Анжуманни вилоят матбуот ва ахборот бошқармаси бошлиғи ўринбосари Анвар Икромов олиб борди. Дастлаб вилоят матбуот ва ахборот бошқармаси бошлиғи Равшанбек Мирзаолимовнинг "Сайлов кампаниясини оммавий ахборот воситаларида ёритилиши" мавзуидаги маърузаси тингланди. "Сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида" Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти вилоят ҳудудий бўлинмаси раҳбари ўринбосари Нигора Нуралиева тушунча берди. Шунингдек, вилоят сайлов комиссияси раиси Шокиржон Мирзааҳмедов "Марказий сайлов комиссияси тадбирлар режасининг вилоятда бажарилиши тўғрисида", Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими раиси Исроилжон Юсупов "Сайлов жараёнида тарғибот ва журналист масъулияти" ҳақида маруза қилдилар.
Таъкидландики, сайловларни демократик талаблар асосида очиқ ва ошкора ўтказишда оммавий ахборот воситаларининг ўрни жуда аҳамиятли. Шу боис сайлов жараёнида шаффофлик, ошкоралик ва очиқликни таъминлаш, оммавий ахборот воситалари орқали жамоатчиликни сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишнинг бориши ҳақида холис ва ўз вақтида хабардор қилиш мақсадида вилоят сайлов комиссияси томонидан матбуот маркази ташкил этилди. Сайловни ёритишга сафарбар этиладиган журналистлар аккредитациядан ўтказилади.
Ахборот семинарида журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олдилар.
Семинарда вилоят ҳокимининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ёрдамчиси Тоҳиржон Дедахонов иштирок этди.