Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси мажлислар залида вилоят тери-таносил касалликлари диспансери мутахассислари, шаҳар, туман тиббиёт бирлашмалари дерматолог, уролог, акушер-гинеколог врачлари иштирокида "Репродуктив саломатлик ва венерик касалликлар" мавзусида кўргазмали семинар ташкилланди.
Анжуманни вилоят тери-таносил касалликлари диспансери бош шифокори Яҳёжон Айтуғдиев бошқарди.
Дастлаб Республика ихтисослаштирилган дерматология-венерология ва косметология илмий-амалий тиббиёт маркази бош дермавенерологи, тиббиёт фанлари доктори, профессор Алишер Абидовнинг "Ўзбекистонда заҳм касаллиги ҳолати ва унинг олдини олиш чора-тадбирлари" мавзуидаги маърузаси тингланди. Маърузачи кўргазмали воситалар орқали касалликларнинг келиб чиқиш сабаблари, турлари, даволаш-профилактика ишлари бўйича сўзлаб, вилоятдаги текширув, ўрганиш жараёнларида Косонсой туман тиббиёт бирлашмасига қарашли шифохоналардаги ҳолатнинг қониқарсиз эканини алоҳида тилга олди.
Мутахассисларнинг аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш ва муҳофазалаш ишларига юксак масъулият билан ёндошишлари зарурлигини уқтирди.
Шундан сўнг марказ мутахассислари Зуҳра Абидова, Холида Рашидхўжаевалар ҳам мавзу бўйича маърузалари билан чиқишди.
Тадбирда ВССБ бошлиғининг оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича ўринбосари Лайлохон Аҳмедова иштирок этди.
Рустамали МАМАДАЛИЕВ.