Наманган тиббиётида замонавий ахборот-коммуникацион технологияларни қўллашга устувор аҳамият қаратилмоқда. Республикада биринчилардан бўлиб оилавий поликлиникаларда "Электрон поликлиника" тизими жорий этилган эди. Куни кеча шаҳар марказий шифохонасида "MedData AAT" ахборот тизими ишга туширилди.

Изланиш, янги ғоя ва инновацияларни дадиллик билан амалиётга тадбиқ этиш давр талаби. Бугунги кунда бу борада фаоллик кўрсатмаган муассаса тараққиётдан ортда қолиши сир эмас. Шу боис вилоятимиз шифокорлари ҳам замон билан ҳамнафас қадам ташлашяпти. "MedData AAT" автоматлаштирилган ахборот тизимининг вужудга келиши уларнинг янги технологиялардан фойдаланиш орқали тиббий хизмат даражасини янги босқичга кўтариш борасида эришган ютуқларидан биридир.

Дарҳақиқат, янгилик аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматни янада такомиллаштириш имкониятлари бис­ёр эканлигидан далолат беради. Амалга оширилган лойиҳа боис шифохона барча бўлимлари иш жараёни локал тармоқ орқали ягона тизимга бирлашади. Қабулхона, лаборатория диагностикаси ва текширувлар, даволаш жараёнлари олиб борилаётган барча бўлимларнинг фаолиятига оид маълумотлар тармоқда тўлиқ ифодасини топади. Шуниси аҳамиятлики, беморнинг касаллиги, унинг даволаниши ва муолажалар электрон хотирага муҳрланади. Натижада касаллик тарихига оид ҳужжатларни архивдан излашга ҳожат ҳам қолмайди.

Янгиликнинг афзал жиҳатлари жуда кўп. Уни Наманган вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси тизимидаги даволаш-профилактика муассасаларида изчил қўллашни ташкил этиш мақсадида шаҳар тиббиёт бирлашмасида "MedData AAT" воситасида шифохона бемори электрон тиббий баённомасини юритиш усуллари" мавзуида амалий семинар уюштирилди. Тадбирга барча туманлар тиббиёт бирлашмалари бошлиқлари, вилоятдаги ихтисослаштирилган даволаш-профилактика муассасалари раҳбарлари, ахборот-коммуникация тизимлари ишини юритувчи мутахассислар таклиф этилди.

Семинарни шаҳар тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Абдували Мавлонов очди ва олиб борди. У кириш сўзида Президентимиз ташаббуси билан жорий йилга "Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технология­ларни қўллаб-қувватлаш йили" дея ном берилганлигида чуқур маъно борлигини айтиб, мамлакатимиз тараққиётининг ҳозирги босқичида соҳада янги техника ва технологияларни қўллаш ғоят муҳим вазифа эканлигини таъкидлади.

- "MedData AAT" тизимининг фойдаланишга топширилиши эса бу йўналишдаги амалий ишлардан биридир. Лойиҳада кўзда тутилганидек, шаҳар марказий шифохонаси барча бўлимлари локал тармоқ орқали бир-бири билан узвий боғланди. Бундан беморнинг ўзи ҳам хабардор бўлади. Яъни, даволанувчи лабораторияга текширув учун қон топширган бўлса, таҳлил натижалари бемор ётқизилган бўлимдаги компьютерда кўринади. Бундан ташқари шифокорнинг қайсидир беморда даволаш-диагностика стандартларига мувофиқ олиб бораётган амалиётини бўлим мудирлари назорат қилиб туради. Янгиликнинг яна бир муҳим жиҳати шундан иборатки, энди кўп вароқли касаллик тарихларини тўлдириш шарт эмас, маълумотлар электрон база хотирасида акс этади, - деди нотиқ.

Семинарда "MedData AAT" дастурини ишлаб чиққан BePro компанияси вакили Ҳусанбой Усманов вилоят ҳудудидаги шифохоналарда тадбиқ қилинаётган янгиликнинг аҳамияти ҳамда Наманган шаҳар тиббиёт бирлашмасида амалиётга жорий этилган дастурнинг таркибий-функционал тузилиши ва моҳияти ҳақида тушунча берди.

-  Замонавий ва илғор ишланма жуда ҳам муҳим аҳамиятга эга. Автоматлашган-ахборот тизимида тиббиётга оид билимлар базаси йиғилган. Биринчидан, унга халқаро касалликлар таснифи даражасида маълумотлар базаси киритилган. Иккинчидан, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ишлаб чиққан даволаш-диагностика стандартлари ҳам тизимга сингдирилган. Учинчидан, шифокорларимиз зарур бўлган стандартларни мана шу тизимдан олиб, бемалол даволаш ишларини олиб боришлари мумкин. Яъни, врачларимиз даволаш жараёнларини мазкур стандартлар асосида текшириб кўриш имкониятига эгалар. Тўртинчидан, касалхона қабулхонасида беморлар электрон баённомасининг очилиши фуқаролар оқимини тезлаштиради. Шу билан бирга шифохонада даволаниб чиққан фуқароларга саноқли дақиқаларда "Касаллик тарихи"дан кўчирма берилади. Ваҳоланки, илгари бу каби талабларни қондириш учун узоқ муддат кутишга тўғри келар эди.

Кўргазмали семинар қатнашчиларига шифохона қабулхонасида беморларнинг шахсий маълумотларини "MedData AAT"га киритиш ва электрон тиббий баённомани рўйхатга олиш, беморларда ўтказилган тегишли таҳлил ва текширувлар натижаларини тизимга юбориш, шифокорлар томонидан электрон тиббий баённомаларнинг юритилиши амалий тарзда кўрсатилди.

-  Анжумандан бой таассуротлар олдик. Бу каби замонавий ва такомиллашган технологияларни жорий этиш муҳимлигини ҳис этдик. Яқин орада "MedData AAT" автоматлашган ахборот тизимини туманимизда ҳам қўллашни мўлжалламоқдамиз, - дейди Поп тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Рустамжон Раҳматуллаев.

Наманган вилоятидаги ўнта тиббиёт муассасида автоматлашган ахборот тизимини жорий этиш устида фаол иш олиб борилмоқда. Лойиҳанинг дастлабки босқичи эса Наманган шаҳар тиббиёт бирлашмасида муваффақиятли амалга оширилди. Соғлиқни сақлаш соҳасини қамраб олаётган замонавий технологиялар юрт­дошларимизга кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини оширишда муҳим омил бўлиши шубҳасиз.

Абдулла ҒОЗИЕВ.