Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарори

 Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 1 апрелдаги "Соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-2863-сонли қарорига мувофиқ, соғлиқни сақлашнинг хусусий секторини янада ривожлантириш бў­йича хусусий тиббиёт ташкилотларининг фаолияти учун қулай шарт-шароитлар яратиш, улар фаолиятини тартибга солиш ва лицензиялаш тизимини такомиллаштириш, кўрсатилаётган хизматлар ҳажми ва турларини оширишни рағбатлантиришга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилди.

Ўтган давр мобайнида соғлиқни сақлашнинг хусусий сектори томонидан кўрсатилаётган тиббий хизматлар турлари 50 тадан 126 тага кўпайди. Стоматология ва косметология ташкилотларидан ташқари хусусий тиббиёт ташкилотлари 2022 йилнинг 1 январигача барча турдаги солиқлар ва мажбурий ажратмалар, шунингдек, олиб келинадиган янги тиббиёт асбоб-ускуналар, бутловчи буюмлар, уларнинг эҳтиёт қисмлари ва зарур материаллар учун божхона тўловларини тўлашдан озод этилди.

Қишлоқ жойларда тиббий хизматлар кўрсатиш соҳасида янги ташкил этиладиган микрофирмалар ва кичик корхоналар давлат рўйхатига олинган кундан бошлаб 10 йил муддатга ягона солиқ тўловини тўлашдан озод этилиши қишлоқ ва олис туманларда хусусий тиббиётни жадал ривожлантириш имконини берди.

Натижада хусусий тиббиёт муассасаларининг сони 440 тага кўпайиб, уларнинг умумий сони 4 мингга етди.

Шу билан бирга, давлат тиббиёт муассасаларининг айрим функцияларини соғлиқни сақлашнинг хусусий секторига ўтказиш, мазкур соҳада давлат-хусусий шерикчилигини ривожлантириш, шунингдек, республикада ва чет элда тиббий кадрларнинг малакасини ошириш, тиббиёт ташкилотларини аккредитациялаш тизимини жорий этиш масалалари долзарблигича қолмоқда.

Соғлиқни сақлашнинг хусусий секторини ривожлантиришни янада рағбатлантириш, кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш учун шарт-шароитларни яхшилаш, шунингдек, кўрсатилаётган тиббий хизматлар ҳажмларини янада кенгайтириш, хусусий тиббиёт соҳасига инвестицияларни жалб қилиш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Шодмонов) ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги (Қўчқоров)нинг давлат тиббиёт ташкилотлари функцияларини давлат-хусусий шерикчилиги асосида тадбиркорлик субъектларига ўтказиш юзасидан чора-тадбирларни босқичма-босқич амалга ошириш:

ёрдамчи бўлинмалар (озиқ-овқат блоклари, кир ювиш хоналари ва бошқалар) фаолиятини таъминлаш;

рўйхати Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан аниқланадиган айрим тиббий хизматларни кўрсатиш юзасидан таклифлари маъ­қуллансин.

2. 2018-2019 йилларда ҳудудларда хусусий тиббиёт ташкилотларини ташкил этиш ва фаолиятини кенгайтириш бўйича параметрлар иловага мувофиқ тасдиқлансин.

3. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари:

бир ҳафталик муддатда 2018-2019 йилларда хусусий тиббиёт ташкилотларини ташкил этиш ва фаолиятини кенгайтириш бўйича лойиҳаларнинг манзилли рўйхати (кейинги ўринларда манзилли рўйхат деб аталади) ва унинг "йўл харитаси"ни мазкур қарор иловасига мувофиқ тасдиқласин.

Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри Давлат қўмитаси билан биргаликда манзилли рўйхат лойиҳалари ташаббускорларига улар белгиланган тартибда зарур ҳужжатларни тақдим этганда қурилишни амалга ошириш учун ер майдонлари ажратсин;

Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси билан биргаликда, истисно тариқасида, манзилли рўйхат лойиҳалари ташаббускорларига давлат мулкидаги фойдаланилмасдан турган объектларни "ноль" харид қийматида сотсин.

4. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва "AKFA MEDLINE" масъулияти чекланган жамиятининг:

Тошкент шаҳрида Корея Республикаси етакчи олий тиббий таълим муассасаларидан бирининг фаолиятини ташкил этиш;

Корея Республикасининг тиббиёт марказлари ва олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда "AKFA MEDLINE" МЧЖ хусусий клиникаси негизида хусусий тиббиёт муассасаларини ривожлантириш ва маҳаллий тиббиёт кадрлари малакасини ошириш Марказини ташкил этиш;

Корея Республикасининг илғор клиникалари ва тиббиёт марказларининг диагностика, даволаш, сервис ва менежмент масалалари бўйича тиббий хизмат кўрсатиш бўйича тажрибасини ўрганиш ва мамлакатимиз тиббиётига жорий этиш учун улар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш;

"AKFA MEDLINE" масъулияти чекланган жамиятининг ҳудудий филиалларини ташкил этиш бўйича таклифлари маъқуллансин.

5. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Юсупалиев) Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (Набиев) ҳамда "AKFA MEDLINE" МЧЖ (Нигманов) билан биргаликда бир ой муддатда мазкур қарорнинг 4-бандида назарда тутилган таклифларни амалга ошириш бўйича дастур лойиҳасини (Йўл харитасини) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун киритсин.

6. 2018 йил 1 январдан бошлаб, мулкчилик шаклидан қатъи назар, тиббиёт ташкилотларида ишловчи шифокор-пенсионерларга пенсия тўлиқ миқдорда тўланиши белгилансин.

7. "Асака" акциядорлик-тижорат банки (Муллажонов) Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Юсупалиев) билан биргаликда бир ой муддатда "Асака" акциядорлик-тижорат банки қошидаги нодавлат тиббиёт муассасаларини ривожлантириш жамғармаси маблағларининг қуйидаги харажатлар нисбатини назарда тутадиган фойдаланиш тартибини тасдиқласин:

беш фоиз - юқори малакали хорижий мутахассисларни жалб қилиш ва хусусий тиббиёт ташкилотлари шифокорларини хорижий мамлакатларга малака ошириш учун юборишга;

тўқсон беш фоиз - хусусий тиббиёт ташкилотларини замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозлашга.

8. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда республиканинг ҳар бир ҳудуди учун 1 миллион АҚШ доллари миқдорида ресурслар ҳажмини назарда тутган ҳолда, "Асака" акциядорлик-тижорат банки қошидаги нодавлат тиббиёт муассасаларини ривожлантириш жамғармасининг 14 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағларини шакллантириш манбаларини аниқласин.

9. Ўзбекистон Республикаси тижорат банкларига янги ташкил этилаётган ва фаолиятини кенгайтираётган хусусий тиббиёт ташкилотларини, шу жумладан, манзилли рўйхатда назарда тутилган хусусий тиббиёт ташкилотларини қўллаб-қувватлаш мақсадида улар замонавий тиббиёт асбоб-ускуналарини сотиб олиши, шунинг­дек, мутахассисларининг малакасини ошириш ва хориждан юқори малакали мутахассисларни жалб этишни ташкил этиши учун белгиланган тартибда имтиёзли кредитлар бериш тавсия этилсин.

10. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Юсупалиев):

а) икки ой муддатда:

хусусий тиббиёт ташкилотлари мутахассисларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш учун хорижга юбориш, шунингдек, хориждан юқори малакали мутахассисларни жалб қилиш тартибини;

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги (Ҳайдаров) билан биргаликда давлат тиббиёт ташкилотлари томонидан кўрсатиладиган хизмат турларини тадбиркорлик субъектларига бериш тартибини;

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (Набиев) билан биргаликда етакчи хусусий тиббиёт ташкилотлари инфратузилмасини шарт­нома асосида тиббий касб-ҳунар коллежлари ва олий таълим муассасалари талабалари, малакасини ошираётган амалиётчи шифокорлар учун ўқув база сифатида фойдаланиш тартибини тасдиқласин ҳамда 2018-2019 ўқув йилидан бошлаб жорий этсин;

б) манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда уч ой муддатда:

тиббиёт ташкилотлари фаолиятининг шаффофлигини таъминлаш ҳамда кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини ошириш мақсадида тиббиёт ташкилотларини аккредитациядан ўтказиш тизимини босқичма-босқич жорий этиш концепциясини;

ҳуқуқий тартибга солиш механизмларини, тегишли инфратузилмага эга бўлган замонавий тиббиёт мажмуаларини барпо этишни, мижозларнинг мамлакатда бўлиш даврида уларга ташкилий-маслаҳат кўмагини кўрсатган ҳолда мамлакатга кириш ва чиқишнинг соддалаштирилган тартибини назарда тутувчи тиббий туризмни ривожлантириш концепциясини;

хусусий тиббиёт ташкилотлари ахборот тизимларини "Соғлиқни сақлаш" ахборот тизимлари комплексига ва кейинчалик Ягона интерактив давлат хизматлари порталига интеграциялаш бўйича таклифларни ишлаб чиқсин ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин;

в) манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда уч ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

11. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Р.Касимов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Қ.Акмалов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти          Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри,

2017 йил 29 декабрь

 

* * *

Ўзбекистон Республикаси Президентининг

"Хусусий тиббиёт ташкилотларини янада ривожлантириш бўйича қўшимча шарт-шароитларни яратиш

тўғрисида"ги қарорига

ШАРҲ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Хусусий тиббиёт ташкилотларини янада ривожлантириш бўйича қўшимча шарт-шароитларни яратиш тўғрисида"ги қарори соғлиқни сақлашнинг хусусий секторини ривожлантиришни ҳар томонлама давлат томонидан қўллаб-қувватлаган ҳолда янада рағбатлантириш, кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш учун шарт-шароитларни яхшилаш, кўрсатилаётган тиббий ёрдам ҳажмларини кенгайтириш, хусусий тиббиёт соҳасига хорижий инвестицияларни янада жалб қилиш мақсадида қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 1 апрелдаги "Соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-2863-сонли қарорига мувофиқ, соғлиқни сақлаш тизими хусусий секторини янада ривожлантириш бўйича хусусий тиббиёт ташкилотларининг фаолияти учун қулай шарт-шароитлар яратиш, улар фаолиятини тартибга солиш ва лицензиялаш тизимини такомиллаштириш, соғлиқни сақлашнинг хусусий секторида кўрсатилаётган хизматлар ҳажми ва турларини оширишни назарда тутувчи кенг кўламли ишлар амалга оширилди.

Ўтган давр ичида соғлиқни сақлашнинг хусусий сектори томонидан кўрсатилаётган тиббий хизматлар турлари кенгайди, уларнинг сони 50 тадан 126 тагача ошди. Хусусий тиббиёт ташкилотлари стоматология ва косметология хизматларидан таш­қари, 2022 йилнинг 1 январигача барча турдаги солиқлар ва мажбурий ажратмалар тўлашдан, олиб келинадиган янги тиббиёт асбоб-ускуналари, бутловчи буюмлар ва уларнинг эҳтиёт қисмлари ва мате­риаллари учун божхона тўловларидан озод қилинган.

Таъкидлаш жоизки, қишлоқ жойларда тиббий хизматлар кўрсатиш соҳасида янгидан ташкил этиладиган микрофирмалар ва кичик корхоналарнинг давлат рўйхатига олинган кундан бошлаб 10 йил муддатга ягона солиқ тўловидан озод этилиши қишлоқ ва олис туманларда хусусий тиббиётни ривожлантиришни тезлаштириш имконини берди.

Натижада хусусий тиббиёт муассасаларининг сони 440 тага кўпайиб, уларнинг умумий сони 4 мингдан ошди. Икки мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилди.

Шу билан бирга, уларни молиявий қўллаб-қувватлаш, давлат тиббиёт муассасаларининг алоҳида функцияларини соғлиқни сақлашнинг хусусий секторига бериш имкониятларини кўриб чиқиш, соғлиқни сақлаш соҳасида тиббий туризм ва давлат-хусусий шерикчилигини ривожлантириш, тиббий кадрлар малакасини республикада ва чет элда ошириш, хусусий соғ­лиқни сақлаш секторини ягона ахборот-коммуникация тизимига интеграциялаш, шунингдек, тиббиёт ташкилотларини ак­кредитациялаш тизимини жорий этиш масалалари долзарб бўлиб қолмоқда.

Айнан шу масалаларни ҳал қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Хусусий тиббиёт ташкилотларини янада ривожлантириш бўйича қўшимча шарт-шароитларни яратиш тўғрисида"ги қарори қабул қилинди.

Қарорнинг муҳим аҳамиятга эгалиги шу билан тасдиқланадики, унда давлат тиббиёт ташкилотларининг ёрдамчи бўлинмаларини (озиқ-овқат блоклари, кир ювиш хоналари, тиббий чиқиндиларни йўқ қилиш ва ҳ.к.) хусусий сектор вакилларига бериш орқали давлат-хусусий шерикчилигини ривожлантириш бўйича чора-тадбирларни босқичма-босқич амалга ошириш назарда тутилган. Бундан ташқари, хусусий тиббиёт ташкилотларига шартнома асосида давлат тиббиёт ташкилотларининг баъзи бир тиббий хизмат турлари (лаборатория, гемодиализ, стерилизация ва бошқалар) ҳам ўтказилади. Уларнинг рўйхати Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланади.

Қарор билан 2018-2019 йилларда хусусий тиббиёт ташкилотларини ташкил этиш ва фаолиятини кенгайтириш бўйича ло­йиҳаларнинг тиббий ихтисослик турлари, молиялаштириш манбалари ва ҳажмлари кўрсатилган манзилли рўйхати тасдиқланган.

Қўйилган масалаларнинг муҳимлиги боис, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, карто­графия ва давлат кадастри Давлат қўмитаси билан биргаликда манзилли рўйхат ло­йиҳалари ташаббускорлари зарур ҳужжатларни тақдим этганда қурилишни амалга ошириш учун белгиланган тартибда ер майдонлари ажратиш, Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш Давлат қўмитаси ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда, истисно тариқасида, давлат мулкидаги фойдаланилмасдан турган объектларни "ноль" харид қийматида бериш бўйича вазифаларни ҳал этиш топширилган.

Қарорнинг аҳамиятлилиги яна шу билан ифодаланадики, унда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва "AKFA MEDLINE" масъулияти чекланган жамиятининг Тошкент шаҳрида Корея Республикаси етакчи олий тиббий таълим муассасаларидан бирининг фаолиятини, Корея Республикасининг тиббиёт марказлари ва олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда "AKFA MEDLINE" МЧЖ хусусий клиникаси негизида хусусий тиббиёт муассасаларини ривожлантириш ва маҳаллий тиббиёт кадрлари малакасини ошириш Марказини ташкил этиш тўғрисидаги ҳамда Корея Республикасининг илғор клиникалари ва тиббиёт марказлари билан, уларнинг диагностика, даволаш, сервис ҳамда менежмент масалалари бўйича тиббий хизмат кўрсатишдаги тажрибасини ўрганиш ва махаллий тиббиётга жорий этиш ва "AKFA MEDLINE" масъулияти чекланган жамиятининг худудий филиалларини ташкил этиш тўғрисидаги таклифлари маъқулланмоқда.

Билдирилган таклифларни ҳаётга татбиқ этиш мақсадида уларни амалга ошириш юзасидан бир ой муддатда "йўл харитаси"ни тайёрлаш ва тасдиқлаш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритиш юзасидан вазифа топширилган.

Таъкидлаш жоизки, қишлоқ ва олис туманлардаги шифокорларнинг таъминланганлигини яхшилаш мақсадида қарорда тиббиёт ташкилотларида меҳнат қилаётган шифокор-пенсионерларга пенсияни тўлиқ миқдорда тўлаш назарда тутилган.

Қарорда хусусий тиббиёт ташкилотларини молиявий қўллаб-қувватлашга алоҳида урғу берилган. Хусусан, "Асака" акциядорлик-тижорат банки қошида ташкил этилган нодавлат тиббиёт ташкилотларини ривожлантириш жамғармасига ҳар бир ҳудуд учун ҳажми 1 миллион АҚШ доллари миқдорида бўлган навбатдаги 14 миллион АҚШ доллари ҳажмидаги транш кредит маблағларини ажратиш назарда тутилган.

Бунда нодавлат тиббиёт ташкилотларини ривожлантириш жамғармасининг маблағлари юқори малакали хорижий мутахассисларни жалб қилиш, хусусий тиббиёт ташкилотлари шифокорларини малака ошириш учун хорижий мамлакатларга юборишга ҳамда нодавлат тиббиёт ташкилотларини замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозлашга қаратилади.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикасининг тижорат банкларига хусусий тиббиёт ташкилотларини ташкил этиш ва фао­лиятини кенгайтириш учун имтиёзли кредитлар бериш тавсия этилган.

Қарорда тиббиёт кадрларининг малакасини ошириш ва қайта тайёрлашга катта эътибор берилган. Ушбу мақсадда Ўзбе­кис­тон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига икки ой муддатда "Асака" акция­дорлик-тижорат банки қошида ташкил этилган нодавлат тиббиёт ташкилотларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан хусусий тиббиёт ташкилотлари мутахассисларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш учун хорижга юбориш тартибини тасдиқлаш юзасидан топшириқ берилган.

Шунингдек, қарорда етакчи хусусий тиббиёт ташкилотларининг кадрлар ва моддий-техник салоҳиятидан оқилона фойдаланиш масаласига ҳам алоҳида эътибор берилган. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда шартнома асосида хусусий тиббиёт муассасаларидан тиббий касб-ҳунар коллежлари ва олий таълим муассасалари талабалари, малакасини ошираётган амалиётчи шифокорлар учун ўқув база сифатида фойдаланишни назарда тутувчи тартибни ишлаб чиқиб, тасдиқлаш ва уни 2018-2019 ўқув йилидан бошлаб жорий этиш бўйича вазифа юклатилган.

Қарор билан Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда уч ой муддатда тиббий хизматлар сифатини ошириш ҳамда тиббиёт ташкилотлари фаолиятининг шаффофлигини таъминлаш мақсадида тиббиёт ташкилотларини аккредитациядан ўтказиш тизимини бос­қичма-босқич жорий этиш концепциясини ҳамда тиббий туризмни янада ривожлантириш, хорижий фуқароларнинг тиббий хизмат олиш учун республикага кириши учун қулай шароитларни яратиш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритиш топширилди.

Соғлиқни сақлашнинг хусусий секторини янада ривожлантириш унинг республикамиз соғлиқни сақлаш тизимида бирламчи тиббий-санитария ёрдами ва ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатишдаги салмоғини сўзсиз оширади. Бу эса, ўз навбатида, ишончли статистика маълумотларини шакллантириш учун ягона ахборот-коммуникация технологияларига бўлган эхтиёжни келтириб чиқаради. Соғлиқни сақлашнинг давлат ва хусусий секторлари ўртасидаги изчилликни таъминлаш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлигига манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда хусусий тиббиёт ташкилотларининг ахборот тизимларини "Соғлиқни сақлаш" комплекс ахборот тизимига улаш, келгусида эса уларни Ягона интерфаол давлат хизматлари порталига интеграция­лаш бўйича таклифларни тайёрлаш вазифаси топширилди.

Умуман, мазкур қарорнинг амалга оширилиши соғлиқни сақлашнинг хусусий секторини жадал ривожлантириш имконини беради. Бу эса, ўз навбатида, аҳолининг юқори малакали тиббий ёрдамдан фойдаланиш имкониятларини янада оширади.

ЎзА.