Андижон давлат тиббиёт институтида ўқишни тамомлаб, "Гўзал" даҳасидаги вилоят шифохонасида бир йил интернатурани ўтаганман. Кейин эса шу ерда ишимни давом эттирганман. Устозим Ўрмонжон Ашуров раҳнамолигида нейрожарроҳликни ўзлаштирганман. У кишининг тажрибалари ва фойдали ўгитларидан баҳраманд бўлганман. Биринчи жарроҳлик скапелини қўлимга тутқазган устозимдан бир умрга миннатдорман.

Шифохона ўрнида янги ташкилланган Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиалининг нейрохирургия бўлимида ўн йил фаолият юритганман. 2010 йилда эса турли хорижий мамлакатларда ишлашга таклифлар қулоғимга чалингач, кўнглимда араб халқини даволаш истаги туғилди. Апрель ойида Яман Республикасига жўнадим. У ерда хусусий шифохонага врачликка қабул қилишди. Очиғи, бу мамлакатда тиббиётчи кадрлар камлиги, айниқса юқори малакалиларнинг етишмаслиги учун четдан мутахассис ёллашга мажбур бўлишаётган экан. Шартнома бўйича дастлаб роса уч йил нейрохирурглик қилдим. 2013 йили қайтдим. Кейин бир ярим йил мана шу вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази режали нейрохирургия бўлимида хизмат қилдим. 2014 йил сентябридан яна Яманда бўлдим. Иккинчи сафарим қисқа кечди. Сабаби, дунёнинг ҳеч қаери ўзимизнинг Ўзбекистонимизга ўхшамайди, ўхшатолмайсиз ҳам.

- Бу, Сиз билан бизнинг халқимизда Ватан туйғусининг кучлилигидан, албатта!

- Тўғри топдингиз, лекин Ўзбекистонимиз барибир жаҳонда ягона-ю, бетакрор диёр. Буни кўпроқ ундан йироқ кетганлар, сафарларда юрганлар янада чуқур ҳис этишади аслида. Юрт соғинчи, туғишган эл меҳри тезроқ қайтишга талпинтираверарди. Мен Ямандаги ҳокимият талашишларни, нотинчликларни кўриб, тинчликнинг қадрини барча бойликлардан устун туйдим. Эртанги кунга яхши умидлар билан тунги ором учун ёстиққа бош қўйиш, сокин тонгда кўтаринки кайфият ила ўрнидан туриш инсон учун биринчи даражали бахтдир. Минг шукрки Ўзбекистонимиз халқининг тинчлиги кафолатли, ҳаёти ҳамиша ҳаловатли. Асло-асло кўз тегмасин! Аллоҳим ёмонларнинг назаридан асрасин!

- Тиббиёт соҳасидаги ислоҳотлар 2017 йилда чинакамига жадаллашди ва изчиллашди. Халқимизнинг манфаатларига муносиб равишда сифатли ва самарали диагностика ҳамда даволаш тизими такомиллаштириляпти. Шифокорларнинг фаолияти тобора беморларга манзур бўлишини таъминлаш чора-тадбирлари кўриляпти. Ислоҳот ислоҳот учун эмас, инсонлар учун, уларнинг бахт-саодати учун хизмат қилишига эришиляпти. Қаерда ижобий ўзгаришлар натижадорлиги юқорилаётган бўлса, ўша жойдаги врачларнинг билим-малакаси, тажриба-маҳорати етарлилигидан далолат эмасми?!

- Худди шундай. Энди шунчаки ишлайдиган, ўзининг роҳат-фароғатини деб ўзгаларга малол келадиган хатти-ҳаракатлар қилинадиган пайтлар ўтди. Ҳалоллик ва фаоллик азал-азалдан инсонга обрў-эътибор, меҳр-ихлос келтирган. Бугунги талаблару тартиблар эса, айниқса, бизнинг тармоқда таъмагирликдан, беморлар қўлига қараб муомала қилишдан воз кечмаганларни сафдан чиқариб қўйишини тақозо этиб бормоқда. Хоҳ давлат муассасаси, хоҳ хусусий сектор бўлсин, ноқонуний ҳаракатга йўл йўқ. Ким чуқур билимли, тиббий аппаратларни ишлатишга моҳир, жарроҳлик амалиётида юқори малакали бўлса, қадр-қиммати ортади, атрофидан давоталаблар аримайди, ихлосмандларининг меҳр-муҳаббатига сазоворланади.

- Шубҳасиз, ҳақ гапни айтдингиз. Менинг сиз билан мулоқотимни мухтасар қилишимга сабаб бўлим эшиги олдида сизнинг қабулингизни кутиб турганларнинг бирпасда кўпайиб кетганлиги ҳамдир. Англашимча, бу эндиликда ёш нейрохирургларнинг устозига, тиббий билиму амалиётда ҳамкасбларингизнинг пеш­қадамига айланиб улгурганингиз   боисидан бўлса керак.

- Билмадим, балки шундайдир. Лекин кичик жамоамиз бугунга келиб катта ишларни уддалашга қодирлигини кўрсата бошлади. Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан тиббиёт тармоғидаги муаммоларнинг ижобий ечимига дахлдор масалаларга доимий эътибор қаратилаётгани, шахсан у кишининг ташаббуси ва ташкилотчиликлари билан изчил ўзгаришлар амалга оширилаётгани туфайли янгидан-янги ислоҳотларнинг қувончли шарофатидан бебаҳра қолаётган тиббий соҳанинг ўзи топилмайди. Чунончи, нейрохирургиянинг ривожи пойтахтдан вилоятга қараб келмоқда. Илгари беморларимизни Намангандан Тошкентга юборар эдик. Ҳозир эса республиканинг етук мутахассисларининг вилоятга ташрифлари анъанага айланиб қолди. Жумладан, Республика нейрохирургия илмий-амалий тиббиёт маркази директори, тиббиёт фанлари доктори, профессор Ғайрат Қориев, у кишининг сафдошлари, тиббиёт фанлари номзоди Жалолиддин Бобоев, Марсел Бурнашевларнинг ҳар галги келишлари "Маҳорат дарслари", кўргазмали амалиётлар билан ғоят самарали кечмоқда. Биргина 2018 йилнинг январида меҳмон ҳамкасбларимиз билан биргаликда икки беморда бош миядаги ўсимтани олиб ташладик, энг мураккаб операцияни ғоят муваффақиятли ўтказдик.

- Ҳўш, қачон ана шундай нозик жарроҳлик амалиётини ўзларинг мустақил равишда амалга ошира бошлайсизлар?

- Ҳозиргача мияга қон қуйилиши билан ётқизилган беморларни операциясини ўзимиз қилардик. Яқиндан бери бўйин умурт­қа диск чуррасини олиб ташлашни ўзлаштирдик. Бўйин умуртқалари шикасти асоратларини бартараф эта бошладик. Яъни "ТПФС" метал-конструкциясини ўрната оляпмиз. Бўлим мудиримиз Абдужалил Нурматов, ҳамкасб шогирдларимиз Музаффар Абдувоҳидов ва Обидхон Исмоиловлар дои­мо ўрганиш ва изланиш билан янгиликларни дадил жорий этишга астойдил киришганмиз.

- Тиббиётда пойтахтдаги юксак нуфузли муассасалардагидек ютуқларни энг замонавий аппарату асбоб-ускуналарсиз сира қўлга киритиш мумкин эмас. Бу муаммоли масала бўлимда ҳал этилганми?

- Менимча, ҳозир талаблар даражасида ҳал этишнинг фурсати етди. Махсус микрос­коп ва "ЭОП" рентген аппарати келтириш масаласи маъмурият олдига қўйилган. Яқин орада талабимиз қондирилса, ажаб эмас. Ўшанда бизлар ҳам пойтахтдаги устозларимиз эришган натижаларга эришамиз. Ҳатто нейрохирургия хизматини жаҳон андозалари даражасига кўтариш имконияти туғилади.

- Айтганингиз келсин! Ҳеч қачон эл соғлигини сақлашдек эзгу ҳаракатдан ҳорманглар!

Суҳбатдош  Содиқ САЙҲУН.