I. Умумий қоидалар
1. Мазкур "Одоб-ахлоқ қоидалари" Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 2 мартдаги 62-сонли қарори, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2016 йил 5 мартдаги 116-сонли буйруғи асосида ишлаб чиқилган. У касбий одоб-ахлоқнинг умумий принциплари ва хизматдаги хулқ-атворининг асосий қоидалари йиғиндисидан иборат бўлиб, Ўзбекистон Республикаси тиббиёти ва таълимига оид қонун ҳужжатлари ва ички меҳнат тартиб-қоидаларига амал қилиниши, зарур ҳолларда одоб-ахлоқ қоидалари нормаларининг бузилиши қонун ҳужжатларига мувофиқ интизомий ёки бошқа жавобгарликларга тортиш учун асос бўлади. Шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимининг бошқарув аппарати, вазирлик тасарруфидаги тиббиёт ва даволаш-профилактика муассасалари ҳамда олий ва ўрта махсус таълимнинг тиббиёт йўналишидаги муассасалари, ташкилот, корхоналарда ходимларнинг касбий этикаси ҳамда маданияти учун муҳим аҳамиятга эга.
2. Қоидалар тиббиёт муассасасининг олий органи томонидан тасдиқлангандан сўнг тиббиёт муассасалари томонидан ижросини таъминлаш учун кучга киради ва уни ўзгартириш ҳамда қўшимчалар киритиш мазкур орган йиғилиши қарорига биноан амалга оширилади.
3. Қоидалар тиббиёт муассасалари маъмурияти, ходимлари, профессор-ўқитувчиларининг ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга, улар содир этилишининг сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этишга, шунингдек, тиббиёт муассасаси раҳбар ва ходимларининг юксак ҳуқуқий онгга эришиш ва Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, қонунлари ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларига, қонунларда белгиланган тартибда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларга қатъий риоя қилиш руҳида тарбиялашга йўналтирилган.
4. Ишга қабул қилинаётган ҳар бир ходим қоидалар билан танишиб чиқиши ва унга риоя қилишни ўз зиммасига олиб, шартномага имзо қўйиши шарт.
5. Қоидаларга риоя қилиш тиббиёт муассасаларининг раҳбарлари, ходимлари ва барча жамоа аъзолари учун мажбурийдир.
6. Қоидаларга риоя этиш тиббиёт муассасаси раҳбар ва ходимларининг касбий фаолиятини ва хизматдаги хулқ-атворини баҳолаш мезонларидан бири ҳисобланиб, касбий одоб-ахлоқининг умумий принциплари ва хизматдаги хулқ-атворининг асосий қоидалари йиғиндисидан иборатдир.
II. Мақсад ва вазифалар
7. Қоидаларнинг мақсади ҳуқуқбузарликнинг олдини олишга, улар содир этилишининг сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этишга, тиббиёт муассасаси раҳбар ва ходимларини юксак ҳуқуқий онг, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, қонунлари ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларига, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига қатъий риоя қилиш руҳида тарбиялашдан иборат.
8. Қоидаларга риоя этиш орқали Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги барча бошқарув аппарати, тиббиёт даволаш-профилактика ҳамда олий ва ўрта махсус таълим муассасалари, ташкилот, корхоналар ходимларнинг касбий фаолиятини ва хизматдаги хулқ-атворини баҳолаш ҳамда юксак маънавий-ахлоқий фазилатларга эга, жамият, давлат ва оила олдида ўз масъулиятини ҳис этадиган, давлатнинг ички ва ташқи сиёсатини тўғри англайдиган, ватанпарвар ва халқпарвар, ташаббускор ва тадбиркор, замонавий билимлар билан қуролланган ҳамда юксак инсоний фазилатларга эга бўлган иродаси мустаҳкам, имони бутун ва виждони уйғоқ мутахассисларни тарбиялашдан иборат.
9. Муассаса жамоа аъзоларининг маънавий-ахлоқий иммунитетини шакллантиради ва мустаҳкамлайди ҳамда ҳимоя қилади.
III. Тиббиёт муассасаси раҳбар ва ходимлари хизматдаги хулқ-атворининг асосий принциплари ва қоидалари
10. Тиббиёт муассасаси раҳбар ва ходимлари ўз касбий фаолиятини қуйидаги принциплар асосида амалга оширишлари керак:
- қонунийлик;
- фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг устуворлиги;
- ватанпарварлик ва хизмат бурчига фидойилик;
- давлат ва жамият манфаатларига содиқлик;
- адолатлилик, ҳалоллик ва холислик;
- манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик.
11. Тиббиёт муассасаси раҳбар ва ходимлари қуйидагиларга мажбур:
- хизмат вазифаларини бажаришда давлат принциплари ва талабларига қатъий риоя этиш;
- ўз хизмат вазифаларини виждонан, юксак касбий даражада бажариш;
- юқори давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган (берган) қарорлари (топшириқлари)ни ўз вақтида ва сифатли бажариш;
- ўз фаолиятини қонун ҳужжатларида ва ички ҳужжатларда белгиланган лавозим ваколатлари доирасида амалга ошириш;
- ўз хизмат вазифасини бажаришда бирор-бир шахс, гуруҳ ёки ташкилотларга ён босмаслик, уларнинг таъсиридан мустақил бўлиш, фуқароларнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва қонуний манфаатларини ҳисобга олиш, камситиш ҳолатларига йўл қўймаслик;
- ўз хизмат вазифасини бажаришига тўсқинлик қилувчи бирор-бир шахсий, мулкий ва бошқа манфаатларнинг таъсири билан боғлиқ бўлган хатти-ҳаракатларга барҳам бериш;
- меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат ва идоравий ҳужжатларда белгиланган чеклашлар ва тақиқларга риоя қилиш, ўз хизмат вазифаларини оғишмай бажариш;
- ўз хизмат фаолиятига бирор-бир таъсир кўрсатиш имкониятига барҳам бериш;
- Ўзбекистон Республикаси ва бошқа давлатлар халқларининг урф-одатлари ва анъаналарини ҳурмат қилиш, турли этник, ижтимоий гуруҳлар ва конфессияларнинг маданий ҳамда бошқа хусусиятларини ҳисобга олиш, ижтимоий барқарорликка, миллатлараро ва конфессиялараро тотувликка кўмаклашиш;
- ўзларининг хизмат вазифаларини виждонан бажаришда шубҳа пайдо қилиши мумкин бўлган хулқ-атвордан ўзини тийиш, шунингдек, ўз обрўсига ёки давлат органининг нуфузига зарар етказишга қодир бўлган вазиятларга йўл қўймаслик;
- хизмат мавқеидан давлат органлари, бошқа ташкилотлар, уларнинг мансабдор шахслари, шунингдек, фуқаролар фаолиятига ноқонуний таъсир кўрсатиш учун фойдаланмаслик;
- давлат органида хабарларни ва хизмат ахборотларини тақдим қилишнинг белгиланган қоидаларига риоя этиш.
12. Сиёсий, иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқлик, шунингдек, шахсий важлар ва бошқа субъектив сабаблар тиббиёт муассасаси раҳбар ва ходимлари қонун ҳужжатлари талабларини ва қоидаларни бузиши учун асос бўла олмайди.
13. Агар қонун ҳужжатларида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, тиббиёт муассасаси раҳбар ва ходимлари ўз хизмат вазифаларини бажариши муносабати билан бирор-бир моддий бойликни олиш, ўзлаштириш ёхуд жисмоний ёки юридик шахслардан бошқача шахсий наф кўриш тақиқланади.
14. Тиббиёт муассасаси раҳбар ва ходимлари коррупция ҳолатларига қарши курашиши ва уларнинг профилактикасига фаол кўмаклашиши шарт.
Тиббиёт муассасаси раҳбар ва ходимлари ўз раҳбарини ёхуд ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларини уларни ҳуқуқбузарликлар содир этишга оғдириш мақсадида бирор-бир шахс қилган мурожаатларининг барча ҳолатлари тўғрисида, шунингдек, бошқа тиббиёт муассасаси раҳбар ва ходимлари томонидан содир этилган ҳуқуқбузарликларнинг ўзларига маълум бўлган ҳар қандай ҳолатлари ҳақида хабардор қилиши шарт.
Тиббиёт муассасаси раҳбарлари шахслар қонунчиликнинг бузилиши фактлари тўғрисида мурожаат қилганлиги муносабати билан ёхуд билдирилган фикр ва мурожаатдаги танқиди учун, худди шунингдек, бошқача шаклда танқид қилганлиги учун ишдан бўшатилишига ёки бошқача шаклда таъқиб қилинишига йўл қўймаслиги шарт.
15. Тиббиёт муассасаси раҳбар ва ходимлари касбий фаолияти давомида ўзларига маълум бўлган ахборотнинг сақланишини ва махфийлигини таъминлаш юзасидан барча чораларни кўришлари шарт, уларнинг ошкор этилганлиги учун улар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
16. Раҳбар ўзига бўйсунувчи ходимларга нисбатан юқори профессионаллик, ҳалоллик ва адолатда ўрнак бўлиши, давлат органида ёхуд унинг таркибий ёки ҳудудий бўлинмасида маънавий-психологик муҳит шаклланишига кўмаклашиши лозим, у бўйсунувчи ходимлардан уларнинг хизмат вазифалари доирасидан чиқиб кетадиган топшириқларни бажаришини талаб қилмаслиги, шунингдек, қонунга хилоф хатти-ҳаракатларни содир этишга ундамаслиги керак.
Раҳбар кадрларни қариндошлик, ҳамшаҳарлик ёки шахсий садоқат белгилари бўйича танлаш ва жой-жойига қўйиш ҳолатларига қарши курашиши керак. У гуруҳбозлик, маҳаллийчилик, фаворитизм кўринишларининг, шунингдек, ўз хизмат вазифаларини бажариш жараёнида бошқа салбий омилларнинг қатъий равишда олдини олиши лозим.
Раҳбар:
- манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ва уларни тартибга солиш юзасидан ўз вақтида чора-тадбирлар кўриши;
- коррупциянинг олдини олиш чораларини белгилаши;
- ходимларни самарали бошқариши, ўзига ишониб топширилган мулкка ва молиявий маблағларга эҳтиёткорлик ва тежамкорлик билан муносабатда бўлиши шарт. Раҳбар ўзига бўйсунувчи, хизматдаги хулқ-атвори принциплари ва қоидаларини бузаётган ходимларнинг хатти-ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги)га йўл қўйилмаслиги чораларини кўрмаганлиги учун жавобгардир.
17. Тиббиёт муассасаси раҳбар ва ходимлари ўзларининг хизматдаги хулқ-атвори билан жамоада бошқа тиббиёт муассасаси раҳбар ва ходимлари билан ўзаро ишчанлик ва амалий ҳамкорлик қарор топишига даъват этилган.
Тиббиёт муассасаси раҳбар ва ходимлари хушмуомала, илтифотли, одобли, эътиборли, фуқаролар ва ҳамкасблари билан муносабатда сабр-тоқатли бўлиши, уларни ҳурмат қилиши шарт. Тиббиёт муассасаси раҳбар ва ходимлари ўзига бўйсунувчиларга ва фуқароларга нисбатан қўполлик қилмаслиги, одамларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситмаслиги, уларга асоссиз равишда руҳий-психологик ва жисмоний таъсир кўрсатиш ҳолатларига йўл қўймаслиги керак.
Хизмат вазифаларини бажариш чоғида иш шароитлари ва хизмат тадбирларининг шаклига боғлиқ ҳолда тиббиёт муассасаси раҳбар ва ходимларининг ташқи кўриниши фуқароларнинг давлат органига нисбатан ҳурмат билан муносабатда бўлишига ёрдам бериши, умумий қабул қилинган иш услубига мувофиқ бўлиши, улар расмийлиги, вазминлиги ва батартиблиги билан бошқалардан ажралиб туриши керак.
IV. Манфаатлар тўқнашуви
18. Тиббиёт муассасаси раҳбар ва ходимлари ўз хизмат вазифаларини бажаришда манфаатлар тўқнашувига сабаб бўладиган шахсий манфаатдорлик ҳолатларига йўл қўймасликлари керак.
Манфаатлар тўқнашуви тиббиёт муассасаси раҳбар ва ходимларининг шахсий манфаатлари уларнинг ўз хизмат вазифаларини холисона ва беғараз бажаришига таъсир кўрсатадиган ёки таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳолатларда пайдо бўлади.
Тиббиёт муассасаси раҳбар ва ходимларининг шахсий манфаатдорлиги уларнинг шахсан ўзи ёки яқин қариндошлари, шунингдек, улар яқин ёки ишбилармонлик муносабатларида бўладиган бошқа шахслар учун ҳар қандай наф кўриш ёки афзалликларга эга бўлишни ўз ичига олади.
Манфаатлар тўқнашуви юзага келган тақдирда тиббиёт муассасаси раҳбар ва ходимлари ўз раҳбарини дарҳол хабардор қилиши керак.
Манфаатлар тўқнашуви мавжудлиги тўғрисидаги маълумотни олган раҳбар уни тартибга келтириш бўйича ўз вақтида чоралар кўриши шарт.
19. Тиббиёт муассасаси раҳбар ва ходимларининг тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши тақиқланади.
Тиббиёт муассасаси раҳбар ва ходимлари ўзларининг хизмат вазифаларини зарур даражада бажаришига ёки уларга зарар етказиши мумкин бўлган фаолиятни амалга оширмаслиги, шунингдек, лавозимни эгалламаслиги керак.
Тиббиёт муассасаси раҳбар ва ходимлари ҳар қандай ҳолатда ҳам ўз хизмат мавқеидан мумкин бўлмаган шахсий фойдани олиши мумкин эмас.
Тиббиёт муассасаси раҳбар ва ходимлари ўз раҳбарини манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик бўйича чоралар кўриш мақсадида тижорат ташкилотларининг Низом капиталида иштирок этиши тўғрисида хабардор қилиши шарт.
20. Тиббиёт муассасаси раҳбар ва ходимлари лавозимга тайинланаётганда ва хизмат вазифасини бажараётганда ўзининг хизмат вазифасини зарур даражада бажаришига таъсир кўрсатадиган ёки таъсир кўрсатиши мумкин бўлган шахсий манфаатдорлигининг мавжудлиги ёки мавжуд бўлиши имконияти тўғрисида маълум қилиши шарт.
V. Одоб-ахлоқ қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик
21. Тиббиёт муассасаси раҳбар ва ходимлари томонидан қоидаларнинг бузилиши уни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортиш учун асос бўлиши мумкин.
22. Тиббиёт муассасаси раҳбар ва ходимлари томонидан қоидаларга риоя этилиши аттестация ўтказишда, юқори ва бошқа лавозимларга тайинлаш учун кадрлар захирасини шакллантиришда ҳисобга олинади.
23. Ушбу қоидалар нормаларининг бузилишлари махсус таркибий бўлинма ёки Одоб-ахлоқ комиссияси томонидан кўриб чиқилади. Одоб-ахлоқ комиссияси, махсус таркибий бўлинма мавжуд бўлмаган тақдирда, давлат органи ходимларидан камида 5 кишидан иборат таркибда тузилади. Одоб-ахлоқ комиссиясининг мақсади, вазифалари, функциялари, ҳуқуқлари, жавобгарлиги ва унинг фаолиятини ташкил этишнинг бошқа масалалари давлат органи томонидан тасдиқланган Одоб-ахлоқ комиссияси тўғрисидаги Низомда белгиланади.
Қоидаларнинг бузилиши ҳолатларини махсус таркибий бўлинма ёки Одоб-ахлоқ комиссияси томонидан кўриб чиқиш натижалари бўйича интизомий ёки бошқача тарздаги қоида бузилишларининг мавжудлиги (мавжуд эмаслиги) тўғрисида хулоса чиқарилади. Айни вақтда давлат органи раҳбарининг қоидалар бузилишини содир этган тиббиёт муассасаси раҳбар ва ходимларини жавобгарликка тортиш тўғрисидаги таклифи киритилади. Қоида бузилишининг характерини ҳисобга олган ҳолда, Одоб-ахлоқ комиссияси тиббиёт муассасаси раҳбар ва ходимларига нисбатан қоидаларнинг бузилишига йўл қўймаслик тўғрисидаги огоҳлантириш билан чекланиши мумкин.
Тиббиёт муассасаси раҳбар ва ходимлари ўзлари йўл қўйган қоида бузилиши ва унинг кўриб чиқилиши жараёни ҳақида ахборотни олиш ва ўзини ҳимоя қилиш учун далилларни тақдим этиш, шунингдек, давлат органининг қарорлари юзасидан белгиланган тартибда шикоят қилиш ҳуқуқига эга.