Республикамизнинг нуфузли тиббиёт марказлари вакиллари вилоятимизга келиб, маҳаллий ҳамкасблари билим ва касбий маҳоратларини оширишга яқиндан ёрдам беришмоқда. Жумладан, Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази ходимларининг Намангандаги фаолияти айниқса самарали кечмоқда.
Илмий-амалий марказ олим-шифокорларининг вилоятимиз онкологлари билан ҳамкорлиги доираси тобора кенгайиб бормоқда. Азалдан қарор топган муносабатларни жорий йилда янада кучайтириш мақсадида бир неча йўналишлар бўйича фаолиятни йўлга қўйиш кўзда тутилган. Ўтган ҳафтада бу борада амалий ишга киришилди. РИОРИАТМ болалар бўлими мудири, тиббиёт фанлари номзоди Тожиддин Мустафоев ва онкоофтальмология бўлими илмий раҳбари, тиббиёт фанлари номзоди Зиёвиддин Исломовлар вилоятимизга ташриф буюришди. Пойтахтлик таниқли шифокорлар дастлаб вилоят онкология диспансерида беморларни қабул қилишди. Оғир хасталикни бошидан кечираётган беморларда жарроҳлик амалиётларини ўтказишди. Бу жараёнлар маҳаллий шифокорларга "Маҳорат дарси" сифатида кўрсатилди. Шу билан бирга диспансер жамоаси ҳузурида онкологиянинг долзарб муаммолари юзасидан илмий маърузалар билан чиқишди.
Куннинг иккинчи ярмида меҳмонлар вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси мажлислар залида ташкилланган анжуманда иштирок этишди. Тадбирга вилоятимиздаги шифохоналар, туманлар кўп тармоқли марказий поликлиникалари, оилавий поликлиникалар ва қишлоқ врачлик пунктларида хизмат қилаётган мутахассислар таклиф қилинди. Семинарни вилоят онкология диспансери бош шифокори, тиббиёт фанлари номзоди Шуҳрат Ҳотамов кириш сўзи билан очди.
Дастлаб Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази болалар бўлими мудири Тожиддин Мустафоев "Ўзбекистонда болалар онкология хизматининг ҳолати ва уни ривожлантириш истиқболлари" мавзуида маъруза ўқиди. Нотиқнинг таъкидлашича, республикамизда онкология хизматини, айниқса болаларга кўрсатилаётган хизматни такомиллаштириш борасида изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бироқ фаолиятга бугунги кун талаблари билан баҳо берилганда ҳали ечимини кутаётган муаммолар кўплигини инкор этиб бўлмайди. Касалликни барвақт аниқлаш ва самарали даволашга эришиш учун барча бўғиндаги тиббиёт муассасалари жамоалари ҳамжиҳатликда иш олиб боришлари зарур.
Доктор Зиёвиддин Исломовнинг маърузаси эса кўрув аъзолари касалликлари, текширувлари, даволаш усуллари, эрта аниқлаш ва олдини олиш чора-тадбирларига бағишланди. Тажрибали мутахассис онкоофтальмологиянинг долзарб муаммоларига эътиборни қаратди. Уларни бартараф этиш ва тиббий хизмат даражасини ошириш учун яна нималар қилиниши лозимлигини амалий тажрибаси мисолида изоҳлаб берди.
- Ўсма касалликлари ортиб бораётганлиги, уларнинг айрим турлари болаларда ҳам кўпроқ учраётганлиги ташвишлидир, - дейди тиббиёт фанлари номзоди Т.Мустафоев. - Шунинг учун тиббиётнинг қуйи тизимида иш олиб бораётган шифокорларнинг диққат-эътиборини шу ғоят ўткир масалага қаратяпмиз. Уларнинг онкоҳушёрлигини ошириш, билим ва кўникмаларини бойитиш мақсадида мана шундай анжуманлар ташкил этилмоқда. Умид қиламизки, бу саъй-ҳаракатларимиз тез орада ўз самарасини беради.
Таниқли олимлар кейинги кунлари Мингбулоқ туманига йўл олишди. Улар мазкур ҳудудда онкологик хасталиклар нима сабабдан нисбатан кўпроқ қайд этилаётганлиги билан қизиқишди. Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида бўлиб, фуқароларни тиббий кўрикдан ўтказишди. Беморларни дарддан халос қилиш юзасидан тавсиялар ва маслаҳатлар беришди.
Абдулла ҒОЗИЕВ.