Дарҳақиқат, сайлов ҳуқуқи бутун дунёда эътироф этилган энг муҳим конституциявий-сиёсий ҳуқуқлардан бири бўлиб, у фуқароларга давлат ҳокимияти органларига ўз вакилларини сайлаш имкониятини яратиб беради. Фуқароларнинг ўз сайлов ҳуқуқларини тўсқинликсиз амалга оширишлари уларнинг давлат бошқарувидаги иштирокининг энг муҳим кафолатларидан биридир. Асосий Қонунимизнинг муқаддима қисмида баён этилган олий мақсадларга эришиш, конституциявий тузумни янада мустаҳкамлаш борасида ўтказилаётган давлат-ҳуқуқий ислоҳотларнинг самарадорлигини таъминлаш демократик талаблар ва андозаларга жавоб берадиган сайлов тизимининг амалда бўлишини талаб этади.
Сайлов ҳуқуқи ва сайлов жараёни, давлат ва жамият фаолиятининг сиёсий соҳаси ўртасида узвий алоқадорлик мавжуд. Агар сайлов ҳуқуқи сайланган вакилларга ҳокимият ваколатларини қўлга киритиш ҳамда уни навбатдаги сайловларда янгитдан сайланган вакилларга ўтказиш билан боғлиқ давлат-ижтимоий фаолиятининг муайян жиҳатларини тартибга солишни англатса, сайлов жараёни эса, сиёсий ҳуқуқларни амалга оширишда сайловчиларнинг давлат ҳокимиятини ташкил этиш ва уни амалга оширишда иштирок этишлари учун имконият яратади. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 32-моддасида "Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқига эгадирлар. Бундай иштирок этиш ўзини ўзи бошқариш, референдумлар ўтказиш ва давлат органларини демократик тарзда ташкил этиш йўли билан амалга оширилади" деган қоида белгилаб қўйилган. Ўзбекистон Республикаси Конституциясида сайлов тизими принципларига бағишланган махсус бобнинг мавжудлиги мамлакатимиз сайлов қонунчилигини шакллантиришда муҳим қадам бўлди. Асосий Қонунимизнинг XXIII боби "Сайлов тизими" деб номланиб, 117-моддада - "Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлаш ва сайланиш ҳуқуқига эгадирлар. Ҳар бир сайловчи бир овозга эга. Овоз бериш ҳуқуқи, ўз хоҳиш-иродасини билдириш тенглиги ва эркинлиги қонун билан кафолатланади" дейилган муҳим конституциявий принципларда ўз аксини топган.
Истиқлол йилларида Ўзбекистонда халқаро ҳуқуқ андозалари ва талабларига, илғор чет эл юридик тажрибасига ва миллий-тарихий анъаналаримизга ҳамда Конституциямизга мос сайлов қонунчилиги тизими яратилди. Ўзбекистонда сайлов жараёни мунтазам равишда такомиллаштирилиб борилмоқда. Бу жараён мустақиллик даврида конституциявий принциплар асосида қабул қилинган "Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида"ги, "Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида"ги, "Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида"ги, "Фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида"ги, "Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида"ги, "Ўзбекистон Республикасининг Марказий сайлов комиссияси тўғрисида"ги Қонунларда ўз аксини топган. Ушбу қонунлар ўтказилган сайловларда тўпланган тажрибалар, кўппартиявийликнинг ривожланиши ҳамда жамиятда ҳуқуқий маданиятнинг юксалиб бориши натижасида такомиллашиб борди. Миллий сайлов қонунчилик тизимининг янада такомиллашуви натижасида дaвлaт ҳокимияти вaкиллик оргaнлaригa сaйловлaрнинг фaқaт кўппaртиявийлик aсосидa ўткaзилиши қaтъий бeлгилaб қўйилди. Бу борада қабул қилинган қонунлар давлат ҳокимиятини демократик сайловлар орқали шакллантириш бўйича умумэътироф этилган халқаро принциплар ва ҳуқуқий нормаларга тўлиқ мос келади.
Президентимиз Ислом Каримов Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида ҳаётимизнинг барча соҳаларини жадал суръатда модернизация қилиш ва янгилаш жараёни билан боғлиқ янги талабларга мувофиқ келгуси давр учун, шу жумладан, сайлов қонунчилигини такомиллаштириш соҳасида янги вазифаларни белгилаб берди. Давлатимиз раҳбари илгари сурган қонунчилик ташаббусларини амалга ошириш чоғида Асосий Қонунимизга ҳокимият тармоқлари ўртасида ўзаро тийиб туриш ва манфаатлар мувозанати тизимини янада такомиллаштириш, ижро ҳокимияти фаолияти устидан парламент ва жамоатчилик назоратини таъминлашнинг яхлит тизимини шакллантириш ҳамда ривожлантиришга қаратилган қатор тузатишлар киритилди. Бундан ташқари, қонунларни кўриб чиқиш ва қабул қилишнинг барча босқичларида депутатлар бирлашмалари ҳамда сиёсий партиялар фракцияларининг роли кучайди. Жойларда ислоҳотларни ҳаётга муваффақиятли татбиқ этиш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда ҳам сиёсий партиялар, ҳокимият вакиллик органларининг ўрни ва масъулияти ошиб бормоқда.
Мамлакатимиз қонунчилигига киритилган барча ўзгартишлар қонунчилик ва ижро ҳокимияти фаолиятини янада демократлаштириш, сиёсий партиялар фаоллигини ошириш, партиялараро рақобатни кучайтиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 117-моддасига киритилган тузатишлар сайлов қонунчилигини эркинлаштириш жараёнининг мантиқий давоми бўлди. Жаҳон амалиётида илк бор Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясига бошқа ҳокимият органларининг ҳеч қандай аралашувисиз сайловларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказишни таъминлайдиган давлат ҳокимияти органи тизимида алоҳида ўрин тутган конституциявий орган мақоми берилди. Бу сайловларнинг демократлиги, очиқлиги ва ошкоралигини ҳар томонлама таъминлаш кафолатига айланди.
Бугунги кунда ташкил этилган барча сайлов округларида аҳолининг барча қатламлари, шу жумладан тиббиёт ходимлари ҳам фаоллик билан қатнашмоқдалар. Депутатликка номзодларнинг аксарият қисми тиббиёт ходимлари экани қувонарли, албатта. Шу нуқтаи назардан қараганда, аҳоли орасида тиббий маданиятни шакллантириш, тизимнинг янги истиқболдаги қонунчилик базасини такомиллаштиришда кўрсатилаётган номзодлар орасидан муносиб депутатларни танлаб олиш, халқимиз эътибори ва ишончи қанчалик юксак эканлигини англатади. Замонамиз тезкор, ҳар куни бирор янгиликнинг гувоҳи бўлиш мумкин. Демак, инсон омили ва унинг фаровонлиги учун кураш кетаётган бир пайтда ҳар бир фуқаро муносиб номзодга овоз бериши ва унинг дастурий вазифаларидан келиб чиқиб, масалага жиддийроқ ёндашишни давр талаб этмоқда.
Ҳуқуқий демократик давлат қуриш жараёнида иштирок этар эканмиз, халқимиз, фарзандларимиз келажаги, эртанги тақдиримиз учун ҳал қилувчи кучга эга сайловларда уюшқоқлик билан муносиб номзодларга овоз берайлик!
Намоз ТОЛИПОВ.
(«O‘zbekistonda sog‘liqni saqlash - Здровоохранение Узбекистана» газетасининг 2014 йил 5 декабрь сонидан олинди).