Эрта тонгданоқ байрамона тароватга бурканган сайлов участкаларида уюшқоқлик билан овоз беришга киришилди. Сайлов кампанияси даврида сайловни очиқ ва ошкора ҳамда қонунчиликка қатъий амал қилинган ҳолда ўтказилиши учун зарур тайёргарлик кўриб қўйилганлиги учун ҳамюртларимиз ўзлари ёқлаган депутатликка номзодлар учун эмин-эркин хоҳиш-иродаларини билдирдилар.

Тўрақўрғон туманидаги 2-умумтаълим мактабига жойлашган 350-сайлов участкасида ҳам овоз бериш жараёни сайловчиларнинг ғоят фаоллигида кечди.

- Куннинг биринчи ярмидаёқ ҳудуддаги Поросмон ва Елихон маҳаллаларида яшовчи 3301 нафар сайловчининг аксария­ти муносиб кўрган депутатликка номзодлар учун овоз беришга муваффақ бўлдилар,-дейди участка сайлов комиссияси раиси Мунаввар Аҳмадалиева.

Худди шундай кўтаринкиликни Наманган шаҳридаги 10-оила поликлиникасида жойлашган 61-сайлов участкасида ҳам кўрдик. Участка сайлов комиссияси раиси Раҳимжон Абдуллаевнинг таъкидлашича, фуқароларнинг сиёсий фаоллиги ҳар қачонгидан юқори. Айниқса илк бор сайлаш ҳуқуқидан фойдаланаётган ёшларнинг таассуротлари бир олам.

- Бугун мен учун тарихий кун. Келажагимиз янада фаровон, ҳаётимиз тинч ва осуда кечишини, юртимиз равнақ топишини ҳис этган ҳолда ўзим танлаган муносиб номзодлар учун овоз бердим, - дейди Маҳлиё Собирова.

Сайловнинг юксак даражада ўтишида сайлов участкаларида сиёсий тадбир олдидан кўрилган пухта тараддуд муҳим роль ўйнади.

- Мавжуд 647 та сайлов участкасида тиббий хизмат ташкил этилди. Тиббиёт хоналари белгиланган тартибда тўла-тўкис жиҳозланди, зарур дори-дармон заҳираси яратилди. Энг малакали шифокор ва ўрта тиббиёт ходимлари туну-кун нав­батчиликда бўлдилар, - дейди вилоят ҳокимлиги соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Рус­тамжон Раҳматуллаев.

Сайловлар - демократия кўзгуси. Мамлакатимиз парламенти ва маҳаллий Кенгашларга ўтказилган сайлов демократик тамойиллар асосида кечганлигини ўша куни мамлакатимизда бўлган кўплаб хорижий кузатувчилар ҳам ОАВларга берган интерьвюларида алоҳида эътироф этишди. Дарҳақиқат, диёримизда ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамиятини барпо этиш сари яна бир муҳим қадам қўйилди.

Суратда: сайлов жараёнидан лавҳа.