Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси аъзолари, сиёсий партияларнинг раҳбарлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Мажлис қатнашчилари Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов хотирасини ёд этиб, ҳурмат бажо келтирди.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 96, 117-моддалари ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги қонуннинг 8-моддаси, “Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида”ги қонуннинг 5 ва 9-моддаларига мувофиқ, 2016 йил 4 декабрь, якшанба кунини Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови куни деб белгилаш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси жорий йилнинг 9 сентябридан Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўйича сайлов кампанияси бошланганлигини эълон қилди.
Марказий сайлов комиссияси мажлисида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш буйича Асосий тадбирлар дастури ҳам тасдиқланди.
Мажлисда сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ барча тадбирлар Марказий сайлов комиссияси, тузиладиган сайлов комиссиялари томонидан очиқ ва ошкора, “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги қонунга тўлиқ мувофиқ ҳолда амалга оширилиши таъкидланди.
Шунингдек, Марказий сайлов комиссияси Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ёритиш буйича Республика матбуот марказини тузиш ҳақида қарор қабул қилди. Матбуот маркази Тошкент шаҳри, Навоий кўчаси, 16-уйда жойлашган.
Шу куннинг ўзида мамлакатимиз ва чет эл оммавий ахборот воситалари вакиллари учун брифинг ўтказилди.
ЎзА