Наманган шаҳридаги хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежининг фаоллар залида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш вилоят кенгаши, вилоят халқ таълими бошқармаси, вилоят мактабгача таълим бошқармаси, вилоят ўрта-махсус касб-ҳунар таълими бошқармаси раҳбар, мутахассислари иштирокида "Аҳолини мақсадли патронаж билан қамраб олиш, уларда тиббий маданиятни шакллантириш ҳамда оила ва таълим муассасаларида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш тўғрисида"ги қўшма қарор ижросига бағишланган кўргазмали семинар ўтказилди.
Тадбирни Наманган шаҳар ҳокимининг ўринбосари Абдулҳоди Иминов бошқарди.
Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Солижон Мўминов сўзга чиқиб, халққа патронаж хизмати кўрсатиш самарадорлигини ошириш учун биргаликдаги фаолиятни янада такомиллаштириш борасидаги долзарб вазифаларни йиғилганларга тушунтирди.
Шунингдек, Жамият саломатлиги ва соғлиқни сақлашни ташкил этиш илмий-тадқиқот институти вилоят бўлинмаси бўлим мудири Лолахон Улуғбоеванинг слайд орқали оилада соғлом турмуш тарзини шакллантиришнинг муҳим омиллари, "Саломатлик мактаблари" ҳақидаги маърузаси ҳам тингланди.
Рустамали МАМАДАЛИЕВ.