Вилоятимизнинг барча жойларида бўлгани каби Наманган туманида ҳам патронаж ойлиги юқори савияда ташкилланмоқда. Тиббиёт бирлашмасига қарашли "Боғишамол" қишлоқ врачлик пунктида бўлганимизда саломатлик посбонларининг ойлик доирасидаги фаолияти билан яқиндан танишдик. Ҳудуддаги 8 минг нафардан зиёд аҳолининг саломатлиги 3 нафар олий тоифали умумамалиёт шифокори ҳамда 12 нафар ўрта тиббиёт ходими зиммасида.
Қўлларида тиббий асбоб-анжомлари, дори-дармонлари билан маҳаллаларга, йўл олишган Донохон Абдуллаева, Ҳуснида Каримова, Муножот Нуриддинова, Нигора Аблярова, Зуҳра Абдусаломова, Зулхумор Отабоеваларнинг ҳар бирлари кунига 7-8 тадан хонадонларда бўлиш ҳаракатида эканлар. Улар хасталик аниқланганларга зарур маслаҳатлар беришиб, врач қабулига зудлик билан учрашишни тавсия этишмоқда.
- Биз ҚВПда беморларни қабул қилиб ўтириш билангина чекланиб қолмаяпмиз, - дейди мудира, олий тоифали УАШ шифокори Марҳабо Охунова. - Қабулимиздаги барча беморларнинг кўруви тугаганидан сўнг, патронаж ҳамшираларимиз аниқлаб келган, хасталикка чалинган беморларнинг хонадонларига боряпмиз. Уларнинг соғлиғини назоратдан ўтказиб, дори-дармонга рецептлар ёзиб беряпмиз. Зарурият туғилганида даволаш-профилактика муассасаларига жўнатяпмиз.
Масалан, ҳамшира Муҳаррам Ҳотамова Маданият кўчасидаги 40 дан ортиқ хонадонларга кириб, тиббий кўрик ўтказганида Муҳайё Қўчқорова хонадонидаги Наима Боязованинг нафас йўллари қаттиқ шамоллаганини аниқлагач, тезда бундан мени хабардор этди. Гўдакни обдон текшириб, ўз вақтида вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказига юбордик.
- Шу кунгача ҳудуддаги аҳоли орасида юқумли касалликлар қайд этилмади, - дейди патронаж ҳамшираси Муҳаррамхон. - Маданият кўчасида яшовчи Назира Қамбаровада гипертония, Муҳаббат Усувалиевада варикоз хасталиги аниқланиб, улар шифокор назоратига олинди. Зарурий муолажалардан баҳраманд бўлишди.
- Қишлоқ врачлик пунктининг врачларию ҳамшираларидан мамнунмиз, - дейди биз билан суҳбатда Замира Саматова. - Уларнинг ўзлари хонадонларимизга ташриф буюришади. Ҳамиша соғлик - энг катта бойлик эканлигини, бир жойимиз безовта қилса, тезда УАШ шифокоримиз ёки патронаж ҳамшираларимизга хабар беришимиз зарурлигини уқтиришади. Ҳудудимизда уларнинг ташриф қоғозлари кириб бормаган хонадон йўқ ҳисоби.
Манзура ЭРГАШЕВА.