Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг тиббиёт тизими тараққиётига доимий эътибор қаратаётгани боис соҳа ходимларининг иш жараёнини тобора фаоллаштиришга кенг имкониятлар яратилмоқда. Айниқса, бирламчи тиббий-санитария ёрдами тизими изчил такомиллаштирилаётир.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 13 сентябрдаги "Бирламчи тиббий - санитария ёрдами муассасаларида тиббий хизматлар сифатини яхшилашга, ўтказилаётган профилактика тадбирларининг самарадорлиги учун масъулиятни оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги 718-сонли қарори бу борада асосий дастуриламал ролини ўйнаяпти. Мазкур қарор ижросини таъминлаш бўйича Республика Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 535-сонли буйруғи ҳозирда барча қуйи бўғинларда тўлақонли бажарилиши учун зарур тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Тўрақўрғон туман тиббиёт бирлашмаси томонидан вилоятда биринчи бўлиб "Патронаж ҳамшираман-халқимга жонкуярман" шиори остида кўрик-танлов уюштирилди.

Тумандаги "Ширинлик" маданият саройининг саҳнасини 12 нафар патронаж ҳамширалари банд этишган бўлса, томошабинлар ўрнини уларнинг юзлаб ҳамкасблари эгаллашди. Тадбирдан мақсад илғорларнинг тажрибаларини кўрсатиб, оммалаштириш ва уларга ҳудди кўргазмали "Маҳорат мактаби" сабоғини беришдан иборат бўлди, десак асло янглишмаймиз. Чунки қишлоқ врачлик пунктлари ҳамда қишлоқ оилавий полик­линикалари ходимлари ўзларининг кунлик иш фаолиятларидан муҳим ҳаётий лавҳаларни саҳнада намойиш этишди.

Ҳакамлар ҳайъати аъзолари уларни талабчанлик билан баҳолар экан, патронаж ҳамширалар хизматининг бир неча йўналишлари бўйича халққа муомаласи, тиббий билими, малака - маҳорати жиҳатларига алоҳида диққат-эътибор беришди. Шунинг­дек, ҳамкасб томошабинларнинг олқиш-қарсаклари даражасини ҳам назардан қочиришмади. Энг муҳими, ҳамшираларнинг аҳолини мақсадли патронаж ва профилактик кўриклар билан қамраб олиш Низоми талабларини имкон қадар тўкис бажаришаётгани яққол кўзга ташланди.

Ниҳоят ҳаяжонли дамларга етиб келинди. Ҳакамлар беш балли баҳолаш тизимини қўллашиб, давра қатнашчиларининг эришган якуний натижаларини чиқаришди. Кўп балл тўплаб, энг юқори кўрсаткичга эришган Шаҳанддаги 29-қишлоқ оилавий поликлиникаси ҳамшираси Соҳиба Ҳусанова бир ёшгача болалар патронажи билан шуғулланиш бўйича 1- ўринга лойиқ топилди. Унга кўрик-танловнинг вилоят босқичида иштирок этиш ҳуқуқи берилди.

- Патронаж ҳамшираларимиз эндиликда аҳоли ичида юриб, ҳар бир хонадонга кириб, оиладагиларнинг аҳволи билан танишиш, соғлигини назорат қилиш, тиббий кўрик ўтказиш, зарур бўлса, участка врачига йўллаб, даволатиш юмушларини ўз вақтида уддалашга астойдил интил­яптилар, - дейди ТТБ бош ҳамшираси Равшаной Ражабова. - Бугун худди шуни саҳнада галма-гал яққол гавдалантириб беришди. Айниқса, "Соҳил­обод", "Ибрат" қишлоқ врачлик пунктлари патронаж ҳамширалари Муяссар Турсунова, Ҳақиқат Абдуваҳобоваларнинг ишлари намунали эканини кўпчилик ҳамкасблари кўриб ўрганишди.

Бу кўрик-танловни кузатиб, шунга иқрорландикки, кўп тармоқли марказий поликлиника ҳамшираси Дилрабо Низомиддинова ҳамширалар назорати, 26-Яндама ҚОП ҳамшираси Ўғилхон Шерматова хонадондаги ижтимоий ҳолат, 27-Файзиобод ҚОП ҳамшираси Шоҳида Ота­бое­ва ёш оилалар, 30-Қатағон Сарой ҚОП ҳамшираси Дилшода Маликова ёлғиз қариялар ва ногиронлар, 28-Бураматут ҚОП ҳамшираси Ёқутхон Зокирова сурункали касалликлари патронажи бўйича етарли малака эгалари эканлигини ҳис қилдик. Гул­қишлоқ, Шоҳидон, Олчин ва Хўжанд ҚВП патронаж ҳамширалари Зилола Абдураҳимова, Феруза Ҳизирова, Самида Юсупова ва Дилфуза Бозороваларнинг маҳоратлари ҳам чакки эмаслиги уларнинг бемор ва оила аъзолари билан муносабат- мулоқотларида аниқ аёнлашиб турди.

Кўрик-танлов патронаж хизматидаги ҳамширалар иши сифати ва самарадорлигини оширишда ходимларнинг масъулияти ва фаоллигини янада кучайтириб юборди, десак асло муболаға эмас.

Содиқ САЙҲУН.