Инсон яшар экан, унинг меҳнатга лаёқати соғлом юрсагина барқарор бўлади. Касалликларга чалинганида кечикмасдан даволаниш чора-тадбирларини кўрмаса, у сурункали ҳолатга ўтиб кетади. Охир оқибат ногиронликка олиб боради. Яна иш жараёнида хавфсизлик қоидаларига риоя этмай, эҳтиётсизлик қилганлар, тасодифий фалокатларга учраганлар ҳам шикастланиб, вақтинча ёки бир умрга меҳнатга яроқсиз ҳолатга тушиб қолишлари мумкин. Ана ўшандай вақтларда шифокорларнинг кетма-кет даволашларидан сўнг бундай шахсларнинг ҳаёт фаолиятлари қай даражада чекланганлигини, ишлашга яраш-ярамаслигини тиббий меҳнат экспертиза комиссиялари мутахассислари кўриб чиқадилар. Бу, ғоят масъулиятли вазифа, албатта. Адолат тамо­йиллари асосида хулосага келишда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган Низом бизлар учун асосий қўлланма ҳисобланади.

Комиссиямиз Наманган ва Тўрақўрғон туманлари аҳолисига хизмат қилади. Эндиликда 5000 нафардан зиёд ногиронларни ҳисобга олганмиз. Уларнинг уч гуруҳга мансублиги соғлиқлари ҳолати даражасининг ифодаси, десак асло янглишмаймиз.

Истиқлолли юртимизда йилдан-йилга аҳолининг ижтимоий ҳимоясига эътибор кучайтирилаётгани айни муддао бўлмоқда. Халқимизни хурсанд қиладиган ислоҳотлар тобора тезлаштириляпти. Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлагандек: "Ижтимоий адолат тамойилини таъминлаш, кўмак ва ёрдамга муҳтож инсонлар, ногиронлиги бўлган шахсларнинг тўлақонли ҳаёт кечиришлари учун муносиб шароитлар яратиб бериш масаласига давлатимиз ва жамиятимиз томонидан устувор аҳамият қаратилди". Бунинг самараларини ҳамиша кўриб-билиб турибмиз. Энг муҳими, бизлар ушбу йўналишдаги вазифаларнинг тўкис бажарилишига масъул мутахассислар сифатидаги фаолиятимизни тобора фаоллаштиряпмиз.

Жамоамиз фақат хоналарда ўтириб, иш юритиш билангина кифояланмайди. Ҳафтанинг ҳар сешанбаси бемор-ногиронларни йўқлаш кунига айлантирилган. Бунинг учун зарур шароиту имкониятларга эгамиз. Комиссия аъзолари давлат томонидан тасарруфимизга берилган "Дамас" автомашинасига ўтириб, шифохоналарда ҳамда уйларида ётган инсонларнинг ҳолларидан хабар олгани бориб, ўша жойнинг ўзида тиббий кўрик ўтказиб, уларнинг ногиронлик гуруҳларини белгилаб қайтамиз.

Ҳисобимиздаги ногиронларнинг турмуш тарзини яхшилаш ва енгиллаштириш асосий вазифаларимиздан биридир. Якунланган "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили"да мазкур масалага эътиборни янада кучайтирдик. Йил давомида 58 та аравача, 3 та эшитиш мосламаси, 17 та қўлтиқтаёқ-ҳасса, 14 та қўл-оёқ протезлари, 17 та ортопедик пойафзал ногиронларга давлат томонидан бепул тарқатилди.

Комиссиямиз ногиронларни соғ­ломлаштириш бўйича изчил иш ташкил этмоқда. Тошкентдаги миллий реаблитация маркази ҳамда Намангандаги ҳудудий реаблитация маркази билан доимий ҳамкормиз. Ногиронларимизни шу икки муассасага йўллаб, даволатиб бор­япмиз. Натижада уларнинг саломатликлари сезиларли яхшиланяпти, аҳволлари енгиллашаётганидан мамнунлик изҳорлашмоқда.

Фаолиятимизда ногирон болаларни қўллаб-қувватлаш ҳам муҳим ўрин тутади. Фарғонада махсус имконияти чекланган болалар касб-ҳунар коллежи бўлиб, у ерда ҳисобчи, компьютерчи, тикувчи, телера­дио­техника устаси тайёрлаш йўлга қўйилган. Ногирон болаларни қоби­лиятлари ва лаёқатларига қараб шу коллежга юборяпмиз. Улар касб-ҳунарни эгаллашгач, бемалол ишлаб кетиш кўникмасига эга бўлишяпти.

Эндиликда 3-гуруҳ берилган ногиронларнинг бандликка кўмаклашиш марказлари орқали ишга жойлаштириш чора-тадбирлари кўрилмоқда. Давлат корхона ва муассасаларида 3 фоиз ишчи ўрни ногиронларга квота асосида берилиши кераклиги тўғрисидаги ҳукуматнинг тегишли ҳужжати бу борада жуда қўл келяпти

Маълумки, 2017 йилнинг 1 августида Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ногиронларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармо­йиши эълон қилинди. Унга мувофиқ ногиронларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, тиббий ижтимоий ёрдам бериш тизимини янада такомиллаштириш, ногиронларнинг ҳаёт сифатини яхшилаш, таълим олиш ва ишга жойлашишда уларга ҳар томонлама кўмаклашиш бўйича комиссия ташкил этилди. Республика Соғлиқни сақлаш вазирлиги топшириғи билан ҳар икки тумандаги қишлоқ врачлик пунктлари ва қишлоқ оилавий поликлиникаларига, маҳаллаларга бориб, инвентаризация ўтказдик. Кимга қандай шароитлар яратилгану, нималарга эҳтиёжи борлиги жойларнинг ўзида ўрганилди. Мавжуд ҳолат ҳақида зарур маълумотлар тўпланди. Комиссия шулар асосида керакли таклифларга эга бўлди.

Кенг жамоатчилик вакилларининг билдирган фикр-мулоҳазалари асосида "Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Президент Фармони қабул қилинди. Фармонда бу соҳадаги қўшимча имтиёз ва имкониятлар аниқ белгилаб қўйилди.

Ҳозирда хизматимиздан халқнинг ризолигига эришиш ғоят катта аҳамиятга эга. Комиссиямиз бундан буён ҳам доимо адолатли хулоса чиқариш билан ҳеч қандай эътирозларга йўл қўймаслик учун юксак масъулият ҳиссини ўз фаолиятида устувор мезон, деб билаверади.

Икромжон ИСМОИЛОВ,

50-Тўрақўрғон туманлараро ТМЭК раиси.