Чуст туман тиббиёт бирлашмаси вакили Шаҳноза Қурбонова билан Каркидон қишлоғидаги 45-оилавий поликлиникага кириб борганимизда эрталабки йиғин устидан чиқдик. Муассаса катта ҳамшираси Бинафша Неъматуллаева патронаж ҳамшираларга бугунги вазифаларини тушунтираётган экан. У йиғилишни якунлагач, "Лайлак уя" ва "Кўктош" МФЙлари патронаж ҳамширалари Муҳайё Турғунова билан Шоҳида Қорабоеваларни бизга таништирди. Улар билан бирга хонадонларга йўл олдик.
Дастлаб ёш оила Илҳомжон Жўраевнинг уйига кирдик. Унинг умр йўлдоши Гулноза Мадраҳимовага маҳалла фаоли Гулчеҳра Ҳайитова ҳовлининг ободончилигига эътибор қаратишини уқтирди. Патронаж ҳамшираси Муҳайё эса хонадон бекасининг қон босимини ўлчади. Соғлиги яхшилигини айтиб, кўнглини кўтарди.
Қўшни ҳовлидаги Ҳаётхон Раҳмонованинг бир ёшли қизи Орастани соғлигини текшириб, вазнини махсус тарозида ўлчади. Уларга зарур тавсиялар бериб ўтилди. Маҳалланинг Қайнар булоқ кўчасида яшовчи Ўғилча она Бурҳонованинг ёши тўқсон тўртда. Онахон саломатлик посбони ташрифидан севиниб дуога қўл очдилар.
- Бу қизимнинг момосини яхши танийман. Дўхтир қизим тез-тез уйимизга кириб, соғлигимдан хабар олиб туради, раҳмат сизларга! - дея миннатдорчилик билдирдилар.
Мазкур қишлоқ врачлик пункти қайта таъмирдан сўнг оилавий поликлиникага айлантирилган. Керакли тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган. Кириш йўлагидан тортиб ички дорихона, рўйхатхона, УАШ, доя, эмлаш, муолажа хоналари, кундузги шифохона, фитобар, стоматология, жарроҳлик, қўйинки, барча шароитлару, имкониятлар салкам 15 минг аҳоли саломатлигини муҳофаза этишга йўналтирилган. "Тез тиббий ёрдам" шахобчаси ҳам ҚОПнинг шундоққина ёнбошида жойлашган.
Бугун маҳалла аҳли муассасанинг патронаж ҳамширалари Шоҳида Қорабоева, Зулхумор Қурбоновалардан чексиз хурсанд бўлишмоқда.
Рустамали МАМАДАЛИЕВ.