Мамлакатимизда тиббиёт тизимини ислоҳ қилиш, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини халқаро андозалар даражасига етказиш, кадрлар салоҳиятини ошириш, тиббиёт муассасалари моддий-техник базасини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Вилоятимиз тиббиёт муассасаларида жаҳоннинг етакчи клиникалари профессорлари, шифокорлари иштирокида "Маҳорат дарслари" ўтказилмоқда.

Яқинда вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида ташкил этилган бу галги "Маҳорат дарси" россиялик мутахассислар иштирокида бўлиб ўтди. Санкт-Петербург шаҳридаги болалар ортопедия институти профессори Сергей Виссарионов тиббиётнинг мазкур йўналишидаги долзарб масалалар, даволашнинг замонавий усуллари, уларни амалиётда қўллаш бўйича назарий ва амалий тажрибалари билан ўртоқлашди. Болалар травматология ва ортопедияси соҳасининг истиқболига оид маърузалар тингланди. Кун давомида беморлар тиббий кўрикдан ўтказилиб, муолажа қилинди. Жарроҳлик амалиёти бажарилди.

-  Ўзбек ҳамкасбларимиз билан ҳамкорлигимиз янада мустаҳкамланишига шубҳа йўқ. Келгусида тиббиёт соҳасидаги ўзаро муносабатларимизни янги босқичга кўтариш ниятидамиз,- дейди россиялик профессор.

Хорижлик етакчи олимнинг ташрифи маҳаллий шифокорларга билимларини бойитиш ва тажриба алмашиш имконини берди. Бу мамлакатимизда аҳоли саломатлигини янада мустаҳкамлаш, касалликларга тўғри ташхис қўйиш, энг мураккаб жарроҳлик амалиёти ва муолажаларини амалга ошириш борасида маҳоратларини оширишга хизмат қилади.

Иқболхон ҚИРҒИЗБОЕВА.