ёхуд маҳаллаларда хонадонма-хонадон тиббий хизмат кўрсатиб халқни
хурсанд қилаётган шифокорлар
Ҳамшира Тожихон Ҳамдамова одатига кўра эрталабдан "Мингчинор" маҳалласига ошиқди. Бугун "Анорзор" кўчасидаги 9-хонадондан иш бошлаши керак. Дарвоза ёнидаги уй қўнғироғи тугмачасига аста бармоғини босди. Ичкаридан аёл кишининг "ҳозир" деган овози эшитилди. Зум ўтмай остонада Робияхон ая пайдо бўлди.
- Яна ўзингизми, келаверинг, ўргилай дўхтир қизим, - деди юзларига табассум югуриб. - Яхшиям сиз борсиз-а, бўлмасам қийнала-сиқтала поликлиникангизга чиқишим керак эди.
- Нега аяжон, бирор жойингиз оғрияптими?
- Ҳа, бошим гоҳ-гоҳ чайқаляпти, яна қон босимим кўтарилибди-ёв.
- Ҳечқиси йўқ, ҳозир кўриб қўйсам, кўнглингиз тинчийди-қолади.
- Хўп қизим, қандай яхши-я, тағин узоғимни яқин қиладиган бўлдингиз-да.
- Бу бизнинг хизмат бурчимиз, аяжон, энди сизлар доимий назоратимизда юрасизлар.
Улар рўпарадаги уйлар томон ўтишаркан, Тожихон йўл-йўлакай мўъжаз ҳовлига назар ташлади. Ҳамма ёқ саранжом-саришта, тонгдаёқ супуриб-сидирилган саҳн топ-тоза. Ташқаридаги ҳолатнинг ўзиёқ ҳамширанинг кўнглини равшанлатиб юборди. Уйга кирибоқ, ҳарорат меъёрида эканини сезди. Деразалар токчасидаги қатор тувакдаги гуллар ойнадан тушаётган ёруғликдан баҳра олиб, барқ уриб ётгани ҳамширанинг ҳам баҳри дилини очиб юборди.
- Робия ая, ҳафсалангизга қойил-е, - деди етмишларни қоралаган уй соҳибасига мамнун кайфиятда.
- Мендан кўраям келиним эпли, айтганимни қилади. Гул ўстиришгаям уқувли, покизаликка жуда эътиборли. Аввал тайинлаганингиздай барчамиз соғлигимиз учун ўзимиз қайғурмасак бўлмайди. Сизларнинг маслаҳату йўл-йўриқларингизни қулоққа олсак, талабларингизга риоя қилсак, аслида кимга фойда? Ўзимизга-да.
- Яшаворинг, аяжон!
- Вой, гап билан овора бўлиб, кўрпача солишниям унутаёзибман-а.
- Манаву диванингизга ўтирақолайлик.
- Майлику-я, сиз ҳам меҳмонсиз, дивангаям кўрпача тўшамасам кўнглим тинчирмиди, қизим.
Уй соҳибаси ҳамширанинг ҳурматини ўрнига қўйгач, икковлари ёнчилашиб, юзма-юз ўтирволишди.
- Қани, энди қон босимингизни ўлчаб кўрайчи? - У чаққонлик билан сумкасидаги танометрини олди, аянинг билагига танғиди. Кўрсаткичга диққат билан зеҳн соларкан, дарров бир хулосага келди.
- Босимингиз ошишга ошибдию, аммо қўрқинчли эмас. "Раунатин" ичиб турсангиз, гиёҳ дамламаларни ҳам тўхтатмаганингиз маъқул. Бугун-эрта меъёрига тушиб қолади. Яна ўзим хабар олиб тураман.
Шу пайт нариги хонадан Мадинахон чиқиб келди. Қўлида ўғилчаси Абдулазиз безовта турарди.
- Кеча эмлашга олиб борганингизда истимаси баландроқлиги учун қайтаришган экан, бугун аҳволи яхшими, сингилжон? - деди Тожихон бир ёшли боланинг ранги-рўйига боқиб, дарди борлигини пайқаб. Сўнг ҳароратини қайта ўлчади. Иссиқлиги 38 даражани кўрсатди.
- Робияхон ая, набирангизнинг қонини тезда текширтириб кўриш керак. Бесабаб истималамайди. Вақтни ўтказманглар.
- Мадинахон, қизим, дўхтир абангизнинг айтганини қилинг, лабораторияга олиб бора қолинг.
Патронаж ҳамшира ўрнидан қўзғалмоқчи бўлаётган эди ҳамки, уй бекаси яна бир зумга тўхтатди, дуога қўл очди:
- Илоҳим, бизга шундай шароиту имкониятларни яратиб қўяётган Президентимизнинг умрлари узун, мартабалари ҳамиша баланд бўлсин! Сизлардек саломатлигимиз ғамхўрларининг ишларига Аллоҳим янаям ривож бераверсин!..
Юқоридагига ўхшаш ҳаётий лавҳалар эндиликда оммавийлик касб этаётгани беинкор ҳақиқат десак асло янглишмаймиз. Биз ҳикоя қилаётган Намангандаги 13-Оила поликлиникаси 26.000 дан зиёд аҳолини тиббий хизмат билан қамраб олган. 5584 та хонадон улар тасарруфида.
- Хизмат кўрсатаётган кўламимиз кенг, 6 та маҳалладаги 129 та кўча ҳамда 59 та кўп қаватли уйда истиқомат қилувчиларнинг соғлиги муҳофазасига масъулмиз, - дейди катта патронаж ҳамшира Ибодат Усмонова. - Топширилган зарур вазифаларни имкон қадар тўла уддалаш ҳаракатидамиз. 24 нафар ҳамшира ҳар куни ўзига бириктирилган кўча ва хонадонларда икки смена иш олиб боришяпти. Яъни, эрталабки соат 8 дан 11 гача биринчи гуруҳ, 11 дан 14 гача иккинчи гуруҳ ҳовлима-ҳовли, "домма-дом" юрибди. Кейин кунма-кун бизга ҳисобот топшираётирлар. Тожихон Ҳамдамовадек ўз вазифасига виждонан ёндашадиган ишчан ҳамшираларимизнинг кўплиги жамоамизга ихлосу раҳматлар келтираяпти. Қумрихон Қозоқова, Шаҳноза Сиддиқова, Муқаддам Йўлдошева, Гулчеҳра Алихоноваларнинг хизматларидан каттаю кичик мамнунлик изҳорлашяпти.
Бу гапларда асло муболаға йўқлигига поликлиника мудири Зокирхон Рустамовнинг ҳузурида бўлганимизда у кишининг столи устида тахланиб турган бир даста миннатдорчилигу ташаккурномаларга кўз югуртириб, иқрорлигимиз янада ортди:
"Маҳалламиз аҳолисини тиббий кўрикдан ўтказиш ва уйма-уй кириб, патронаж хизмати кўрсатишдаги фаолликлари учун чин дилдан ташаккур билдирамиз!" деб ёзибди "Маънавият" маҳалла фуқаролар йиғини раиси Ф.Нажмиддинов.
"Мен бир неч йилдан буён шу поликлиника жамоасининг назоратида тураман. Ҳамшираю врачларнинг ҳар галги ташрифи кўнглимни тоғдек кўтариб юборади, дардимни енгилаштириб кетади. Бундан ташқари турли ихтисослашган мутахассис врачларни таклиф қилишиб, чуқурлаштирилган тиббий кўрикни амалга оширишаётганини айтмайсизми, мингдан-минг раҳмат уларга!" деб таъкидлабди 2-гуруҳ ногирони Шоҳида Нурмирзаева.
Биз поликлиника бош ҳамшираси Рокияхон Мирзааҳмедова хонасига кирганимизда у "Тиббиёт ходимининг хонадонга ташрифи дафтари" талабларини ходимларига яна бир бор тушунтираётган экан.
- Ҳозиргача "Гулистон", "Беруний", "Маънавият", "Машраб", "Мингчинор" маҳаллаларидаги 3525 та хонадонга шундай дафтар тарқатилди, - дея изоҳлади бош ҳамшира. - Унда ташриф куни, аниқланган муаммо ва мулоқотда бўлган оила аъзолари қайд этиб бориляпти. Бу дафтарнинг ҳамма хонадонларда юритилиши шифокорларимизнинг оилалар билан алоқаси мунтазам равишда яқинлашаётганининг ифодасига айланиши уларнинг хизмат масъулиятини ҳамиша кучайтираверади.
Поликникада наинки ҳамширалар, айни чоғда врачлар ҳам патронаж хизмати самарадорлигини таъминлаш учун астойдил жон куйдиришяпти. Биз врач Назокат Абдуллаевани "Мингчинор" маҳалласидаги меҳнат фахрийси Раиса Полякованинг хонадонига йўл олаётганда учратган бўлсак, шунингдек Хадича Ғаниева ва Саида Юсуповалар ҳақида беморлардан мамнуният ҳисларига тўла эътирофларни эшитиш ҳам ғоят мароқли туюлди.
-Президентимизнинг тиббиёт тармоғи ривожига доимий эътиборлари бизларни тобора яхшироқ фаолият кўрсатишга руҳлантиргани руҳлантирган, - дейди оила поликлиникаси мудири Зокирхон Рустамов. - бугун турли ихтисосликдаги мутахассислар билан ҳамкорликсиз тўлақонли натижага эришиш қийин. Айниқса, 1-шаҳар шифохонаси туғруқ комплекси, шаҳар силга қарши кураш диспансери, асаб-руҳий хасталиклар шифохонаси врачларининг тиббий кўрикдаги кўмакларидан самарали фойдаланяпмиз. Мақсадимиз ягона - эл соғлиғини мустаҳкамлаш билан юртимиздаги ислоҳотларнинг натижадорлигига кеча-кундуз фаол ҳисса қўшишдир.
Манзура АБДУЛЛАЕВА.