Шу билан бирга, бутун жаҳонда бўлгани сингари, республикада онкологик касалликлар ўсиши қайд этилмоқда. Тиббиёт фанини ривожлантиришнинг замонавий босқичи саратон касалликларининг олдини олиш чораларини янада такомиллаштиришга ва республика аҳолисига онкологик ёрдам бериш сифатини жаҳон андозалари даражасигача оширишга йўналтирилган устувор вазифалар ҳал этилишини тақозо қилади.

Аҳоли орасида онкологик касалликларнинг олдини олиш ва барвақт аниқлашнинг самарали тизимини яратиш, онкологик касалликларга ташхис қўйиш ва даволашнинг илғор усулларини жорий этиш, республика онкология муассасаларининг моддий-техник базасини ва кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш ҳамда уларнинг тузилмасини такомиллаштириш мақсадида:

1. Қуйидагилар онкология хизматини янада ривожлантириш ва аҳолига онкологик ёрдам кўрсатишни такомиллаштиришнинг асосий йўналишлари этиб белгилансин:

онкологик касалликларнинг олдини олиш ва барвақт ташхис қўйиш чора-тадбирларини такомиллаштириш, саратон касалликларини барвақт аниқлашнинг скрининг дастурларини босқичма-босқич ҳамма жойда татбиқ этиш;

аҳолининг ташхис қўйиш ва даволашнинг замонавий юқори технологияли усулларидан фойдаланишини яхшилаш, онкологик касалликларни даволашнинг юқори самарадорлигига эришиш, онкология муассасаларининг дори воситалари, реагентлар ва сарфлаш материаллари билан таъминланиш даражасини ошириш;

янги онкология муассасаларини қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш, тиббиёт ускуналари, асбоблар ва инвентарь билан жиҳозлаш (тўлиқ жиҳозлаш) асосида уларнинг моддий-техник базасини модернизация қилиш;

онкология муассасаларининг кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш ҳамда онкологик касалликларнинг олдини олиш, ташхис қўйиш ва даволаш соҳасида республикадаги илмий тадқиқотлар доирасини кенгайтириш, шунингдек, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ва илмий ишланмаларнинг замонавий жаҳон тажрибасини миллий соғлиқни сақлаш амалиётига жорий этиш.

2. Қуйидагилар:

онкология соҳасида тиббиёт ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштиришнинг ягона методик вертикали шакллантирилишини назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси онкология хизматининг ташкилий тузилмаси 1-иловага мувофиқ;

2017 - 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасида онкология хизматини янада ривожлантириш ва аҳолига онкологик ёрдам кўрсатишни такомиллаштириш дастури 2-иловага мувофиқ;

2017 - 2021 йилларда республика онкология муассасаларини тиббиёт ускуналари, асбоблар ва инвентарь билан жиҳозлаш (тўлиқ жиҳозлаш)нинг асосий параметрлари 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларини шакллантиришда ҳар йили ушбу қарор билан тасдиқланган 2017 - 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасида онкология хизматини янада ривожлантириш ва аҳолига онкологик ёрдам кўрсатишни такомиллаштириш дастурида кўзда тутилган тадбирларни бажаришга зарур маблағлар ажратилишини назарда тутсин.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги ва Иқтисодиёт вазирлиги билан биргаликда ушбу қарор билан тасдиқланган 2017 - 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасида онкология хизматини янада ривожлантириш ва аҳолига онкологик ёрдам кўрсатишни такомиллаштириш дастурини амалга ошириш учун хорижий давлатлар, халқаро молиявий ташкилотларнинг имтиёзли кредитларини (қарзларини) ва грантларини ҳамда бошқа бюджетдан ташқари маблағларни жалб этиш юзасидан зарур чора-тадбирлар кўрсин.

3. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги ва Молия вазирлигининг:

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Республика онкология илмий марказини Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази этиб қайта ташкил қилиш;

Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказида юридик шахс ташкил этмасдан, марказ ходимларининг умумий сони доирасида Саратон профилактикаси маркази ва Экспериментал онкология марказини ташкил этиш;

ҳудудий онкологик диспансерларни ва Тошкент шаҳар онкология диспансерини Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказининг филиалларига айлантириш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.

4. Қуйидагилар Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамда унинг филиаллари фаолиятининг асосий йўналишлари этиб белгилансин:

аҳолининг онкологик касалликларнинг олдини олиш, ташхис қўйиш ва даволаш бўйича халқаро андозалар даражасида ихтисослаштирилган юқори технологияли тиббий ёрдамга бўлган талаб-эҳтиёжини қондириш;

онкология соҳасида аҳолига юқори малакали даволаш-профилактика ёрдами кўрсатган ҳолда онкологик касалликларнинг олдини олиш, ташхис қўйиш ва даволашнинг замонавий усулларини жорий этиш;

онкология соҳасида замонавий талабларга жавоб берадиган ва замонавий онкологиянинг илғор технологияларини эгаллаган юқори малакали тиббиёт кадрлари ва илмий мутахассислар тайёрлаш;

онкология соҳасида, шу жумладан, замонавий тиббиёт фанининг илғор ютуқларидан фойдаланган ҳолда илмий-амалий тадқиқотлар ва ишланмаларни амалга ошириш.

5. Белгилансинки:

Саратон профилактикаси маркази - онкологик касалликлар профилактикаси ва скрининг текширишлар ўтказиш, онкологик касалликларга чалинган беморларнинг ягона маълумотлар базасини (канцер-регистр) шакллантириш, саратоннинг олдини олиш самарали дастурларини ишлаб чиққан ҳолда эпидемиологик вазият мониторингини олиб бориш бўйича мувофиқлаштирувчи-методик фаолиятни таъминлайди;

Экспериментал онкология маркази - канцерогенез ва саратон эпидемиологияси ҳамда хавфли ўсмалар ривожланишининг молекуляр-биологик механизми, ўсмага қарши маҳаллий препаратларни ишлаб чиқиш соҳасида илмий тадқиқотларни амалга оширади.

6. Қуйидагилар:

Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказининг тузилмаси 4-иловага мувофиқ;

Саратон профилактикаси маркази ва Экспериментал онкология марказининг тузилмалари 5- ва 6-иловаларга мувофиқ;

Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази филиалининг намунавий тузилмаси 7-иловага мувофиқ маъқуллансин.

Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирига зарурат бўлганда, Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази ва унинг филиаллари тузилмасига ходимларнинг умумий сони доирасида ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилсин.

7. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ушбу қарор талабларини ҳисобга олган ҳолда бир ой муддатда Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази тўғрисидаги Низомни ҳамда унинг филиаллари намунавий уставини тасдиқласин.

8. 2017 - 2020 йилларда Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази ва унинг филиаллари биноларини реконс­трукция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва янгиларини қуришнинг асосий параметрлари 8-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Белгилансинки, Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази ва унинг филиаллари биноларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва янгиларини қуриш ишларини молиялаштириш белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Таълим ва тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини ривожлантириш жам­ғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси А.Н.Юнусходжаев зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси

Президенти                             Ш.МИРЗИЁЕВ

 

Тошкент шаҳри, 2017 йил 4 апрель

 

* * *

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "2017-2021 йилларда

Ўзбекистон Республикасида онкология хизматини янада

ривожлантириш ва аҳолига онкологик ёрдам кўрсатишни

такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига

ШАРҲ

Мустақиллик қўлга киритилгандан кейин Ўзбекистон Республикасида халқимизнинг соғлиғини мустаҳкамлаш, етук ва баркамол авлодни тарбиялаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири этиб белгиланди. Ҳозирги вақтда Ўзбекистоннинг барча минтақаларида тиббий хизматлар сифатини янада ошириш учун шарт-шароитлар яратишга алоҳида эътибор берилмоқда. Мамлакат Президенти Шавкат Мирзиёев ўз нутқларида аҳолининг сифатли тиббий хизматга бўлган эҳтиёжини қондириш зарурлигини қайта-қайта қайд этди. Жумладан, жорий йилда бўлиб ўтган соғлиқни сақлаш тизимининг раҳбар ходимлари билан учрашувларда давлат раҳбари томонидан тармоқнинг ҳолатига тан­қидий баҳо берилди, бу аҳоли соғлиғини муҳофаза қилиш соҳасида бир қанча муаммоларни ҳал этиш йўлидаги муҳим қадам бўлди.

Мамлакатни ривожлантиришнинг муҳим ижтимоий устувор вазифалари сифатида аҳолига онкологик ёрдам бериш соҳасини такомиллаштириш ва модернизация қилиш соғлиқни сақлаш тизимини янада ислоҳ қилишнинг асосий йўналишларидан бири этиб белгиланди.

Мақсадли давлат дастурларини амалга ошириш доирасида республикада соғлиқни сақлаш тизимининг барча даражаларини қамраб олувчи, Республика онкология илмий марказидан, 15 та вилоят ва шаҳар онкология диспансеридан, туманлар ва шаҳарларнинг марказий кўп тармоқли поликлиникалари ҳузуридаги 232 та онколог хоналаридан иборат бўлган онкологик ёрдам беришнинг ягона вертикал интеграциялаштирилган хизмати ташкил этилди. Онкология муассасаларини юқори технологик тиббиёт ускуналари билан жиҳозлаш ва мутахассислар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ҳисобига онкологик касалликларга ташхис қўйиш ва даволашнинг замонавий стандартлари тиббиёт амалиётига жорий этилди.

Шу билан бирга, республикада, бутун жаҳонда бўлгани сингари, ижтимоий-иқтисодий фаровонлик ошиши ва аҳолининг узоқ умр кўриши билан боғлиқ бўлган онкологик касалликлар ўсиши қайд этилмоқда. Тиббиёт фанини ривожлантиришнинг замонавий босқичи саратон касалликларининг олдини олиш чораларини янада такомиллаштиришга ва республика аҳолисига онкологик ёрдам бериш сифатини жаҳон стандартлари даражасигача оширишга йўналтирилган устувор вазифалар ҳал этилишини талаб этади.

Ушбу мақсадларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг "2017 - 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасида онкология хизматини янада ривожлантириш ва аҳолига онкологик ёрдам кўрсатишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори саратон касалликларига қарши курашнинг янги босқичини бошлаб беради, энг аввало аҳолининг даволашнинг юқори технологик усулларига бўлган эҳтиёжларини қоплашга, онкологик касалликларнинг олдини олиш ва барвақт аниқлашнинг замонавий тизимини яратишга йўналтирилган.

Қарорда асосий мақсади онкологик касалликлар туфайли ўлимни пасайтириш ҳисобига аҳоли ҳаёти сифатини яхшилаш ва умрни узайтириш ҳисобланган онкология хизматини янада ривожлантиришнинг устувор йўналишлари белгиланган қуйидаги тадбирлар амалга оширилиши назарда тутилган:

аҳолини скрининг текширишларнинг самарали дастурларини босқичма-босқич амалга ошириш йўли билан онкологик касалликларни илк босқичларда фаол аниқлашнинг замонавий усулларини жорий этиш;

аҳолининг онкологик касалликларга ташхис қўйиш ва даволашнинг жаҳон стандартлари даражасига мувофиқ бўлган замонавий юқори технологик усулларидан фойдаланишини яхшилаш;

реабилитация ва паллиатив ёрдамнинг замонавий тизимини, шунингдек, хоспислар ташкил этиш йўли билан онкологик касалликларга чалинган беморларнинг ҳаёти сифатини яхшилаш;

онкологик касалликларнинг олдини олиш, ташхис қўйиш ва даволашнинг самарали усулларини ишлаб чиқишга йўналтирилган фундаментал ва илмий-амалий тадқиқотлар доирасини кенгайтириш ҳамда замонавий маҳаллий ўсмага қарши препаратлар яратиш;

республика онкология муассасаларини замонавий тиббиёт ускуналари билан жиҳозлаш, шунингдек, уларнинг бинолари ва хоналарини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва янгиларини қуриш.

Қарор онкологик касалликларнинг олдини олиш, барвақт аниқлаш ва даволаш соҳасида тиббиёт ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштиришнинг ягона методик вертикали шакллантирилишини назарда тутади. Ушбу вазифаларни ҳал этиш учун Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказини ташкил этиш, шунингдек, минтақавий онкология диспансерларини унинг филиалларига айлантириш назарда тутилган. Қуйидагилар янгидан ташкил этиладиган марказ ва унинг филиаллари фаолиятининг устувор вазифалари этиб белгиланган:

аҳолининг онкологик касалликларнинг олдини олиш, ташхис қўйиш ва даволаш бўйича халқаро стандартлар даражасида ихтисослаштирилган юқори технологик тиббий ёрдамга бўлган талабини қондириш;

онкология соҳасида аҳолига юқори малакали даволаш-профилактика ёрдами кўрсатган ҳолда онкологик касалликларнинг олдини олиш, ташхис қўйиш ва даволашнинг замонавий усулларини жорий этиш;

онкология соҳасида замонавий талабларга жавоб берадиган ва замонавий онкологиянинг илғор технологияларини эгаллаган юқори малакали тиббиёт кадрлари ва илмий мутахассислар тайёрлаш;

онкология соҳасида, шу жумладан, замонавий тиббиёт фанининг илғор ютуқларидан фойдаланган ҳолда илмий-амалий тадқиқотлар ва ишланмаларни амалга ошириш.

Хавфли ўсмаларга барвақт ташхис қўйишни яхшилаш ва импортнинг ўрнини босадиган маҳаллий ўсмага қарши препаратларни яратиш мақсадида Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази негизида Саратон профилактикаси ва Экспериментал онкология марказлари ташкил этилади.

Онкологик касалликларнинг олдини олиш бўйича мувофиқлаштирувчи-методик фаолиятни таъминлаш ва скрининг текширишлар ўтказиш, онкологик касалликларга чалинган беморларнинг ягона ахборот базасини шакллантириш, шунингдек, саратон эпидемиологияси ва хавфли ўсмалар ривожланишининг молекуляр механизми соҳасида илмий тадқиқотлар олиб бориш, маҳаллий ўсмага қарши препаратларни ишлаб чиқиш марказларнинг асосий вазифалари ҳисобланади.

Режалаштирилган тадбирлар доирасида республика онкология муассасалари саратон касалликларини эндоскопик ва радиотерапевтик даволаш бўйича энг янги аппаратлар комплекслари билан жиҳозланади, шу жумладан, республикага "Да Винчи" роботлаштирилган жарроҳлик комплекси ва гамма тиғ сингари ноёб ускуна етказиб берилади.

Вилоят онкология муассасалари тузилмасида паллиатив ёрдам бериш бўйича бўлимлар, шунингдек, Тошкент, Фарғона, Самарқанд ва Урганч шаҳарларида тўртта минтақалараро хоспислар ташкил этилиши республика фуқароларининг ҳаёти сифати яхшиланишига принципиал жиҳатдан муҳим ёндашув бўлади.

Республиканинг барча ҳудудида кўкрак бези ва бачадон бўйни саратонини ва Фарғона вилоятида тажриба лойиҳасини амалга ошириш доирасида қизилўнгач, меъда ва колоректал саратонни аниқлашга йўналтирилган скрининг тадқиқотларини босқичма-босқич жорий этиш йўли билан онкологик касалликларнинг олдини олиш ва барвақт ташхис қўйиш чора-тадбирларини такомиллаштиришга, хавфли ўсмаларга барвақт ташхис қўйишнинг молекуляр-биологик, генетик, эндоскопик ва нур усулларини онкология диспансерлари амалиётига жорий этишга муҳим аҳамият берилган.

Онкология хизматининг кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш ва онкологик касалликларнинг олдини олиш, ташхис қўйиш ва даволаш соҳасида илмий тадқиқотлар доирасини кенгайтириш, шунингдек, илмий ишланмаларнинг замонавий жаҳон тажрибасини маҳаллий амалиётга жорий этиш, врачларнинг хорижий мамлакатларда малака ошириши мақсадида етакчи онкология клиникалари билан шериклик муносабатларини ўрнатиш йўли билан халқаро ҳамкорликни кенгайтириш қабул қилинган дастурнинг муҳим йўналишларидан бири этиб белгиланган.

Умуман олганда, 2017 - 2021 йилларда Ўзбекистон Республикаси аҳолисига онкологик ёрдам беришни янада ривожлантириш тадбирларини амалга оширишга Ўзбекистон Республикаси бюджети маблағларидан 32,5 миллиард сўм ҳамда халқаро молия институтларининг кредит маблағлари ва грантлари ҳисобига 144,1 миллион АҚШ долларини йўналтириш назарда тутилган.

Мамлакат Президентининг қарорида назарда тутилган тадбирларнинг амалга оширилиши 100 минг аҳолига онкологик касалликлардан вафот этиш кўрсаткичини 38,7 фоиздан 35 фоизгача пасайтириш, онкологик касалликларга чалинган беморларни ўсмага қарши препаратлар билан таъминлашни 33 фоиздан 90 фоизгача кўпайтириш, аҳолининг даволашнинг юқори технологик турларига бўлган эҳтиёжини қоплашни 70 фоизгача етказиш имконини беради.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ушбу қарорида назарда тутилган тадбирларни амалга ошириш онкология хизматини янада ривожлантириш ва сифатини яхшилашга ҳамда республика аҳолисига онкология ёрдами бериш сифатини юксалтиришга кучли туртки беради. Бу Ўзбекистоннинг кўп миллатли аҳолиси соғ­лиғи, фуқароларнинг манфаатлари ва аҳоли фаровонлиги ҳамма вақт давлатнинг эътиборида эканлигидан далолат беради. Ушбу интилишлар мамлакатимиз Президенти томонидан Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили деб эълон қилинган 2017 йилда бошланиши теран рамзий маънога эгадир.

ЎзА.