Биз педагоглар болаларни боғча ёшидан ёки мактаб давридаёқ соғлом фикр­ловчи комил инсонлар бўлиб вояга етишларида таълим билан бирга тарбия ҳамда саломатликка доир тадбирлар ўтказишга эътиборни кучайтиряпмиз.

Жумладан мактабимизнинг 8 "А" ва 8 "Б" синф ўқувчилари ўртасида "Соғ­лом танда - соғ ақл" деб номланган тадбиримиз маҳалла фуқаролар йиғини билан ҳамкорликда ўтказилгани учун янада таъсирчан ва самарали кечди.

Унда "Беруний" ва "Ибн Сино" жамоалари бешта шарт бўйича ўзаро беллашдилар. Буюк алломалар ҳаёти ҳақидаги маълумотлар берилди. "Дард борки шифо бор" шартида ўқувчилар турли хас­таликларни даволаш ҳақидаги саволларга жавоб қайтаришди. Учинчи шарт талабига кўра шифобахш мева-сабзавотлар таркибидаги витаминлар ва уларнинг хусусиятлари тўғрисида фикр юритдилар.

Тўртинчи амалиёт шартида эса беморга биринчи тиббий ёрдам намо­йиш этилганида тадбир иштирокчиларини барча олқишлади. Эркин мавзу чоғида ўқувчилар шифохоналарда юз берадиган айрим салбий ҳолатларни саҳна кўриниши ор­қали танқид остига олдилар. Беллашувда ҳар икки гуруҳнинг билими ва иқтидори тенг келди.

Мактаб директори ўринбосари Ш. Исмоилов тадбирга ўқувчиларни тайёрлаган биология фани ўқитувчиси Нодира Норматовага мактаб маъмурияти, ота-оналар номидан миннатдорчилик билдирди.

Тадбиримиз болаларнинг саломатликка оид билимларини мустаҳкамлаб, ҳаётда ҳамиша фаол бўлиш иштиёқини янада кучайтириб юборди.

Дилдора ЖЎРАЕВА,

Наманган шаҳридаги 41-мактаб ўқитувчиси.