Азиз тиббиёт ходимлари!
Сизнинг машаққатли ва масъулиятли фидойи меҳнатларингизни қанчалар эътироф этсамда арзийди. Сиз ўз ҳаётингиз ва меҳнат фаолиятингиз давомида соғлиқни сақлаш тизимининг қайси масканида ва қандай лавозимида фаолият юритсангизда, ҳамма жойда, ҳар доим ишчан, масъулиятли, мустақил фикрловчи, тўғри сўз, ҳалол ва камтарин инсон сифатида куч-ғайратингизни халқимиз саломатлиги йўлидаги эзгу ишларга бахшида этиб келмоқдасиз. Сизга ишониб топширилган вазифада виждонан меҳнат қилиб, касбингизга садоқат билан ёндашиб бемор қалбларга нажот бахш этиб, атрофдагилар учун бағрикенглик, ғамхўрлик кўрсатиб, ҳар қандай вазиятда ўзингизни вазмин тутиш, оқиллик билан иш кўра олиш каби фазилатларингиз ила халқимиз ҳурмат-эътиборига сазовор бўлиб келмоқдасиз. Сиздаги инсонийлик, самимийлик фазилатлари ҳамкасбларингиз ҳамда шогирдларингиз учун ибратдир.
Сизларни моҳир ташкилотчи, ўз касбининг ҳақиқий билимдони, талабчан ва меҳрибон устоз, ўзида эса чин инсонийлик намуналарини мужассам этган ўз иши, ватани ва оиласига нисбатан чексиз садоқат туйғуларини сақлаган, юксак маданиятли ҳамда ҳар томонлама мукаммал шахс сифатида таснифлайман.
Сизларни "Меҳнат инсонни улуғлайди" деган ибратли ҳикматнинг нечоғлик тўғри эканлигини ўз фаолиятингиз давомида исботлаб келаётган ғайрати, шижоати, ҳалол меҳнати билан жамоа ва соҳа ходимлари орасида чексиз ҳурмат ва эҳтиром қозонган олийжаноб инсонлар сифатида қадрлайман.
Мен сизларнинг тимсолингизда касбига бўлган меҳнатсеварлик, софдиллик каби чин инсоний хусусиятларни ўзида мужассам этган, ҳамиша ўзига топширилган вазифаларни сидқидилдан бажариб келаётган тиббиёт ходимларини кўриб турганимдан доимо хурсанд бўламан ва ўз эҳтиромимни билдираман.
Фурсатдан фойдаланиб, Сизларни " Тиббиёт ходимлари куни" касб байрамингиз билан самимий қутлайман. Мустаҳкам соғлик, оилавий хотиржамлик, халқимиз саломатлигини асрашдек масъулиятли ва шарафли ишларингизга ривожлар ёр бўлишини истаб қоламан.
Амрилло ИНОЯТОВ,
Ўзбекистон Республикаси
Соғлиқни сақлаш вазири.