олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар тиббий таълими, соғлиқни сақлаш соҳаси мутахассисларининг малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш, шунингдек, олий малакали илмий-педагог тиббиёт кадрларини тайёрлаш учун давлат таълим стандартлари ва малака талабларини ишлаб чиқиш ҳамда уларнинг ижросини таъминлаш;
тиббий таълим муассасалари ўқувчи ва талабаларининг назарий ва амалий тайёргарлигини, касбий ва ихтисослик фанлари бўйича ўқув машғулотлари ҳамда клиник ўқув амалиётини кенгайтириш ҳисобига яхшилашга қаратилган комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш;
профессор-ўқитувчиларни, бакалавриат ва магистратура талабаларини, клиник ординаторларни тиббиётни ривожлантиришнинг замонавий йўналишларига бағишланган илмий-тадқиқот ишларини амалга оширишга кенг жалб қилиш бўйича қўшимча вазифалар юклансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги ва Молия вазирлигининг:
2017/2018 ўқув йилидан бошлаб тиббий таълим йўналишларидаги бакалавриат тизимида ўқиш муддатлари ва битирувчилар малакасини иловага мувофиқ белгилаш;
юқори малакали тиббий кадрларни тор мутахассислик бўйича 2-3 йиллик магистратурада ўқитиш;
малака ошириш ва қайта тайёрлашни 2 йиллик клиник ординатурада ўқитиш орқали кенгайтириш;
гуманитар ва ижтимоий-иқтисодий блоклар бўйича ўқув соатларини ўқув юкламаси умумий ҳажмининг 7 фоизигача қисқартириш ҳисобига бакалавриатда ўқишнинг клиникагача бўлган ва клиник блоклари бўйича ҳамда клиник ўқув амалиёти учун ўқув соатлари салмоғини 85 фоизгача кўпайтириш бўйича таклифлари қабул қилинсин.
3. 2017/2018 ўқув йилидан бошлаб "ҳамширалик иши", "стоматология иши", "тиббий профилактика", "лаборатория диагностикаси" ва "фармация" ўрта махсус, касб-ҳунар тиббий таълими йўналишлари этиб белгилансин.
4. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда:
икки ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига, таълим муддатлари қисқартирилиши, олий тиббий таълимнинг клиникагача бўлган ва клиник фанлар блоклари бўйича ўқув соатлари салмоғи оширилиши, ўрта махсус, касб-ҳунар тиббий таълими йўналишларининг оптималлаштирилишини ҳисобга олган ҳолда ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий тиббий таълим давлат таълим стандартларини қайта кўриб чиқиш юзасидан таклифлар киритсин;
икки ой муддатда тиббий таълим йўналишлари бўйича гуманитар, клиникагача бўлган ва клиник фанлар блокларини аниқ ажратган ҳолда ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий тиббий таълимнинг янгиланган ўқув режалари ва дастурларини, шунингдек, ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий тиббий таълим муассасаси битирувчисининг малака тавсифномаси ва касбий компетенциясини ўрнатилган тартибда тасдиқласин;
2017/2018 ўқув йилидан бошлаб олий тиббий таълим муассасаларига қабул қилинадиган абитуриентлар учун таянч олий тиббий таълимнинг янгиланган ўқув режаларини жорий этсин.
5. Белгилансинки, ҳозирги вақтда "даволаш иши", "касбий таълим" (даволаш иши), "ҳарбий тиббиёт иши" (даволаш иши), "педиатрия иши" бакалавриат йўналишлари бўйича таълим олаётган 2-5-босқич талабалари учун таълим олиш 6 йиллик таълим тугагандан кейин таянч олий тиббий маълумот олишни таъминлайдиган олий тиббий таълимнинг мослаштирилган ўқув режалари бўйича амалга оширилади.
6. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Меҳнат вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳудудларнинг тиббиёт кадрлари билан таъминланганлик ҳолатини ҳар йили ўрганиш асосида, 2017/2018 ўқув йилидан бошлаб ва кейинги йилларда олий тиббий таълим муассасаларига қабул режаларини шакллантиришда квоталарнинг бир қисмини давлат гранти асосида бакалавриат ва магистратурага мақсадли қабул қилиш учун Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари буюртмалари бўйича тиббиёт кадрларига ўта муҳтож бўлган ҳудудларга ажратишни назарда тутсинлар.
7. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт вазирлигининг:
2017/2018 йилдан бошлаб бакалавриатнинг "тиббий-профилактика иши" таълим йўналиши контингентини Андижон Давлат тиббиёт институтига ўтказиш билан Тошкент тиббиёт академиясининг Фарғона филиалини тугатиш;
Тошкент ва Фарғона шаҳарларидаги имконияти чекланган шахслар учун республика ихтисослаштирилган касб-ҳунар коллежлари ва 2-Тошкент юридик коллежини ўрнатилган тартибда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидан Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази тизимига ўтказиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.
8. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлиги Тошкент тиббиёт академиясининг Фарғона филиали тугатилиши ҳамда Тошкент ва Фарғона шаҳарларидаги имконияти чекланган шахслар учун касб-ҳунар коллежлари ва 2-Тошкент юридик коллежи қайта ихтисослаштирилиши муносабати билан бўшаётган ходимларни ишга жойлаштириш юзасидан ўрнатилган тартибда чоралар кўрсин.
9. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда:
қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин;
улар томонидан қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
10. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси А. Н. Юнусходжаев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси
Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри,
2017 йил 5 май.
* * *
Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикасида тиббий таълим тизимини янада ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарорига ШАРҲ
Республикада олий тиббий таълим соҳасида кадрлар тайёрлаш бўйича қабул қилинган мақсадли дастурларни амалга ошириш натижасида самарали тизим яратилди. 1997 йилда қабул қилинган "Таълим тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни, Кадрлар тайёрлаш миллий дастури асосида тиббиёт соҳасида олий маълумотли кадрлар тайёрлаш тизими тубдан такомиллаштирилди. 7 та олий тиббий таълим муассасаси ҳамда уларнинг ҳудудий филиаллари ташкил этилиб, соғлиқни сақлаш эҳтиёжи учун ҳар йили 2 мингдан ортиқ шифокор тайёрланиши таъминланди. Соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишнинг Давлат дастурини амалга ошириш концепциясини аниқ белгилаб берган Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1998 йилдаги ПФ-2107-сонли Фармони олий тиббий таълим тизимининг халқаро икки босқичли тизимга ўтишига замин яратди. Олий тиббий таълим муассасалари биринчи - бакалавриат босқичида умумий амалиёт шифокорларини тайёрлашга йўналтирилди. Иккинчи босқич бўлган 2-3 йиллик магистратура таълимида ихтисослашган тиббиёт марказлари, тиббиёт таълим ва илмий муассасаларида фаолият кўрсатиш учун 46 та тор мутахассислик (хирург, кардиолог, офтальмолог, инфекционист ва ҳ.к.) йўналишлари бўйича кадрлар тайёрлашга қаратилди. Врачлар тайёрлаш борасидаги республикамиз ҳамда ривожланган хорижий мамлакатларда тўпланган тажрибалар ушбу соҳани янада такомиллаштиришни тақозо этмоқда.
Шу жумладан:
олий тиббий таълим муассасаларида бакалавриат босқичининг (даволаш иши) 7 йил давом этиши халқаро замон талабларига жавоб бермаслиги билан бирга, мазкур таълим учун асосланмаган ҳолда ортиқча молиявий маблағларни талаб этади. Бундан ташқари, таълим жараёнида ўқув дастурларидаги мавзуларнинг 15 фоизи ва ундан ортиғи қайтарилиш ҳоллари мавжуд;
бакалавриат ва магистратура босқичидаги ўқув режа ва дастурларда мутахассисликка оид бўлмаган фанларнинг кўплиги, таълим жараёнига тиббиёт соҳасидаги замонавий билимларни киритишда вужудга келган қийинчиликлар, талабаларда инсон организми ва унинг фаолиятини яхлит тасаввур этишга имкон бермади. Олий тиббий таълим муассасалари битирувчилари дипломида ихтисослик кўрсатилмайди. Шифокор ихтисослигининг қайд этилмаслиги, ички ва ташқи меҳнат бозорида ўзига яраша муаммо ва салбий оқибатлар келтириб чиқарди. Шифокорлар тайёрлашда таълим жараёнининг узоқ муддатлилиги мамлакатимизнинг айрим ҳудудларидаги соғлиқни сақлашнинг бирламчи тизимида кадрлар билан таъминлашда номутаносибликни юзага келтирди. Республика бўйича шифокорларнинг умумий сони 72 минг нафар бўлиб, ҳар 10 минг нафар аҳолига нисбатан 23,5 фоизни ташкил этади. Аммо Жиззах, Сурхондарё, Қашқадарё, Наманган, Тошкент, Сирдарё, Фарғона ва Навоий вилоятларида бу кўрсаткич 15,0-19,0 фоизгача тўғри келмоқда. Олий ва ўрта махсус тиббий таълимни хорижий давлатлар амалиётидаги юқори даражага кўтариш ва тиббий таълим сифатини янада оширишни босқичма-босқич амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг мазкур қарорида қатор чора-тадбирлар кўзда тутилган, шу жумладан:
тиббий таълим - унинг тузилиши, мазмуни, кадрлар тайёрлаш муддати ва сифатини халқаро таълим стандартларига мос равишда, мамлакатимизнинг амалдаги эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда мувофиқлаштириш;
тиббий таълим соҳасида даволаш иши йўналишида ўқиш муддатларини 7 йилдан 6 йилга қисқартирилган таълим тизимига ўтилиши халқаро стандарт талабларига мос келиши билан бирга, бюджет маблағлари мақсадли сарфланишига, шу билан бирга, тиббиёт кадрлари етишмовчилигини қоплашни 15 фоизга тезлаштирилишига;
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тиббий таълим соҳасида ваколатли орган деб белгиланиб, унга тиббий таълим учун умумий раҳбарлик қилиш ва услубий бошқариш, соғлиқни сақлаш тизимида олий таълимдан кейинги таълим ҳамда мутахассисларнинг малакасини ошириш, қайта тайёрлаш тизимини ташкил этиш;
бакалавриат босқичи учун давлат таълим стандартларини ишлаб чиқиш ва ижросини таъминлаш, касбий фанлар блоки клиникагача ва клиник фанларга ажратилган, ижтимоий-иқтисодий фанлар блокини 7 фоизга қисқартириб, клиникагача ва клиникага оид фанлар учун соатлар ҳажми 85 фоизгача кўпайтирилган янги турдаги ўқув режаларни ишлаб чиқиш;
бу олий тиббий таълимнинг 1-босқичидан бошлаб талабада клиник малакасини шакллантириш ҳамда Ҳамширалик олди, ҳамширалик ва кейинчалик шифокор малакасини босқичма-босқич ўзлаштирган клиник амалиётни тўлиқ ўзлаштирган юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш учун кенг имкониятларни яратади.
Тиббиёт олий таълим муассасалари битирувчиларига "шифокор" квалификацияси берилиши билан шифокорларни етакчи хорижий тиббий таълим муассасалари ҳамда илмий марказларда малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш борасидаги мавжуд муаммолар ўз ечимини топади. Президент қарорида қайд этилган тадбирлар, тиббиёт соҳаси учун малакали кадрларни тайёрлашда қўшимча шарт-шароитлар яратиб, стандартларни такомиллаштириш, тиббий таълим муассасалари кадрлари салоҳиятини ошириш, инсон ресурсларини мустаҳкамлаш, тиббиёт ходимларини тайёрлашда амалий кўникмаларини мустаҳкамлаш учун кенг имкониятлар яратиб, ўқув жараёнини самарали ташкил этиш ва пировард натижада юқори малакали тиббиёт кадрларини тайёрлашга хизмат қилади.