Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Республикада қон билан ишлаш хизмати
муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш ва аҳоли орасида беғараз донорлик
ҳаракатини ривожлантириш чоралари тўғрисида" 2022 йил 9 августдаги ПҚ-348-сон қарори ижроси ҳақида
Вилоятда қон билан ишлаш хизмати муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш, аҳоли орасида беғараз донорлик ҳаракатини ривожлантириш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари билан янги форматдаги "Тиббиётдаги ислоҳотлар - инсон қадри учун" мавзусидаги "очиқ мулоқоти" доирасида белгиланган устувор вазифаларни бажариш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 9 августдаги ПҚ-348-сон қарори ижросини вилоятда таъминлаш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси "Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида"ги Қонунининг 6 ва 25-моддаларига асосан,
ҚАРОР ҚИЛАМАН:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Республикада қон билан ишлаш хизмати муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш ва аҳоли орасида беғараз донорлик ҳаракатини ривожлантириш чоралари тўғрисида" 2022 йил 9 августдаги ПҚ-348-сон қарори асос ва амалда бажариш учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг мазкур қарори билан:
қон билан ишлаш хизматини ривожлантиришнинг асосий йўналишлари белгиланганлиги;
Республикада қон билан ишлаш хизмати муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш ва аҳоли орасида беғараз донорлик ҳаракатини ривожлантириш дастури 1-иловага мувофиқ;
2022-2025 йилларда қон билан ишлаш хизмати муассасаларини жиҳозлаш параметрлари 2-иловага мувофиқ;
аҳоли орасида беғараз донорлик ҳаракатини ривожлантиришнинг мақсадли кўрсаткичлари 3-иловага мувофиқ тасдикданганлиги;
белгиланишича, 2023 йил 1 январдан бошлаб:
а) "Ўзбекистон Республикаси фахрий донори" кўкрак нишони билан тақдирланган шахсларга бирйўла бериладиган пул мукофоти суммаси базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн беш бараваригача оширилиши;
б) "Ўзбекистон Республикаси фахрий донори" кўкрак нишони билан тақдирланган шахсларга қуйидаги ҳуқуқлар берилиши:
улар учун қулай бўлган вақтда йиллик асосий меҳнат таътилига чиқиш;
шаҳар жамоат транспортининг барча турларидан (йўналишли ва йўналишсиз таксилардан ташқари) бепул фойдаланиш;
давлат санаторий-курортларида даволаниш учун йўлланмаларни навбатсиз олиш;
в) доимий (йилига камида 3 марта қон топширувчи) донорлар ва уларнинг яқин қариндошлари (ота-оналари, турмуш ўртоғи, фарзандлари, ака-ука ва опа-сингиллари, турмуш ўртоғининг ота-оналари) стационар даволаниш жараёнида, зарурат туғилганда, қон ва унинг таркибий қисмлари билан бепул таъминланиши;
г) донорларни бепул овқат билан таъминлаш бўйича харажатларнинг қиймати республика бўйича бир хил - меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 3 фоизи миқдорида белгиланиши;
д) иммун донорларга ўтказилган иммунизация ва топширилган плазмаси учун ҳақ тўлаш миқдори меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг оширилиши даражаси доирасида мутаносиб равишда индексация қилиб борилиши;
е) шошилинч ҳолатларда донор қонининг таркибий қисмларини ташиш учун тез тиббий ёрдам хизматидан фойдаланишга рухсат берилиши;
ҳар ойнинг иккинчи ҳафтаси "Қон донорлиги ҳафталиги" этиб эълон қилинганлиги;
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига 4-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимча киритилганлиги эътиборга олинсин.
3. Қуйидагилар:
Вилоятда қон билан ишлаш хизмати муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш ва аҳоли орасида беғараз донорлик ҳаракатини ривожлантириш дастури 1-иловага мувофиқ;
вилоят аҳолиси орасида беғараз донорлик ҳаракатини ривожлантиришнинг мақсадли кўрсаткичлари 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
4. Соғлиқни сақлаш бошқармаси (А. Иминов) Наманган шаҳар ва барча туманлар ҳокимлари ҳамда бошқа манфаатдор бошқарма ва идоралар билан биргаликда:
а) 2026 йил 1 январга қадар:
йиллик донациялар сонини 20 мингтага, ҳар минг аҳолига донациялар кўрсаткичини 7 тага, қон тайёрлашда мобил сайёр гуруҳлар улушини 30 фоизга етказиш;
қон билан ишлаш хизмати муассасалари томонидан бир йилда ишлаб чиқариладиган қон ҳажмини 7 минг литрга, эритроцитлар массасини - 3150 литрга, плазма ҳажмини - 3850 литрга, тромбоцитлар ҳажмини - 150 литрга етказиш чораларини кўрсин;
б) 2024 йил 1 январга қадар қон билан ишлаш хизмати муассасаларида донорлар қонида гемотрансмиссив инфекциялар мавжудлигини икки босқичли текшириш (ИФА/ПЗР) амалиётини йўлга қўйсин;
в) 2022-2024 йиллар давомида қон билан ишлаш хизмати муассасасини 1 та цитаферез аппарати, 1 та қонни қайта ишлаш учун рефрижераторли центрифуга, 1 та тезкор контактли музлатгич, 1 та тўлиқ автомат иммунофермент (ИФА/ИХЛА) анализатори, 1 та ПЗР анализатори ва 1 та кўчма донорлик комплекси билан жиҳозласин;
г) етарли ҳажмда қон компонентлари захирасини яратиш мақсадида қон билан ишлаш хизмати муассасаларини зарур миқдордаги гемоконтейнерлар билан таъминлаши ва уларнинг марказлашган харидини ташкил қилиш. Бунда, 2023 йилда жами харид қилинган гемоконтейнерларнинг 50 фоизини, 2024 йилда - 75 фоизини ва 2025 йилда - 100 фоизини лейкофильтрли гемоконтейнерлар ташкил этиши таъминлансин.
5. Соғлиқни сақлаш бошқармаси (А. Иминов), Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси (Б. Мирзатов), вилоят телерадиокомпанияси (М. Мақсудов), Ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси (А. Эргашев), бошқарма ва идоралар, Наманган шаҳар ва барча туманлар ҳокимликлари билан биргаликда "Қон донорлиги ҳафталиги" доирасида:
вилоят аҳолиси орасида беғараз донорлик ҳаракатини тарғиб этувчи видеороликларни, қон донорлиги муаммоларига бағишланган ижтимоий реклама маҳсулотларини тайёрлаши ҳамда Интернет ижтимоий тармоқларда, электрон ва оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиб борсин, ушбу жараёнга таниқли инсонлар, спорт усталари, санъаткорлар, дин вакиллари, блогерлар ва маҳалла нуронийларини жалб қилсин;
қон донорлигини ривожлантиришга бағишланган телекўрсатув ва радиоэшиттиришларни ташкил этсин;
Интернет ижтимоий тармоқларда, электрон ва оммавий ахборот воситаларида қон донорлигининг аҳамияти тўғрисида мақолалар чоп этсин. Бунда, қон донорлиги жамиятда инсонпарварлик, ватанпарварлик, сезгирлик каби фазилатларни мустаҳкамлашга хизмат қилишини ёритишга алоҳида эътибор қаратсин;
ёшлар учун "Ўзбекистон Республикаси фахрий донори" кўкрак нишонига сазовор бўлган, шу жумладан кўп йиллар давомида беғараз қон донорлари бўлиб келаётган шахслар иштирокида учрашувлар ва давра суҳбатларини ташкил этсин;
бошқарма ва идоралар, ҳарбий қисмлар ҳамда вилоятдаги бошқа ташкилотлар, шунингдек, маҳаллалар ҳамда таълим муассасаларида беғараз донорлик акцияларини ташкил этсин ва ушбу ишларни амалга ошириш учун сайёр донорлик гуруҳлари фаолиятини йўлга қўйсин;
қон топширган донорларни махсус белгилар туширилган футболкалар, бош кийимлар, канцелярия буюмлари, театр, концерт-томошалар, кафе ва ресторанларга совға карталари, спорт муассасаларига бепул абонементлар ҳамда бошқа совринлар билан тақдирлаш чораларини кўрсин;
беғараз қон донорлиги шиори остида хайрия марафонлари ва фестивалларни ўтказсин.
6. Мазкур қарор ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи А. Иминов ҳамда молия бош бошқармаси бошлиғи 3. Бахриддинов белгилансин.
7. Ушбу қарор ижросини назорат қилиш, ижро учун масъул ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Т. Юсупов ва вилоят ҳокимининг ўринбосари Ғ. Муродхужаев зиммасига юклансин.
Вилоят ҳокими Ш. АБДУРАЗАКОВ.
Наманган шаҳри,
2022 йил 13 август.