Наманган шаҳридаги 5-оилавий поликлиника

умумий амалиёт шифокори Раҳима Абдусаматова билан суҳбат

- Раҳима опа, маълумки, совуқ кунларда кўпчилик грипп эпидемиясидан азият чекишини яхши биламиз. Унинг келиб чиқиши ва белгилари тўғрисида маълумот берсангиз.

- Грипп ўткир юқумли вирусли касаллик бўлиб, аҳоли ўртасида тез ва осон тарқалади. Касаллик манбаи бемор ҳисобланиб, у асосан ҳаво-томчи йўли орқали юқади. Бемор нафас олганда, акса урганда, йўталганда миллионлаб вирусларни ҳавога ажратади. Умумий транспорт воситалари ва бошқа жамоат жойларида юқиш хавфи юқори.

Беморлар албатта ётишлари лозим. Ўзбилармонлик билан ҳар-хил дориларни истеъмол қилиш касалликнинг узайишига омил бўлади. Беморга шифокор маслаҳатисиз антибиотик бериш мумкин эмас. Чунки антибиотик вирусга таъсир қилмайди. Шифокор кўргунига қадар унга кўпроқ суюқлик (кўк чой, лимонли ва малинали чой, наъматак дамламаси) ичириш лозим. Тана ҳарорати кўтарилса, парацетамол ёки антигриппин таблеткасини бериш ҳам мақсадга мувофиқдир

Шунингдек, беморнинг овқатланиш рационида ёғсиз гўшт ва гўштли қайнатма шўрва, сабзавотли, мевали ва дуккакли маҳсулотлардан тайёрланган ёрмалар, ҳар хил витаминларга бой салатлар (саримсоқ ва пиёздан кўпроқ фойдаланилган ҳолда), сут маҳсулотларидан қатиқ, творог, ёғсиз сметаналар бўлса, вируслар тезроқ бартараф қилинишига ёрдамлашади.

- Касаллик бошқа оила аъзоларга юқмаслиги учун нималарга эътибор бериш лозим?

- Бунинг учун бемор ҳамда оиланинг бошқа аъзолари дока ниқоб тақиши керак. Ниқобни ҳар тўрт соатда алмаштириб туриш лозим. Хонани тез-тез шамоллатиш, исириқ тутатиш, эрталаб ва кечқурун бурун ва томоқни 2 фоизли чой содаси билан чайиб, бурун ичига оксалин маз суриш ҳам фойдалидир.

Гриппнинг олдини олишда муассасалар, ўқув юртлари, корхоналар, мактаблар, боғчалар, аҳолининг яшаш жойларида барча хоналарнинг иссиқлик ҳарорати 17-18 даражадан паст бўлмаслиги аҳамиятлидир. Эпидемия даврида асосий эътиборни касалланиш хавфи кўпроқ бўлган аҳоли гуруҳларини муҳофазалашга қаратиш лозим. Бу гуруҳга тиббиёт, транспорт, мактаб, боғча, савдо, умумий овқатланиш шаҳобчалари киради. Касалликнинг олдини олишда дока ниқобчалардан фойдаланиш зарур. Бу ҳолатда ниқоблар 98 фоиз патоген микробларни ўзида ушлаб қолади. Хоналар 0,5 фоизли хлорамин ёки хлорли оҳак эритмаси билан кунига 2-3 мартадан ювилса, хлор буғланиб ҳаводаги грипп ва ЎРВИ вирусларини ўлдиради.

Шунингдек, уй шароитида исириқ тутуни ҳам бактериоцид ва вирулоцид таъсир кўрсатиб, хона хавосини зарарсизлантиради. Хоналарни тез-тез шамоллатиш билан микроорганизмлар 85-90 фоизга камайтирилишига эришилади.

Суҳбатдош Манзура ЭРГАШЕВА.