Қишлоқ оилавий поликлиникалари ва қишлоқ врачлик пунктлари
патронаж ҳамшираларининг йўл ҳақи компенсациясини
белгилаш ва тўлаб бериш тартиби тўғрисидаги
НИЗОМ
Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 мартдаги ПҚ-2857-сон "Ўзбекистон Республикасида бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятини ташкил этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарорига мувофиқ қишлоқ оилавий поликлиникалари ва қишлоқ врачлик пунктлари патронаж ҳамшираларининг ойлик йўл ҳақи компенсациясини (бундан буён матнда компенсация деб юритилади) белгилаш ва тўлаб бериш тартибини белгилайди.
1-боб. Компенсацияни тайинлаш
1. Компенсация қишлоқ жойларда оилаларга бориб тиббий патронажни ташкил қилувчи қишлоқ оилавий поликлиникалари ва қишлоқ врачлик пунктларининг патронаж ҳамшираларига тайинланади.
2. Қишлоқ оилавий поликлиникалари ва қишлоқ врачлик пунктларининг патронаж ҳамшираларига компенсацияни тайинлаш - иш вақти ойлик меъёрининг ҳақиқатда ишланган иш кунидан келиб чиқиб, ўрнатилган нормативлар бўйича бириктирилган аҳоли яшаш жойигача бўлган масофа 10 километр ва ундан кўп бўлганда энг кам ойлик иш ҳақининг 100 фоизи миқдорида амалга оширилади.
Бунда, ҳар бир патронаж ҳамшира учун компенсациянинг умумий миқдори энг кам ойлик иш ҳақининг 100 фоизидан ошмаслиги лозим.
3. Туман тиббиёт бирлашмасининг тегишли буйруғи асосида қишлоқ оилавий поликлиникалари ва қишлоқ врачлик пунктлари патронаж ҳамшираларига бириктирилган аҳоли пунктининг номи ва аҳоли сони, шунингдек, унинг иш жойидан бириктирилган аҳоли пунктигача оралиқ масофа кўрсатилган рўйхат тасдиқланади.
2-боб. Компенсацияни тўлаш
4. Компенсацияни тўлаш манбаи туман тиббиёт бирлашмаларининг йиллик харажатлар сметасида шу мақсадда кўзда тутилган Давлат бюджети маблағлари ҳисобланади.
5. Компенсацияни тўлаш ўтган ой учун ойнинг иккинчи ярми ойлик иш ҳақини тўлаш билан бир вақтда, алоҳида тўлов қайдномаси бўйича туман тиббиёт бирлашмаси бухгалтерияси томонидан амалга оширилади.
6. Патронаж ҳамшираларнинг меҳнат таътилида, шунингдек, вақтинчалик меҳнатга лаёқатсиз бўлган давр учун компенсация тўланмайди.
Патронаж ҳамшираларнинг эгаллаб турган иш ставкасига мос равишда компенсация пули тўланади.
3-боб. Якуний қоидалар
7. Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси 171-моддаси иккинчи қисми 8-бандига мувофиқ ушбу Низомнинг 2-бандида белгиланган компенсация миқдори чегарасида патронаж ҳамшираларнинг даромади сифатида қаралмайди ва жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи, ягона ижтимоий тўлов ва фуқаролар суғурта бадаллари солинмайди.
8. Компенсациянинг тўғри тайинланиши ва тўланишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Назорат-тафтиш бош бошқармаси ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан амалга оширилади.
9. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўладилар.