Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари билан очиқ мулоқот шаклидаги учрашувда сўзлаган нутқи

Ассалому алайкум, азиз дўстлар!

Ҳурматли тиббиёт соҳаси вакиллари, йиғилиш қатнашчилари!

Юртимизда гўзал баҳор нафаси кезиб юрган мана шу ёруғ кунларда – Наврўзи олам арафасида тиббиёт соҳасининг жонкуяр вакиллари бўлган сиз, муҳтарам юртдошларимиз билан дийдор кўришиб турганимдан беҳад мамнунман.

Ҳаёт ҳақиқати шуни кўрсатадики, фақатгина соғлом халқ, баркамол миллат буюк ишларга қодир бўлади.

Эл-юртимиз азалдан шифокорларни инсон саломатлигини асрашдек эзгу ва савобли ишга бутун борлиғини бағишлаган фидойи зотлар, деб билади ва ҳамиша қадрлайди. Чунки одамлар сизларга ўзларининг энг бебаҳо бойликларини – ҳаётларини ишониб топширади. Буюк бобомиз Абу Али ибн Синонинг: “Инсон дардига дармон бўлмоқ – олижанобликнинг энг юксак намунасидир”, деган сўзлари ҳам бу фикрни тасдиқлайди.

Туб ислоҳотларимизнинг дастлабки кунларидан бошлаб биз халқимиз соғлиғини мустаҳкамлашга энг устувор вазифа деб қараб келмоқдамиз. Ўтган беш йилда бу борада катта ишларни амалга оширдик, илғор хорижий ютуқларни ўрганиб, етарли тажриба тўпладик. Келгуси беш йилда ҳам аҳолимизни сифатли ва малакали тиббий хизмат билан таъминлаш, соғлом турмуш тарзини кенг қарор топтиришни Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг энг муҳим йўналиши сифатида белгилаб олдик.

Бугун сизлар билан соғлиқни сақлаш соҳасининг умумий аҳволи, уни ривожлантириш масалалари, тизимдаги долзарб муаммоларни очиқ-ойдин муҳокама қилиб, навбатдаги вазифаларни аниқлаб оламиз.

Мен ҳар сафар ҳудудларга борганимда, албатта тиббиёт масканларига киришга, шифокорлар билан учрашишга ҳаракат қиламан. Лекин сизлар билан мана шундай кенг даврада, очиқ мулоқот шаклида биринчи марта кўришиб турибмиз.

Бугун соҳадаги ютуқни – ютуқ, камчиликни – камчилик деб айтиб, тизимдаги “касалликлар”га тўғри диагноз қўйиб, уларнинг давосини топишга ҳаракат қилишимиз зарур.

Тиббиёт шундай соҳаки, унга дахлдор бўлмаган инсоннинг ўзи йўқ. Ҳаммамиз ҳам иссиқ жонмиз, тиббиёт муассасаларига кунда-кунора мурожаат қилмаган кишини топиш қийин.

Барчамизга аёнки, одам соғлом бўлмаса, унга иш ҳам, моддий неъматлар ҳам, ҳаёт қувончлари ҳам татимайди. Шу боис ўз фуқароларининг соғлиғини ҳимоя қилиш, кучли ва самарали тиббиёт тизимини шакллантириш – халқпарвар давлатнинг энг асосий вазифаларидан ҳисобланади.

Албатта, касалликни кечикиб даволагандан кўра, унинг олдини олган ҳар томонлама афзалдир. Имом Мотуридий ҳазратларининг: “Тириклик қадрига соғлиқ пайтингда етгил”, деган сўзларида чуқур маъно бор.

Юртимизда ҳар куни янги фарзандлар туғилмоқда. Аҳолимиз сони ҳозирги вақтда 35 миллиондан ошди.

Бу ўз навбатида, халқимизга муносиб турмуш шароити яратишни, аввало, тиббиёт соҳасида олиб бораётган ишларимизни мутлақо янги босқичга кўтаришни тақозо этади.

Бу борада ўтган даврда кўп ишларни амалга ошириб, салмоқли натижаларга эришдик. Лекин ҳали қатор муаммолар, камчилик ва нуқсонлар ўз ечимини кутиб турибди. Шу сабабли соҳадаги вазиятни танқидий таҳлил қилиб, мавжуд муаммоларни тизимли ҳал қилиш вақти-соати келди, деб ўйлайман.

Ҳурматли соғлиқни сақлаш ходимлари!

Сизларга маълумки, охирги йилларда тиббиёт соҳасига ажратилаётган маблағлар ҳажми кескин оширилди. Жумладан, 2022 йилнинг ўзида соҳага бюджетдан 24 триллион сўм ёки 2016 йилга нисбатан 4 баробар кўп маблағ йўналтирилмоқда.

Ўтган беш йилда шифохоналар ва тез тиббий ёрдам пунктларини дори-дармон, тиббиёт буюмлари билан таъминлашга ажратилаётган маблағлар 12 баробар кўпайтирилди. Шу даврда соғлиқни сақлаш тизимини яхшилаш учун халқаро молия ташкилотларидан 700 миллион доллардан зиёд маблағлар жалб қилинди.

Буларнинг ҳисобидан тизимда нима ўзгарди?

Энг аввало, бирламчи тиббиёт бўғинини мутлақо янги ёндашувлар асосида тубдан ўзгартиришга киришдик. Бу борада ўтган йилдан бошлаб ҳар бир маҳаллада “хонадонбай” ишлайдиган тиббий бригадалар ташкил этилди. 2021 йилдан бошлаб бирламчи бўғинда аҳолини 66 турдаги дори воситалари билан бепул таъминлаш йўлга қўйилди. Ҳозирги вақтда шамоллаш, қон босими, юрак хуружи, қандли диабет, ошқозон ва нафас йўллари касалликларини даволаш учун энг зарур дориларни одамларимиз ортиқча сарсон бўлмасдан, оилавий шифокор пунктлари ва поликлиникалардан олишмоқда.

Аҳолига сифатли тиббий ёрдамни кенгайтириш мақсадида бирламчи тизимга 20 мингта ўрта тиббиёт ходимлари қўшилди. Шунингдек, қишлоқларда жойлашган 801 та оилавий поликлиника янги замонавий “УЗИ” ва “ЭКГ” аппаратлари билан таъминланди. Шу орқали қишлоқ ва маҳаллаларда 8 турдаги янги тиббий хизматлар йўлга қўйилди. Жумладан, саломатлик кўрсаткичлари бўйича хавф гуруҳига кирган 12 миллион аҳолини мақсадли скринингдан ўтказиш бошланди. Буларнинг барчаси, ўз навбатида, сифатли тиббий хизматларни “маҳаллагача тушириш” бўйича муҳим қадамлар бўлди.

Бундан ташқари, юқори малака ва технологияларни талаб қиладиган тиббий хизматлар кўлами ҳам кенгаймоқда. Авваламбор, ҳудудларда 23 та республика ихтисослашган тиббиёт марказининг юздан ортиқ филиаллари ўз фаолиятини бошлади. Натижада илгари пойтахтда амалга оширилган 210 турдаги операция ва диагностика жараёнларини маҳаллий шифохоналарда ўтказиш имконияти яратилди.

Шу билан бирга, 130 турдаги жарроҳлик амалиётлари вилоят шифохоналарида, 60 тури эса туманларда биринчи марта йўлга қўйилди. Сўнгги беш йилда 200 турдаги янги жарроҳлик амалиёти жорий этилгани, жумладан, буйрак ва жигар трансплантацияси республикамиз шифохоналарида йўлга қўйилгани айниқса эътиборлидир. Мисол учун, пойтахтимиз ва ҳудудларда ўтказилган буйрак трансплантацияси орқали шу кунгача 700 га яқин фуқароларимизнинг ҳаёти сақлаб қолинди.

Ҳаммангиз яхши биласиз, авваллари ҳар йили минглаб юртдошларимиз даво истаб чет элга боришга мажбур эди. Тасаввур қилинг, одам ўзи оғир касал бўлса, қанча вақт, қанча маблағ сарфлаганидан ташқари, жонини ҳам хатарга қўйиб, бегона юртларда сарсон бўлиб юрарди.

Эндиликда яратилган янги шароит ва имкониятлар ҳисобидан илгари хорижда бажарилган қиммат операциялар ўзимизнинг шифокорлар томонидан амалга оширилаётгани албатта катта ютуқдир.

Ахир, бир одамни дарддан халос қилиб, соғлиғини тикласак, ҳаётга қайтарсак, бу – бутун оиланинг бахтини, келажагини таъминлаш дегани эмасми?

Хабарингиз бор, яқин-яқингача эҳтиёжманд аҳолининг республика тиббиёт марказларида даволаниши учун “ордер” деган бир эски тизим бор эди. Ушбу “ордер”лар қоғоз шаклида юритилиб, аксарият ҳолларда таниш-билишчилик асосида бериб келингани ҳеч кимга сир эмас.

Шу билан бирга, “ордер” учун маблағлар республика тиббиёт марказларига бемор келса-келмаса, унинг миқдори етарлими ёки йўқми, бундан қатъи назар, ҳар йили ўтказиб келинган. Оқибатда ҳақиқий эҳтиёжи бор аҳоли даволаниш учун йиллаб навбатда турган бир вақтда айрим марказлар самарасиз молиялаштириб келинган. Биз бундай амалиётдан тўлиқ воз кечиб, эҳтиёжманд аҳоли учун республика тиббиёт марказларида хизмат кўрсатишнинг очиқ ва шаффоф, янги тизимига ўтдик.

Энди ихтисослашган марказларда бепул даволанадиган касалликлар рўйхати шакллантирилиб, тиббий ёрдам учун йўлланма ҳақиқий эҳтиёжи бор аҳолига “электрон навбат” асосида берилмоқда. Энг муҳими, бу тизимга асосан маблағлар марказга эмас, балки даволаниши зарур бўлган аниқ беморга ажратилмоқда.

Мисол учун, илгари туғма юрак нуқсони бор болага операция учун республика марказига 3 миллион сўм маблағ ажратилган. Қолган 20-30 миллион сўмлик харажатни эса ота-онаси кўтаришга мажбур бўлган. Эндиликда эса, ушбу операция учун зарур маблағ давлат томонидан тўлиқ қопланмоқда ва ҳар бир бемор учун манзилли ажратилмоқда.

Тиббиёт тизимидаги энг катта ўзгаришлардан яна бири – давлат шифохоналари билан бирга хусусий медицина ҳам ривожланмоқда. Масалан, аввал бундай хизматлар фақат стоматология бўйича кўрсатилган бўлса, ҳозир хусусий клиникалар деярли барча йўналишларда фаолият юритмоқда ва уларнинг сони 8 мингтага етди.

Хусусий тиббиёт учун солиқ ва божхона имтиёзлари, субсидияларни қамраб олган қўллаб-қувватлаш тизими жорий этилди. Натижада биргина солиқ имтиёзлари ҳисобидан сўнгги беш йилда хусусий сектор ихтиёрида 1,3 триллион сўм маблағ қолди.

Ҳамма соҳаларда бўлгани каби тиббиётда ҳам барча масалаларни малакали кадрлар ҳал қилади. Бу борада буюк олим Гиппократнинг: “Табобат – барча илм ва ҳунарлар ичида энг қийини ва шарафлиси”, деган сўзлари айни ҳақиқатдир. Шу боис бугун тиббий таълим муассасалари сонини кўпайтириш, уларда чуқур билим ва малакага, юксак ахлоқий сифатларга эга бўлган кадрлар тайёрлашга алоҳида эътибор беряпмиз. Мисол учун, сўнгги беш йилда 6 та янги тиббиёт олийгоҳи ташкил этилиб, уларнинг умумий сони 14 тага етказилди, қабул квотаси эса 4 баробар ошди.

Ҳудудларни малакали мутахассислар билан кафолатли таъминлаш мақсадида вилоятлар буюртмасига асосан манзилли ўқишга қабул қилиш йўлга қўйилди, олис ва чекка қишлоқларга ишга борадиган битирувчилар учун “Қишлоқ шифокори” дастурини амалга ошириш бошланди. Шунингдек, 1,5 минг нафар шифокорлар нуфузли хорижий клиника ва университетларда малакасини оширди.

Шу ўринда соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотларимизни қўллаб-қувватлаб, бизга амалий ёрдам бериб келаётган ва бугунги анжуманимизда иштирок этаётган Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, Германия тараққиёт банки, ЮНИСЕФ, ЮСАИД, КОВАКС, ЖАЙКА, ТИКА, КОЙКА, Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Ислом тараққиёт банки, Саудия ривожлантириш жамғармаси ва кўплаб бошқа ҳамкор ташкилотлар вакилларига самимий миннатдорлигимни билдирмоқчиман.

Қадрли дўстлар!

Биз бугунги мулоқотни ўтказишга жиддий тайёргарлик кўрдик, ҳам шифокор, ҳам беморларнинг фикрларини эшитдик.

Кенг жамоатчиликдан, халқаро экспертлардан кўплаб таклиф ва мулоҳазалар олдик. Ташкил этилган “Cаll-марказ”га 25 мингдан зиёд мурожаатлар келиб тушди. Уларнинг орасида алоҳида аҳамиятга молик бўлган яна бир муҳим масала кўтарилган бўлиб, ижозатингиз билан аввало шу ҳақда тўхталиб ўтмоқчиман. Бу масала соғлиқни сақлаш тизимининг ҳуқуқий асосларини ривожлантириш, аҳоли, айниқса, миллатимиз, халқимизнинг генофондини сақлашни конституциявий асосда алоҳида ҳимоя қилинадиган соҳага айлантириш билан боғлиқ.

Ҳаммамизга маълумки, бугунги кунда инсон ва унинг қонуний манфаатлари ҳамда конституциявий ҳуқуқлари Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ва изчил ислоҳотларнинг марказига қўйилмоқда. Инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари жамиятимизда олий қадрият ҳисобланади.

Амалдаги Конституциямизнинг 40-моддасида: “Ҳар бир киши малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эга”, деб белгилаб қўйилган. Биз халқимиз соғлиғини сақлаш соҳасида улкан мақсад ва вазифаларни олдимизга қўяётган ҳозирги шароитда ушбу конституциявий модданинг ўзи етарли эмас.

Бугун замон биздан тиббиёт тизимимизнинг конституциявий асосларини янада мустаҳкамлашни талаб этмоқда. Шунинг учун Асосий қонунимизда миллий соғлиқни сақлаш тизимини аҳоли саломатлигини сифат жиҳатидан яхшилашга хизмат қиладиган юксак малакали замонавий соҳага айлантириш масаласи ҳам, ҳеч шубҳасиз, тўғридан-тўғри амал қиладиган конституциявий қоида сифатида ўз ифодасини топиши зарур.

Ўзбекистон фуқаролари қонунда, энг аввало, Конституциямизда белгилаб қўйилган кафолатли тиббий ёрдам турларидан бепул фойдаланиш ҳуқуқига эга. Шу мақсадда биз турли тиббий суғурта шаклларини ривожлантириш учун конституциявий асос яратишимиз керак.

Давлат ҳозирги ва келажак авлодлар олдидаги масъулиятни англаган ҳолда, атроф-муҳитни асрашга қаратилган самарали чора-тадбирларни амалга ошириши шарт. Чунки соф ва тоза экологик муҳитсиз аҳоли соғлиғи ва миллат генофондини сақлаш ҳақида сўз юритишдан маъно йўқ. Бу ҳақда гапирганда, мен аввало, бугунги кунда экологик офатдан зарар кўраётган Оролбўйи минтақаси ҳақида ўйлайман.

Айни вақтда экология соҳасидаги ҳуқуқ бузилишлари оқибатида фуқаролар соғлиғига етказилган зарарни қоплаб бериш мажбуриятини давлат ўз зиммасига олиши керак. Бу ҳам Бош қомусимизда аниқ-равшан белгиланиши зарур.

Шу билан бирга, Конституциямизда тиббиёт ходимларининг юксак мақомини таъминлайдиган қоидани ҳам муҳрлаб қўйишимиз лозим.

Мурожаатларни таҳлил қиладиган бўлсак, уларнинг 8 минг 400 таси ёки 32 фоизи шахсий масалаларга оид бўлиб, бугунга қадар уларнинг 90 фоизи ҳал қилинди. Қолганлари ҳам қисқа муддатларда ўз ечимини топади.

Шу билан бирга, тиббиёт ходимлари ва аҳолимиз томонидан келиб тушган мурожаатларнинг 68 фоизи ёки 17 мингтаси тизимли масалалар ҳисобланади. Мисол учун, айрим тиббиёт муассасалари аҳоли учун узоқ ва ноқулай жойлашган. 3 мингдан ортиқ маҳалла аҳолиси оилавий шифокорлик пунктига бориш учун 10 километрдан 75 километргача йўл босишга мажбур бўлмоқда. Тиббий хизматлар аҳоли эҳтиёжига, ҳудудлардаги одамларнинг турмуш тарзига, маълум бир касалликларнинг кўпайишига қараб белгиланмаган.

Масалан, Қашқадарёда юрак-қон томир касалликлари биринчи ўринда бўлиб, ҳар йили камида 10 фоизга ошмоқда. Лекин кардиологлар штати ва шифохона ўринлари сони сўнгги 20 йилда ўзгармасдан келмоқда.

Бирламчи бўғинда 70 фоиз тиббий асбоб-ускуналар эскиргани туфайли кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифати пастлигича қолмоқда. Шифокорларнинг ойлик маоши иш натижасига қараб эмас, лавозим тариф сеткасига кўра белгиланган. Таълим ва амалиёт бир-биридан узилиб қолган, тиббиёт олийгоҳларида битирувчиларнинг аксариятида иш фаолияти учун зарур амалий кўникма етишмайди.

Мана шундай камчилик ва нуқсонлар сабабли аҳоли тиббиёт тизимидан ҳали тўлиқ рози эмас. Шунинг учун мурожаатларда келтирилган масалаларни чуқур ўрганиб, уларни тизимлаштириб, 7 та муҳим йўналиш бўйича чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқдик. Ҳар бир банд бўйича аниқ молиявий манбалар, техник ечимлар ва амалий механизмлар белгиланди.

Биринчи йўналиш – мурожаатларнинг 55 фоизи бирламчи тиббий хизматларни аҳолига яқинлаштириш ва уларнинг тармоғини кенгайтириш билан боғлиқ.

Мисол учун, Каттақўрғон туманидаги “Жизмон” маҳалласи аҳолиси тиббий хизматлар учун 48 километр масофани босиб, туман марказига боришга мажбур бўлмоқда. Вобкентдаги 3 мингдан зиёд аҳоли яшайдиган “Бозор жойи” маҳалласида оилавий поликлиника мавжуд эмас. Олис ва чекка ҳудудлар аҳолиси оилавий шифокор пунктларида врачлар етишмаслиги сабабли зарур тиббий хизматлар олиш имконияти йўқлиги ҳақида шикоят қилган. Ҳақиқатан ҳам, 56 та тумандаги 243 та олис ва чекка маҳаллада 562 та шифокор лавозими вакант бўлиб турибди.

Ёки Мингбулоқ туманидаги 4 та оилавий шифокор пункти ходимлари ҳар ҳафтада 10 километрдан узоқ масофада жойлашган 15 та маҳалладаги 750 нафар беморнинг уйига бориб, уларни кўрикдан ўтказишга мажбур бўлмоқда. Ҳолбуки, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг тавсиясига кўра, бирламчи тиббий хизмат пункти 3 километр узоқликда ёки пиёда борилса, 20 дақиқалик масофада жойлашган бўлиши керак.

Шу боис жойларда фуқароларимизга тез, қулай ва сифатли тиббий хизматларни кўрсатиш бўйича манзилли чора-тадбирларни амалга оширамиз. Бунинг натижасида 85 фоиз муаммоларни бирламчи тиббиёт муассасаларида ҳал қиладиган тизим яратилади.

Авваламбор, жойларда поликлиникалар тармоғи янада кенгайтирилади. Жумладан, 2022 йилда 136 та ва 2023 йилда яна 140 та янги поликлиника фаолияти йўлга қўйилади. 2023 йилдан бошлаб жойлардаги поликлиника филиаллари негизида 1 минг 100 та оилавий шифокор пунктлари ташкил этилади. Шу тариқа қарийб 1 миллион нафар аҳоли тиббий хизмат билан қамраб олинади.

Шунингдек, 2 мингдан зиёд олис ва чекка маҳаллаларда тиббиёт пунктлари ташкил этилади. Улар орқали ушбу маҳаллаларда 4 миллион аҳолига бирламчи тиббий хизмат кўрсатиш йўлга қўйилади.

Хабарингиз бор, 2021 йилдан бошлаб бошқа жойдан олис ва чекка ҳудудларга камида уч йил ишлаб бериш учун келган шифокорларга 30 миллион сўм миқдорида бир марталик рағбат пули тўлаш, уларни хизмат уйи билан таъминлаш ёки ижара тўловини бюджетдан қоплаб бериш тизимини жорий этган эдик.

Энди “Қишлоқ шифокори” дастури янада такомиллаштирилади ва 2022 йил 1 майдан бошлаб олис ва чекка ҳудудларда фаолият олиб бораётган шифокорларнинг ойлик иш ҳақига 2 миллион сўмдан қўшимча устама тўланади. Ушбу шифокорларга ипотека асосида уй-жой сотиб олиш харажатининг 50 фоизгача қисми маҳаллий бюджетлардан қоплаб берилади. Бундан буён олис ва чекка ҳудудда узлуксиз уч йил ишлаган шифокор клиник ординатурага имтиҳонсиз қабул қилинади.

Яна бир масала – хабарингиз бор, иқлим ва аҳолининг турмуш тарзи ўзгариши (кам ҳаракатлилик, нотўғри овқатланиш) оқибатида дунёда асаб тизими, юрак-қон томир, диабет касалликлари тобора кўпайиб бормоқда. Мамлакатимизда ҳам, афсуски, ҳар йили шундай касалликларга учраган юз минглаб беморлар қайд этилмоқда. Лекин туман касалхоналарида бундай касалликлар бўйича ётиб даволанадиган бўлимлар йўқлиги сабабли беморлар вилоят ва республика шифохоналарига боришга мажбур бўлмоқда.

Энди ана шу касалликлар бўйича аҳолининг ўзи яшаётган жойда ихтисослашган тиббий ёрдам олиш имкониятлари кенгайтирилади. Жумладан, 2022 йилда туман марказий шифохоналаридаги ўринларнинг 10 фоизи неврология, эндокринология, кардиология касалликлари учун ажратилиб, бюджетдан молиялаштирилади. Бу кўрсаткич 2023 йилда 20 фоизга етказилади.

Иккинчидан, ҳар йили 2 мингдан зиёд малакали шифокорлар пенсияга чиқади. Келиб тушган мурожаатларда уларнинг 60 фоизи ўз фаолиятини давом эттириш истагини билдирган.

Бирламчи тизим қамровини кенгайтириш ва юкламани камайтириш мақсадида биз эндиликда бундай тажрибали шифокорларнинг якка тартибдаги оилавий шифокорлик фаолиятини юритишига рухсат берамиз. Бунинг учун алоҳида клиника очиш талаб этилмайди, балки бу тоифадаги шифокорлар ўз уйида ёки ижарага олинган бинода тиббий хизматлар кўрсатиши мумкин бўлади. Якка тартибдаги оилавий шифокорларга аҳолига бепул кўрсатилаётган хизматлари учун тўлов босқичма-босқич Давлат тиббий суғурта жамғармаси орқали берилади. Ушбу тажрибани дастлаб Сирдарё вилоятида бошлаймиз. Кейинчалик, зарур тайёргарликдан сўнг, бу тажриба босқичма-босқич барча ҳудудларда жорий этилади.

Учинчидан, оилавий шифокор пунктлари, оилавий ва кўп тармоқли поликлиникаларда стационар тиббий хизматлар кундузи соат 13.00 га қадар ишлайди. Шу сабабли аксарият аҳоли шифокор назорати талаб қилинмайдиган кечки даво олиш учун ҳам шифохонага ётишга мажбур.

Бу борада, яъни бирламчи тизимда кундузги стационарлар иш вақтини узайтиришни сўраб, 500 дан ортиқ мурожаат келиб тушган. Шу боис оилавий шифокор пунктлари, оилавий ва кўп тармоқли поликлиникаларда кундузги стационар иш вақти соат 20.00 гача узайтирилади. Уларда ишлайдиган шифокор ва ҳамшираларнинг иш ҳақига қўшимча устама тўланади.

Тўртинчидан, аҳолимизнинг 11 миллион нафарини 18 ёшгача болалар ташкил этади. Лекин, афсуски, аксарият туман ва шаҳарларда болалар поликлиникаси мавжуд эмас. Оқибатда бирламчи бўғинда болаларга манзилли ва малакали тиббий хизматлар кўрсатилмагани учун уларни даволаш ихтисослашган шифохоналар зиммасига тушмоқда.

Аҳолининг кўплаб эътирозлари ҳам поликлиникаларда болалар учун шароит йўқлиги билан боғлиқ. Энди бу тизимни ўзгартириш вақти келди. 2022 йил 1 майдан бошлаб барча кўп тармоқли марказий поликлиникаларда болалар бўлими ташкил этилади. 17 мингдан зиёд тиббиёт бригадаларига яна қўшимча 8,5 мингта болалар ҳамшираси ва доя (акушер) штатлари берилади. Улар оналарга болаларнинг соғлом бўлиб дунёга келишидан тортиб, вояга етгунига қадар тўғри парвариш қилишни ўргатади.

Болалар учун профилактик кўриклар дастури қайта кўриб чиқилиб, 18 ёшгача бўлган болаларни педиатр, стоматолог, эндокринолог, ортопед каби энг зарур мутахассислар томонидан манзилли кўрикдан ўтказиш тизими жорий қилинади.

Маълумки, 2021 йилдан бошлаб болалар учун овқатни бойитадиган қўшимчалар, витамин А ва гижжага қарши антигельминт препаратларни бепул бериш йўлга қўйилди. Ушбу ишларни давом эттирган ҳолда, 2022 йил 1 июлдан бошлаб 3-15 ёшли болаларга йод препаратлари давлат томонидан бепул тарқатилади. Бу орқали келгуси беш йилда болаларда буқоқ, камқонлик касалликларини 30 фоизга камайтириш, уларнинг ақлий ва жисмоний соғлом ривожланиши учун катта асос яратилади. Бу мақсадлар учун жорий йилда 60 миллиард сўм йўналтирамиз.

Яна бир масала – болаларга бирламчи бўғинда кўрсатилаётган тиббий хизматларни юқори технологик амалиётлар билан боғлаш зарур. Бу борада Республика ихтисослашган педиатрия марказида генетик лаборатория ҳамда унинг 13 та ҳудудий бўлимлари ташкил этилади. Ушбу лаборатория болалар орасида ногиронликка олиб келувчи, жумладан, кам учрайдиган (орфан) касалликларни эрта аниқлаш бўйича генетик текширувлар ўтказадиган замонавий асбоб-ускуналар билан таъминланади. Бунинг учун 15 миллион доллар жалб қилинади.

Шунингдек, республикамизда спинал мушак атрофияси диагнози қўйилган бемор болаларга зарур дори воситаларини бепул етказиб бериш тизими жорий этилади. Бунга ҳар йили 110 миллиард сўм ажратилади.

Шу билан бирга, республикамиз бўйича 46 та туманлараро перинатал марказлар ташкил этилиб, уларда чақалоқлар реанимацияси бўлимлари фаолияти йўлга қўйилади.

Ҳаммамизга аёнки, фарзанд – бу ҳаёт қувончи, авлод давомчиси. Дунёга келаётган ҳар бир гўдакнинг соғлом ва баркамол бўлиб вояга етиши, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш учун биз бундан буён ҳам барча куч ва имкониятларимизни сафарбар этамиз.

Бешинчидан. Маълумки, хусусий тиббиёт учун солиқ имтиёзлари ва субсидияларни қамраб олган қўшимча қўллаб-қувватлаш тизими жорий этилган.

Хусусий клиникалардан тушган кўплаб мурожаатларда хориждан олиб келинадиган тиббиёт ускуналари ва буюмлари, эҳтиёт ва бутловчи қисмлар, сарфлов материалларига қўшилган қиймат солиғи бўйича имтиёзлар бериш сўралган. Бу масаланинг муҳимлигини эътиборга олиб, жорий йил 1 апрелдан бошлаб тиббиёт ташкилотлари томонидан чет элдан олиб кириладиган тиббий жиҳозлар, буюмлар, асбоб-ускуна ва материаллар 2025 йил 1 январгача қўшилган қиймат солиғи ва божхона божидан озод қилинади.

Мурожаатларда, шунингдек, хусусий клиникаларга малакали мутахассисларни жалб этишда Ўзбекистонда ишлаш рухсатномаси учун 700 мингдан 40 миллион сўмгача тўлов мавжудлиги кўрсатилган. Ушбу талаб ҳатто қисқа муддатда юқори технологик операциялар ҳамда шифокорларга “мастер-класс” ўтказишга таклиф этилган мутахассисларга ҳам қўлланган.

Бундан ташқари, хусусий клиникалар мамлакатимизга тиббий туризм орқали даволанишга келган хорижий фуқаролар учун “туризм йиғими” тўлашга мажбур.

Ушбу муаммоларга тўғри ечим топиш учун 2022 йил 1 апрелдан бошлаб хорижий шифокорларга Ўзбекистонда ишлаш рухсатномасини бериш бўйича тўловлар миқдори кескин камайтирилади, хусусий клиникалардан “туризм йиғими” ундириш бекор қилинади. Хусусий тиббиёт муассасалари учун лицензия олишда санитария ва қурилиш талаблари тубдан қайта кўриб чиқилади.

Бир нарсани аниқ тушуниш зарур. Тиббиётда соғлом рақобат бўлсагина, аҳолига хизмат кўрсатиш сифати ошади, энг асосийси, одамларимиз рози бўлади. Шунинг учун соҳага хусусий секторни фаол жалб этиш, уларга тизимнинг ажралмас қисми сифатида ўнг кўз билан қараш керак. Бунда хусусий тиббиётни ривожлантириш учун фақат солиқ ва божхона имтиёзлари, арзон кредитлар беришнинг ўзи етарли эмас. Уларга давлат шифохоналари билан тенг шароитларда ишлаш учун имконият яратиш керак. Бу муҳим масалада соғлиқни сақлаш тизими ва ҳудуд раҳбарлари ўз ёндашувларини ўзгартириши зарур.

Айтингчи, қайси вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари, соғлиқни сақлаш мутасаддилари ўз ҳудудида янги тиббиёт муассасаси қуриш ёки янги бир тиббий жиҳоз олишдан аввал ўша ердаги мавжуд хусусий клиникалар имкониятини ўрганиб кўрган?

Афсуски, бирон-бир ҳудуд ёки соҳада бундай таҳлил ҳам, ёндашув ҳам йўқ. Шунинг учун давлат ва хусусий тиббий хизматларни ягона тизим асосида ривожлантириш бўйича ўзаро ҳамкорлик механизмлари ишлаб чиқилади.

Очиқ айтиш керак, кўплаб хусусий клиникалардаги шароит, кўрсатилаётган хизматлар сифати давлат шифохоналаридан анча олдинга ўтиб кетган. Бундан фақат хурсанд бўлишимиз керак.

Бугунги кунда минглаб ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларимиз давлат шифохоналарида бепул ихтисослашган тиббий хизмат олиш учун навбат кутмоқда.

Бундан буён аҳоли имтиёзли йўлланма билан нафақат давлат шифохоналарига, балки ўзи танлаган хусусий клиникаларга ҳам бемалол бориши мумкин бўлади. Даволаниш учун ажратилган маблағ эса беморнинг ортидан боради.

Такрор айтаман – биз учун тиббиёт масканининг мулк шакли муҳим эмас. Энг асосий мақсадимиз – одамларимизнинг соғлиғини асраш, уларнинг дардига дармон бўлишдан иборат.

Олтинчидан, аҳолини арзон, сифатли дори-дармон ва тиббиёт воситалари билан узлуксиз таъминлашимиз керак. Бу борада фуқароларимиздан 550 та мурожаат келиб тушган.

Умуман, мамлакатимизда энг зарур бўлган дори-дармон воситалари нархини камида 30 фоизга арзонлаштириш бўйича барча чораларни кўрамиз. Бунинг учун келгуси беш йилда дори-дармон ва тиббиёт воситалари ишлаб чиқариш ҳажми 3 баробар оширилиб, маҳаллий дори воситалари билан таъминлаш даражаси 80 фоизга етказилади.

Бу мақсадларга эришиш учун миллий фармацевтика тармоғи ҳар томонлама қўллаб-қувватланади. Жумладан, маҳаллий корхоналар учун янги дори воситаларини қайта-қайта давлат рўйхатидан ўтказишга бўлган талаб бекор қилинади. Энди халқаро стандартга эга корхоналарга маҳсулотларнинг ҳар бир сериясини мажбурий сертификатлаш талаб этилмайди.

Ўзимизда ишлаб чиқарилаётган янги турдаги ижтимоий муҳим дориларни 3 йил давомида кафолатли харид қилиш тизими йўлга қўйилади. Фармацевтика корхоналари учун технологик ва лаборатория ускуналари, бутловчи қисмлар импортига божхона божлари бўйича имтиёзлар яна уч йилга узайтирилади.

Яна бир масала – анъанавий тиббиёт билан бирга, халқ табобатини ривожлантиришга ҳам жиддий эътибор қаратамиз.

Бир нарсани яхши тушунишимиз лозим. Халқ табобатининг устунлиги – касалликларни даволашда кимёвий қўшимчалари бўлмаган табиий доривор гиёҳларни кенг қўллашдир. Мамлакатимизда бундай доривор ўсимликларнинг 577 та тури аниқланган бўлиб, уларни табибларимиз асрлар давомида қўллаб келган ва самарасини амалда исботлаб берган.

Халқ табобатининг синалган усулларини замонавий тиббиётга интеграция қилиш орқали даволаш тизими натижадорлигини янада ошириш мумкин. Шу боис 2022 йилда самараси исботланган доривор ўсимликлар тиббий ёрдам кўрсатиш стандартлари ва протоколларига босқичма-босқич киритилади.

Барча тиббиёт олийгоҳлари ва техникумларда, ҳудудий Халқ табобати марказларида соҳа учун мутахассислар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизими жорий қилинади. Барча ҳудудларда Ибн Сино марказлари ташкил этилиб, улар томонидан мактаб, лицей, коллеж, техникум ва олийгоҳларда халқ табобати ва соғлом турмуш тарзини ўқитиш йўлга қўйилади. Ҳар бир поликлиникада халқ табобати хоналари, фитобарлар ташкил этилади. Дорихоналарда доривор воситалар бурчаги бўлиши лицензия талаби сифатида киритилади. Тиббиёт академиясининг клиникаси қошида Республика халқ табобати илмий-амалий марказининг 40 ўринли даволаш бўлими ва ҳудудларда филиаллари иш бошлайди.

Шу ўринда яна бир фикрни айтиб ўтиш жоиз. Биз жамиятимизда замонавий медицина ва халқ табобати бир-бирига рақобатчи ёки душман эмас, балки яқин ҳамкор деган муҳим тушунчани шакллантиришимиз керак.

Қанчадан-қанча машҳур табиблар дунёдан ўтиб кетяпти. Афсуски, улар билан бирга уларнинг илми ва тажрибаси ҳам йўқолиб кетяпти. Шу боис халқ табобатини кенг тарғиб этиш, жумладан, “Ибн Сино мероси билимдонлари” танловларини ўтказиш мақсадга мувофиқ.

Иккинчи йўналиш – инсон ҳаётини сақлаб қолишда тезкор, аниқ ва ўта малакали ҳаракатлар талаб қилинадиган соҳа, бу – албатта тез тиббий ёрдам тизимидир.

Мисол учун, ўткир юрак инфаркти ёки инсультда дастлабки 1 соатда кўрсатилган малакали тиббий ёрдам ҳам инсон ҳаётини сақлаб қолишга, ҳам келгусидаги оғир асоратларни камайтиришга хизмат қилади. Лекин бу соҳада ҳам кўплаб муаммолар борлигини 1 мингдан зиёд мурожаатлар кўрсатмоқда.

Биргина мисол. Касби тумани тез тиббий ёрдам бўлими ҳайдовчиси Юсупов, Ғозғон бўлими фельдшери Набиев тез тиббий ёрдам машиналари эскириб, хизмат сифатига салбий таъсир кўрсатаётганини, жойларда реанимация машиналари етишмаслигини билдирган. Умуман, 200 дан ортиқ тез тиббий ёрдам станцияларидаги 3 мингга яқин машинанинг 75 фоизи “Дамас” автомобиллари бўлиб, уларнинг 670 таси эскирган ёки таъмирталаб аҳволда.

Ёки бугунги кунда бир туман ёки вилоятдаги тез тиббий ёрдам хизмати, масофаси яқин бўлса ҳам, бошқа ҳудуд аҳолисига хизмат кўрсатиши мумкин эмас. Мисол учун, Бухоро тумани “Соҳибкор” маҳалласига хизмат кўрсатувчи тез тиббий ёрдам пункти 19 километр узоқликда жойлашган ва етиб бориш вақти камида 25 дақиқани ташкил этади. Ваҳоланки, 8 километрда жойлашган Вобкент тумани тез тиббий ёрдам пунктидан ушбу маҳаллага 10 дақиқада етиб борса бўлади.

Тез тиббий ёрдам бригадасининг кечикиб келиши бўйича Халқ қабулхоналарига 2021 йилнинг ўзида 50 мингдан зиёд шикоят келиб тушган. Шу боис тез тиббий ёрдам сифатини яхшилаш, уларни аҳолига янада яқинлаштириш учун алоҳида дастур қабул қилинади.

Энг аввало, “103” тез тиббий ёрдам хизмати республика, вилоят, шаҳар ва туман даражасида ягона бошқарув тизимига бирлаштирилади. Энди Тошкент шаҳри тажрибаси асосида ҳар бир вилоятда тез тиббий ёрдам бўйича электрон автоматлашган бошқарув тизими жорий этилади.

Янги ташкил этиладиган диспетчерлик марказлари чақирувларни беморнинг  аҳволи, касаллик тури ва даражасига қараб саралайди ҳамда шунга асосан тегишли тиббий бригадаларни йўналтиради.

Бундан буён тез тиббий ёрдам туман ёки вилоят чегарасига қараб эмас, балки беморгача масофанинг яқинлигига қараб хизмат кўрсатади. Шунингдек, туман марказидан 50-80 километр узоқликда жойлашган 24 та аҳоли пунктида алоҳида тиббий ёрдам бригадалари ташкил этилади. Улар барча зарур тиббий асбоб-ускуналар ва тез тиббий ёрдам машиналари билан таъминланади.

2022-2025 йилларда тез тиббий ёрдам тизимидаги барча “Дамас” ва бошқа эскирган машиналар замонавий автомобилларга алмаштирилади. Хусусан, 2022 йилда – 890 та, 2023 йилдан бошлаб эса, ҳар йили 450 тадан янги автомобиль, жумладан, реанимация машиналари олиб берилади. Натижада келгуси уч йилда тез тиббий ёрдам автопарки тўлиқ янгиланади. Бу мақсадлар учун 65 миллион доллар жалб қилинади.

Ушбу чоралар эвазига тез тиббий ёрдамда чақирувларга етиб бориш вақти 3 баробар қисқаради.

Учинчи йўналиш – сўнгги беш йилда 9 триллион сўм ҳисобидан 2 мингга яқин тиббиёт муассасаси қурилиб, таъмирланди. Шунингдек, 500 миллион доллар сарфланиб, 2 минг 500 та муассаса замонавий тиббий техника ва асбоб-ускуналар билан жиҳозланди. Лекин ичимлик суви, иситиш тизими бўлмаган, электр таъминоти яроқсиз мингдан зиёд тиббиёт муассасалари мавжуд. Соғлиқни сақлаш масканларининг шароитидан норози бўлиб, 700 дан зиёд мурожаат келиб тушгани ҳам буни тасдиқлайди.

Шу боис тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини яхшилаш бўйича 2022-2025 йилларга мўлжалланган алоҳида дастур амалга оширилади. Бунда, энг аввало, 182 та оилавий шифокор пунктида ичимлик суви тармоғи, 450 дан ортиқ муассасада иситиш, 650 тасида электр тизими тўлиқ таъмирланади.

Шулар қаторида 1 минг 100 та тиббиёт муассасаси қайта қурилиб, жиҳозланади. 227 та туғруқ комплекслари таъмирланиб, уларга замонавий тиббий асбоб-ускуналар етказиб берилади.

Бундан ташқари, 39 та болалар шифохонасининг ҳолати ва улардаги шарт-шароитлар тубдан яхшиланади. Бу ишларга 6 триллион сўм маблағ жалб қилинади.

Шунингдек, туман ва вилоят тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини яхшилаш учун молиялаштириш манбалари ҳам кенгайтирилади. Жумладан, туман кўп тармоқли марказий поликлиникаларида кафолатланган тиббий хизмат турларига кирмайдиган бошқа янги хизмат турларини пуллик асосда ташкил қилишга рухсат берилади. Бунда пуллик хизматлардан келиб тушган маблағларнинг 75 фоизгача бўлган қисми малакали тиббиёт ходимларини рағбатлантиришга йўналтирилади.

Тиббиёт муассасаларига беғараз ёрдам доирасида берилган тиббий техника ва асбоб-ускуналардан пуллик хизматлар кўрсатишда фойдаланиш бўйича мавжуд тақиқ бекор қилинади. 1 июлдан бошлаб вилоят кардиология, офтальмология, урология, травматология, тери-таносил касалхоналарида койка ўрнига қараб эмас, балки беморнинг “даволанган ҳолатидан келиб чиқиб” молиялаштириш тартиби жорий қилинади ва ушбу шифохоналарга тўлиқ молиявий мустақиллик берилади.

Бошимиздан кечирган оғир пандемия синови санитария-эпидемиологик осойишталик хизматига бўлган муносабатни тубдан ўзгартириш зарурлигини кўрсатди. Шунинг учун ушбу тизимнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида 165 миллион долларлик дастур амалга оширилади. Бунда 2022 йил 1 майдан бошлаб санитария-эпидемиологик осойишталик хизмати учун туманларда 11 та янги бино барпо этилади, 190 та бино реконструкция қилиниб, мукаммал таъмирланади. Ҳудудий лабораториялардаги эскирган 9 мингта асбоб-ускуна тўлиқ янгиланади.

Яна бир муҳим масалага эътиборингизни қаратмоқчиман. Замонавий тиббиётда касалликни аниқлаш, диагноз қўйиш, даволаш билан боғлиқ барча жараёнларни рақамли технологияларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Шу боис бирламчи бўғиндан бошлаб тиббиётнинг барча соҳаларини рақамлаштириш ва IT инфратузилмасини ривожлантириш бўйича дастур қабул қилинади.

Мисол учун, ҳозирги вақтда шифокорлар иш кунининг ярмини фақат қоғоз ҳужжатларни тўлдириш билан ўтказади. Дастур доирасида жорий йилда 16 мингта ва 2023 йилда яна 13 мингта компьютер харид қилиниб, барча тиббиёт муассасалари тўлиқ жиҳозланади.

Соғлиқни сақлаш ходимлари IT технологиялари ва замонавий тиббиёт ускуналарида ишлашга тизимли ўргатилади. Бунинг учун 2022 йилда – 20 минг нафар, келгуси йилларда яна 100 минг нафар шифокор ва ҳамширалар IT парк ва марказларда манзилли ўқитилади.

Шунингдек, республикадаги мавжуд 11 та тиббиёт олийгоҳи, 27 та коллеж ва 47 та техникумда “рақамли тиббиёт” бўйича мутахассислар тайёрлаш йўлга қўйилади.

Ҳурматли шифокорлар!

Юқоридаги янги режа ва ташаббусларнинг барчаси тиббиёт сифатини ошириш, аҳолига қулай шароит яратишга қаратилган. Бунинг учун биз барча зарур чораларни амалга оширамиз. Лекин ушбу имкониятлардан самарали фойдаланиб, малакали тиббий хизматларни ҳар бир хонадонгача олиб кириш бевосита сизларга – тиббиёт ходимларига боғлиқ.

Агар биз тиббиёт ходимларининг машаққатли меҳнатига яраша муносиб шароит яратиб бермасак, уларнинг жамиятдаги обрў-эътибори ва нуфузини оширмасак, шифокорлар, ҳамширалар ўз ишидан манфаатдор бўлмаса, ислоҳотларимиз кутилган натижани бермайди. Шу боис тўртинчи йўналишдаги чора-тадбирлар бевосита тиббиёт ходимларини қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ.

Бу борада, энг аввало, соғлиқни сақлаш ходимларини моддий рағбатлантириш янада кучайтирилади. Ушбу масала юзасидан сиз, ҳурматли тиббиёт соҳаси вакиллари томонидан 3 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушган. Лекин аслида улар 500 мингдан зиёд барча тиббиёт ходимларининг таклиф ва истакларини ифода этади, десак, ҳақиқатни айтган бўламиз.

Барчангизга маълум, бюджет ходимларининг маошини ҳар йили ошириб боряпмиз. Бу йил ҳам бюджет ташкилотлари қаторида тиббиёт ходимларининг ойлик иш ҳақини ҳам камида 10 фоизга оширишни режа қилганмиз. Бунга қўшимча равишда соҳа вакилларининг машаққатли меҳнатини янада рағбатлантириш мақсадида жорий йил 1 июндан тиббиёт ходимларининг ойлик маоши малака тоифасига қараб, яна 15 фоизгача оширилади. Юқори технологик мураккаб операцияларни бажарган шифокорларга эса яна 25 фоиз миқдорида устама тўланади.

Бундан ташқари, Тиббиёт ходимларини рағбатлантириш жамғармасига йилига 1,5 триллион сўм ажратилади. Ушбу маблағлар ҳисобидан алоҳида натижага эришган, ҳалол ва виждонан ишлаётган шифокор ва ҳамшираларга 100 фоизгача ойлик устамалар ҳам белгиланади. Янги иш бошлаган жонкуяр шифокорларга 1 миллион сўмгача махсус ойлик устама тўлаш тартиби жорий этилади.

Содда қилиб тушунтирадиган бўлсам, мисол учун, ҳозирги кунда олий тоифали шифокор 4 миллион сўм маош олса, энди иш ҳақининг ошиши ва янги устамалар ҳисобидан у 8-9 миллион сўмгача маош олиши мумкин бўлади. Ҳамширалар эса ҳозирги 1,5 миллион сўм ўрнига, тоифаси ва эришган натижаларига қараб, 3-4 миллион сўмгача ойлик олиши мумкин.

Яна бир масала – даволаш ва лаборатория ҳамширалари, санитар ходимлар, рентгенолог, фтизиатр, инфекционист, вирусолог, стоматолог каби алоҳида меҳнат шароитида ишлайдиган 100 мингдан зиёд тиббиёт ходимлари бир йилда икки марта ўз ёнидан пул тўлаб, мажбурий тиббий кўрикдан ўтади. Бу қанчалик адолатли?

Ушбу масалада ҳам 720 та мурожаат келиб тушган.

Ўз соғлиғини гаровга қўйиб, беморлар дарди билан яшаётган тиббиёт ходимларининг саломатлиги ҳақида авваламбор давлат ўйлаши керак эмасми?

Шунинг учун 2022 йил 1 майдан бошлаб барча тиббиёт ходимлари учун дастлабки ва даврий касбий тиббий кўрик бепул ўтказилади. Қон билан бевосита ишлаётган тиббиёт ходимлари гепатит “B” касаллигига қарши бепул эмланади.

Бундан буён тиббиёт ходимлари учун мазкур харажатлар тўлиқ бюджетдан қопланади ва бунга ҳар йили камида 100 миллиард сўм ажратилади.

“Инсон қадрини улуғлаш ва шифокор меҳнатини қадрлаш” тамойили асосида ҳар йили минг нафар бемор шифокорлар, айниқса, соҳада бир умр меҳнат қилган фахрийларга юқори технологик операциялар давлат ҳисобидан бепул ўтказилади.

Таъкидлаш жоизки, жойларда тиббиёт соҳаси вакилларига, айниқса, шошилинч ва тез тиббий ёрдам ходимларига нисбатан куч ишлатиш (тажовуз) ҳолатлари ҳам учраб турибди. Шифокорга қўл кўтариш, уни сўкиб, ҳақорат қилиш бизнинг инсоф-диёнатли, оқкўнгил, меҳр-оқибатли халқимизга муносибми? Бу бизга мутлақо ярашмайдиган ҳолатдир.

Энди тиббиёт ходимлари фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашган, уларнинг ишига тўсқинлик қилган ҳамда тажовуз кўрсатган кимсаларга нисбатан қонунчиликда алоҳида маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланади.

Ўзбекистонда “қонун – устувор, жазо – муқаррар” эканини ҳеч ким эсидан чиқармаслиги керак.

Бугунги анжуманда яна бир муҳим масалани алоҳида айтмоқчиман. Таниқли олимлар ва халқаро экспертларни жалб қилиб, Соғлиқни сақлаш кодексини ишлаб чиқишнинг вақти-соати келди. Бу муҳим ҳужжатда тиббиёт ходимлари ҳамда беморларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари илғор хорижий тажриба асосида қайта кўриб чиқилади, тиббиёт ходимларининг ҳуқуқий ҳимояси кучайтирилади, фуқароларнинг ўз соғлиғига эътибори ва масъулиятини ошириш механизмлари жорий этилади.

Бешинчи йўналиш – соғлиқни сақлаш муассасаларини малакали кадрлар билан таъминлаш билан боғлиқ.

Бугунги кунда республикамиз тиббиёт муассасаларида 8 мингга яқин тор соҳадаги мутахассислар ҳамда бирламчи тиббиёт муассасаларида 3 мингдан зиёд оилавий шифокорлар етишмайди. Айниқса, Сурхондарё, Тошкент, Қашқадарё, Фарғона вилоятлари ва Тошкент шаҳрида шифокорларга эҳтиёж анча юқори. Шунингдек, тизимдаги шифокорларнинг 45 фоизи, ҳамшираларнинг эса 40 фоизи малака тоифасига эга эмас.

Шифокорларни малака ошириш курслари билан қамров даражаси бор-йўғи 25 фоизни ташкил этади.

Мавжуд аҳволни ўнглаш учун тиббиёт муассасаларини малакали кадрлар билан таъминлаш бўйича янги тизим жорий этилади. Бунинг учун 2022/2023 ўқув йилидан тиббиёт олийгоҳларига давлат грантлари асосида қабул квоталари ҳудудларда шифокорларга бўлган ҳақиқий эҳтиёждан келиб чиқиб мақсадли ошириб борилади. Фтизиатрия, гематология, нефрология, пульмонология, психиатрия, шошилинч тиббий ёрдам, лаборатория иши, юқумли касалликлар каби 15 та тор соҳадаги мутахассислик бўйича магистратурага давлат грантлари 4 баробар оширилади. 11 та тиббиёт олийгоҳида олти ойлик ихтисослашган курслар ташкил этилиб, ҳар йили 500 нафардан оилавий шифокорни ҳудудлардаги энг зарур тор соҳа мутахассислиги бўйича мақсадли ўқитиш дастури амалга оширилади.

Шунингдек, бакалавриат, магистратура ва клиник ординатура таълим тизими такомиллаштирилади. Хусусан, битирувчиларга қўйиладиган малака талаблари эҳтиёж юқори бўлган муҳим йўналишлар бўйича қайта кўриб чиқилади, ўқув режалари ва дастурлар, талабаларнинг билимини баҳолаш тизими халқаро стандартларга мослаштирилади, 11 та тиббиёт олийгоҳида алоҳида ўқув марказлари ташкил этилиб, улар замонавий симуляторлар билан жиҳозланади. Бунинг учун 250 миллиард сўм йўналтирилади.

Бундан ташқари, тиббиёт олийгоҳларининг магистратура босқичида ва бакалавриатнинг 5-6-курсларида ўқиётган талабаларга йўлланма асосида бирламчи ва тез ёрдам тизимида шифокор бўлиб ишлашга рухсат берилади. Бу орқали ҳар йили 7 мингга яқин талаба иш ҳақи олиб, таълимни амалиёт билан бирга олиб бориш имконига эга бўлади.

Амалиёт даврида йўналишини ўзгартиришга қарор қилган талабаларга ўқишни бошқа турдош мутахассисликлар бўйича давом эттиришга рухсат берилади.

Шу билан бирга, соҳа учун илғор медицинани чуқур тушунадиган, ахборот технологиялари ва чет тилларини яхши биладиган, бошқарув қобилиятига эга бўлган замонавий тиббиёт менежерларини тайёрлашга алоҳида эътибор қаратамиз.

Яна бир муҳим масала – хориждан нуфузли мутахассислар жалб қилиниб, тиббиёт соҳасида малака ошириш тизими мутлақо янги ёндашувлар асосида тўлиқ ўзгаради. Бунда 11 та тиббиёт олийгоҳида малака ошириш ва қайта тайёрлаш факультетлари, 23 та ихтисослашган марказларда махсус ўқув курслари ташкил этилади.

Шунингдек, йирик ва нуфузли хусусий шифохоналарда тиббиёт олийгоҳларининг клиник базалари ташкил этилиб, уларга ҳам шифокор ва ҳамширалар малакасини ошириш ҳамда қайта тайёрлашга рухсат берилади.

Шу муносабат билан Республика тиббий ходимлар касбий малакасини ривожлантириш ҳамда Ўрта тиббиёт ходимлари малакасини ошириш марказлари фаолияти тўлиқ қайта кўриб чиқилади. Бу ташкилотлар энди фақат замонавий методикаларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш билан шуғулланади.

Шу билан бирга, шифокорларнинг малака тоифасини олиш муддатлари қайта кўриб чиқилади. Бунда тоифасиз ходимлардан талаб этиладиган иш стажи 5 йилдан 3 йилга, биринчи тоифага – 7 йилдан 5 йилга, олий тоифага – 10 йилдан 7 йилга қисқаради.

Айтиш жоизки, бизда ҳамшира деганда кўз олдимизга фақат “укол” қилишни биладиган тиббиёт ходимлари келади. Лекин соғлиқни сақлаш тизими ривожланган мамлакатларда ўрта тиббиёт ходимларининг билим даражаси, малакаси ва масъулияти врачлардан кам эмас. Бизда эса ҳамма масъулият шифокорлар зиммасида қолиб кетган. Шу боис тизимда врачлар етишмайди. Ўрта тиббиёт ходимлари сони эса эҳтиёждан ортиқ даражада, яъни сони кўп, хизмат сифати паст.

Мисол учун, 2022 йилда – 20 минг нафар, 2023 йилда – 34 минг нафар ёшлар тиббиёт коллежи ва техникумларини тугатади. Лекин соҳада ўрта тиббиёт ходимларига бўлган эҳтиёж йилига ўртача 10 минг нафарни ташкил этади, холос.

Бу масалани тўғри ҳал этиш учун ўтган йили оилавий шифокорларнинг 60 дан зиёд функциясидан 25 тасини ҳамшираларга ўтказиш, бунинг учун уларни ўқитиш тизимини қайта кўриб чиқиш бўйича қарор қабул қилган эдик. Лекин 11 та тиббиёт олийгоҳи ва 27 та тиббиёт коллежи ҳамда 47 та техникум бир-биридан ажраган ҳолда фаолият юритиб келгани сабабли ўрта тиббиёт ходимларини тайёрлашда сифат ўзгармаяпти. Шу боис ўрта тиббиёт ходимларини тайёрлаш тизими ҳам қайта кўриб чиқилиб, тиббиёт коллежлари ва техникумлари трансформация қилинади. Бунда хорижий ҳамкорлар билан халқаро илғор тажриба асосида ҳамшираларни тайёрлашнинг янги мактаби яратилади.

Оддий қилиб айтганда, жарроҳлик амалиётидан кейинги муҳим жараён, яъни беморнинг “оёққа туриши” учун (интенсив терапия ва реабилитация) барча даволаш ишларини бажара оладиган малакали ҳамшираларни тайёрлаш тизими йўлга қўйилади.

Энди барча тиббиёт коллежлари ва техникумлари олий таълим муассасаларига бириктирилади. Олийгоҳлар таълим ва амалиёт сифати учун бевосита масъул бўлади. Тиббиёт олийгоҳларининг клиникалари, республика тиббиёт марказлари, уларнинг филиаллари ва шифохоналар тиббиёт коллежлари ва техникумлари учун клиник база бўлиб хизмат қилади.

Олий таълим муассасаларининг барча кафедралари ўз йўналишида коллеж ва техникумларга замонавий ўқитиш методикаси ва технологияларини ўргатади, муаллимлар ва ўқувчиларнинг билимини ҳаққоний баҳолаб боради. Бунда коллеж ва техникумларнинг иқтидорли ўқувчиларини саралаб, уларни келгусида олий таълим муассасаларида ўқишини давом эттиришига шароит яратилади.

Олтинчи йўналиш – шифокорларнинг энг муҳим ва олижаноб вазифаси – бу албатта касалликни даволаш, шу тариқа инсонларнинг дардига малҳам бўлиш ҳисобланади.

Шу билан бирга, мен сизлардан соғлом турмуш тарзи орқали касалликнинг олдини олишга кўпроқ эътибор беришингизни сўрайман. Чунки, жисмоний машқлар билан мунтазам шуғулланадиган одам ҳеч қандай давога муҳтож бўлмайди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, инсон саломатлиги 19 фоиз – ташқи муҳитга, 20 фоиз – генетик омилларга, 9 фоиз – соғлиқни сақлашни ташкил этиш ва 52 фоиз турмуш тарзига боғлиқ.

Саломатлигимиз асосан ўз қўлимизда экан, жамиятда соғлом турмуш маданиятини янада оширишимиз зарур.

Ушбу масала бўйича алоҳида дастурни амалга оширишни бошлаганимиздан хабардорсиз.

Афсуски, тўғри овқатланмаслик ва ҳаракатсизлик оқибатида бугунги кунда аҳолимизнинг 75 фоизида ортиқча вазн борлиги, 30 фоизида эса холестерин ва қон босими юқори экани барчамизни ўйлантириши керак. Шунинг учун жорий йилдан бошлаб 17 мингдан зиёд тиббий бригада, 2 мингдан ортиқ оилавий шифокор пунктлари ва поликлиникаларнинг иш самарадорлигини баҳолаш бўйича рейтинг тизими жорий қилинади.

Рейтинг дегани шуки, энди тиббиёт ходимлари ўз ҳудудида аҳоли соғлиғини сақлаш ва касалликларнинг олдини олиш бўйича ўзига мажбурият олади. Бунда ортиқча вазнга йўл қўймаслик, тўғри овқатланишга амал қилиш, жисмоний фаолликни ошириш, зарарли одатлардан воз кечиш ва уларнинг натижасида келиб чиқадиган инфаркт, инсульт, қандли диабет, онкология каби касалликларнинг олдини олиш кўрсаткичлари асосий мезон сифатида белгиланади.

Ижобий кўрсаткичларга эришган тиббиёт ходимлари ҳар чоракда мукофотланади, йил якунида эса ҳар бир вилоятда энг яхши натижа кўрсатган поликлиникага мукофот ва совғалар берилади. Бу тажрибани жорий йилда пойтахтимизнинг Олмазор туманидаги 11 та ҳамда Наманган вилоятининг Уйчи туманидаги 12 та оилавий шифокор пункти ва поликлиникаларда бошлаймиз. Ушбу тажриба якуни бўйича бу янги тизимни 2023 йилдан бошлаб барча ҳудудларда жорий этиш юзасидан тегишли қарор қабул қилинади.

Ўз маҳалласида соғлом турмуш тарзини туну кун тарғиб қилган, бу борада шахсий намуна бўлган тиббиёт ходимлари ва жамоатчилик вакиллари учун алоҳида “Халқ саломатлиги посбони” кўкрак нишони таъсис этилади.

Еттинчи йўналиш – соғлиқни сақлаш тизими асосан касалликларни даволашга эмас, энг аввало, уларнинг олдини олишга қаратилган бўлиши зарур.

Аслида, жаҳон тиббиётида касалликлар профилактикаси – энг устувор йўналиш ҳисобланади. Бу борада Сирдарёда бошланган тажриба тиббиёт соҳасидаги кўплаб камчиликларни очиб берди. Вилоятдаги туман ва шаҳар шифохоналарида турли асаб касалликлари, сурункали бронхит, остеохондроз каби дарди бор беморлар стационар шароитда даволанмоқда. Ваҳоланки, улар туну кун шифокор назоратига муҳтож эмас.

Сирдарёдаги шифохоналарда ётган беморларнинг 30-40 фоизини амбулатор шароитда даволаш мумкин. Бу – касалхоналарнинг самарасиз харажатларини 40 фоизга қисқартириш имконини беради.

Шунингдек, бирламчи бўғинда маблағларнинг асосий қисми иш ҳақига сарфланиб, тиббий ёрдам кўрсатишга атиги 10 фоизи қолмоқда. Шу боис Гулистон шаҳридаги Республика шошилинч ёрдам илмий маркази филиали ва вилоят кўп тармоқли шифохонасини, унга туташ ёки унинг атрофида жойлашган 10 га яқин тор соҳадаги тиббиёт муассасаларини ягона кластерга бирлаштиришга қарор қилдик.

Бошқа ҳудудларда ҳам соғлиқни сақлаш инфратузилмасини пухта ўрганган ҳолда, бир йўналишдаги шифохоналардан воз кечиб, мавжуд шифохоналар негизида кўп тармоқли клиникалар ташкил этилади.

Бундан буён тиббиёт тизими “маблағни бевосита беморга сарфлаш” деган тамойил асосида молиялаштиришга ўтказилади.

Шунингдек, йил якунига қадар Сирдарёда тиббий суғурта тизимини тўлиқ йўлга қўйиб, келгуси йилларда барча ҳудудларда жорий этамиз. Шу билан бирга, бутун мамлакатимизда амал қиладиган ягона клиник протоколлар, кўрсатма ва стандартлар ишлаб чиқилади.

Тиббиёт соҳасида ягона тиббий маълумотлар базаси – “электрон соғлиқни сақлаш” ахборот тизими яратилади.

Тиббий-иқтисодий, статистик ва аналитик таҳлилларни ўтказиш имконини берадиган Миллий тизим жорий этилади.

Шу билан бирга, илғор хорижий тажриба асосида клиникаларни эмас, шифокорларни лицензиялаш тизимига босқичма-босқич ўтишимиз керак. Бу тизим йўлга қўйилса, тиббиёт ходимларини малака оширишга мажбурий юбориш талаб этилмайди. Балки улар ўз устида доимий ишлаб, тажрибасини оширишдан ўзлари бевосита манфаатдор бўлади.

Умуман, соҳадаги ислоҳотларни режали ва изчил давом эттириш мақсадида Жаҳон банки экспертлари билан бирга 1 октябрга қадар 7 та асосий йўналишни ҳам ўз ичига олган Соғлиқни сақлаш стратегияси ишлаб чиқилади.

Ҳурматли анжуман қатнашчилари!

Ўрни келганда, тиббиёт ходимларининг маънавияти, ахлоқ-одоби масаласига ҳам тўхталиб ўтмоқчиман.

Албатта, соҳа мутахассислари ўз касбини чуқур билиши шарт. Лекин, ҳар томонлама етук шифокор бўлиш учун бунинг ўзи етарли эмас. Шунинг учун тиббий таълим тизимига “Тиббиёт ходимларининг маънавий-ахлоқий қиёфаси” номли махсус курсни жорий этиш лозим.

Фурсатдан фойдаланиб, ижодкор зиёлиларимиз эътиборини бир масалага қаратишни истардим. Биз пандемия шароитида шифокорларимизнинг ўз касбига, муқаддас қасамёдига садоқати ва фидойилигига такрор ва такрор гувоҳ бўлмоқдамиз. Бунинг учун уларга барчамиз ва халқимиз номидан яна бир бор раҳмат айтамиз. Аммо эл-юрт орасида ҳурмат қозонган, чинакам матонат ва жасорат соҳиби бўлган шифокорлар образи тараннум этилган бадиий асарлар етарлича яратилмаяпти. Жонкуяр тиббиёт ходимларининг машаққатли ва шарафли фаолияти тасвирланган бадиий, саҳна ва кино асарлари, сериалларни кўпайтириш зарур, деб ўйлайман.

Муҳтарам дўстлар!

Бугунги очиқ мулоқотга тайёргарлик жараёнида келиб тушган муаммоларнинг ечимлари ва сизларнинг бугунги таклифларингиз бўйича қисқа муддатда қарорлар қабул қилинади. Уларда барча муҳим таклиф ва ташаббуслар, шунингдек, бугун билдириладиган фикр-мулоҳазалар ҳам ўз аксини топади. Бу мақсадлар учун 2022 йилда бюджетдан соҳага ажратилган 24 триллион сўмга қўшимча 3,2 триллион сўм бериш бўйича ҳисоб-китоблар қилинган.

Барчангиз тушунасиз, ҳозир дунёда содир бўлаётган мураккаб вазиятда соғлиқни сақлаш тизими учун бундай катта маблағларни излаб топиш албатта осон бўлаётгани йўқ. Биз халқимиз саломатлиги учун ҳар қанча маблағ ва куч-имконият сарфлашга тайёрмиз. Шахсан мен учун халқимиз саломатлиги ҳамма нарсадан устун ва қадрли.

Лекин тиббиёт соҳасига қаратилаётган эътибордан тўғри ва самарали фойдалана олаяпмизми? Мана шу савол мени кўп ўйлантиради. Бу савол сизларни ҳам қийнаши керак. Соҳа раҳбарлари ажратилаётган ҳар бир сўмнинг қадрига етиши, уларнинг самарасини барча одамларимиз ўз ҳаётида ҳис этиши лозим.

Бугунги кунда барча жабҳаларда, жумладан, тиббиёт соҳасида ҳам ҳар куни беқиёс илмий янгиликлар кашф этилаётгани, даволаш иши бўйича қандай янги технологиялар ва методикалар пайдо бўлаётганини ҳаммангиз кўриб-билиб турибсиз. Бинобарин, жаҳон илм-фани ва тараққиёти шиддат билан ривожланаётган ҳозирги мураккаб замонда кечаги билим ва тажриба билан узоққа бориб бўлмайди. Мана шундай кескин рақобат шароитида доимий ўқиш, изланиш, янгиликка интилиш – бу ҳар бир тиббиёт ходимининг масъулиятли бурчи, керак бўлса, ҳаёт мақсадига айланиши шарт.

Шу ўринда ўзимизга бир савол берайлик: Ибн Сино бобомиз қандай қилиб, ниманинг ҳисобидан буюк шифокор бўлди? Албатта, ноёб истеъдоди, беқиёс ақл-заковати билан. Лекин шунинг ўзи етарлимиди?

Маълумки, улуғ табиб Бухоро ҳукмдорини оғир дарддан даволайди. Шунда амир унга катта мол-дунё ва амал таклиф қилади. Ибн Сино бобомиз эса уларнинг барчасидан воз кечиб, фақатгина сарой кутубхонасидаги китоблардан фойдаланиш учун ижозат сўрайди. Ана шу китобларни ўқиб, ўз устида тинимсиз ишлаб, буюк аждодимиз оламшумул шуҳрат қозонади.

Такрор айтаман, тараққиёт ва юксалишга фақат илм, фақат таълим ва тарбия, фақат китоб орқали эришиш мумкин.

Мана шундай мисоллар барча тиббиёт ходимлари, айниқса, ёш врач ва ҳамширалар учун юксак ибрат намунаси бўлиб хизмат қилиши лозим.

Тиббиёт аҳли орасида касбий ҳалоллик ва поклик муҳитини мустаҳкамлаш, коррупция балосидан бутунлай қутулиш учун барчамиз – врач ва ҳамширалар ҳам, беморлар ҳам, раҳбар ва мутасаддилар ҳам биргаликда ҳаракат қилишимиз керак.

Шифокорнинг нафақат устидаги халати, энг аввало, кўнгли ҳам, қўли ҳам пок бўлиши лозим.

Унутманг, давлат тиббиёт тизимини ривожлантириш, соҳа ходимларини қўллаб-қувватлаш учун шунча катта маблағ ва ресурсларни сафарбар этаётган экан, энди бу борада ҳар қандай қонун бузилишларига, тамагирлик ва порахўрлик кўринишларига қарши қатъий кураш олиб боради.

Беморларни фақат дори билан эмас, балки меҳр билан, ақл билан даволаш ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Минг афсуски, соғлиқни сақлаш муассасаларида айрим шифокорларнинг аҳоли билан қўпол муомалада бўлиши, одамларни менсимаслик, ўз вазифасини суиистеъмол қилиши каби салбий ҳолатлар ҳамон учраб турибди. Бундай вазиятни ўзгартириш учун, аввало, тиббиёт ходимларининг маънавий дунёсини, беморлар билан мулоқот маданиятини юксалтириш зарур.

Донишманд адиблардан бирининг чуқур маъноли гапи бор: “Инсоннинг ҳамма нарсаси – қиёфаси ҳам, либоси ҳам, қалби ва фикри ҳам гўзал бўлиши керак”. Ўйлайманки, бу сўзлар авваламбор сизларга – тиббиёт аҳлига қарата айтилган.

Шахсан мен Президент сифатида сизларнинг машаққатли меҳнатингизни юксак қадрлайман. Қолаверса, шифокорнинг фарзанди бўлганимдан ғурурланаман. Шу сабабли барча тиббиёт ходимлари жамиятимизнинг энг маданиятли қатлами, зиёлиларимизнинг пешқадам вакиллари бўлишларини орзу қиламан.

Сизлар ана шундай юксак мақомга албатта муносибсиз.

Сизларни театр ва музейларда, концерт заллари ва кутубхоналарда янада кўпроқ кўришни истайман. Шу мақсадда республикамиз тиббиёт ходимларини давлат ҳисобидан театр ва концертларга бепул олиб бориш тизими ташкил этилади.

Халқимиз саломатлигини мустаҳкамлаш, миллий генофондимизни асрашда оналик ва болалик ҳамда оилани муҳофаза қилиш, ҳар томонлама баркамол авлодни вояга етказиш – бизнинг устувор вазифамиздир.

Бу борада, аввало, эртага она бўладиган ёш қизларимизга оилавий турмуш асосларини, бола парвариши ва тарбиясини ўргатиш бўйича ҳам ҳали кўп иш қилишимиз керак.

Ҳар қандай соҳа, жумладан, тиббиёт тизимининг эртанги ривожи ҳам ёшларга боғлиқ эканини ҳаммамиз яхши биламиз. Шу мақсадда соғлиқни сақлаш соҳасига кириб келаётган ёш шифокор ва ҳамшираларга кенг йўл очиб бериш, амалда ўзини оқлаган устоз-шогирд анъаналарини давом эттиришни бугун ҳаётнинг ўзи талаб этмоқда.

Маълумки, нафақат қадимги тарихда, балки яқин ўтмишда ҳам мамлакатимизда Восит Воҳидов, Ўктам Орипов, Ёлқин Тўрақулов каби машҳур шифокорлар ўз мактабларини яратганини ёши улуғ инсонлар яхши биладилар.

Бугунги кунда шифокорларимиз орасида Ўзбекистон Қаҳрамонлари, академиклар, кўплаб фан докторлари ва профессорлар бор. Улар ҳам ўзларининг илмий, тиббий-амалий мактабларига асос соладилар, деб ишонамиз. Бунинг учун қандай шароит ва имкониятлар керак бўлса, давлатимиз барчасини яратиб беришга тайёр эканини яна бир бор таъкидлайман.

Ҳурматли анжуман иштирокчилари!

Бугунги очиқ мулоқот, унда билдирилган аччиқ, аммо ҳаққоний ва холис фикрлар барчамиз учун ҳар томонлама фойдали бўлди, десак, тўғри бўлади.

Сизлар билан мана шундай янгича шаклда тиббиёт соҳасидаги муаммо ва камчиликлар, устувор вазифалар ҳақида батафсил фикрлашиб олдик. Кўпгина масалаларни ҳал этиш бўйича амалий ечимларни топдик. Уларни бажариш учун, ҳеч шубҳасиз, шифокорларнинг ўз устида ишлаши, иш услуби ва дунёқарашини ўзгартириши, замонавий билим ва кўникмаларни ўзлаштириб бориши, масъулияти ва жавобгарлиги ҳал қилувчи аҳамиятга эга.

Олдимизда турган бундай улкан ва долзарб вазифаларни амалга оширишда лоқайдлик, бепарволик ва сусткашликка йўл қўйишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Чунки гап инсон ҳаёти, инсон саломатлигини асрашдек ҳал қилувчи масала устида бормоқда. Ишонаманки, Ўзбекистон тиббиёт ходимлари бунга албатта қодир. Сизлар пандемия давридаги оғир шароитда халқимиз соғлиғини асраб қолиш учун чинакам қаҳрамонлик ва жасорат кўрсатганингиз бунинг яққол исботидир. Буни нафақат халқимиз, балки жаҳон ҳамжамияти ҳам эътироф этмоқда.

Ўйлайманки, бугунги анжуман мамлакатимизнинг тиббиёт соҳасини ривожлантириш йўлида туб бурилиш бўлиб хизмат қилади.

Айни вақтда аҳолимизнинг соғлиғини сақлашдек ғоят муҳим, таъбир жоиз бўлса, ҳаёт-мамот масаласини фақат биргина вазирликнинг зиммасига юклаб, қолганлар томошабин бўлиб четда турмаслигимиз керак. Бу барча соҳа раҳбарлари, ҳокимлар ва вазирлар, депутат ва сенаторларнинг, кенг жамоатчилик, бир сўз билан айтганда, ўзини шу юрт тақдирига дахлдор деб билган ҳар бир инсоннинг вазифаси ва бурчига айланиши шарт.

Азиз шифокорлар!

Ишончим комилки, бутун дунёда “тиб илмининг султони” деб шуҳрат қозонган буюк Ибн Синонинг ворислари бўлган сиз, азизлар билан бирга Янги Ўзбекистоннинг кучли ва самарали тиббиёт тизимини шакллантиришдек олдимизда турган улуғвор вазифани албатта муваффақият билан адо этамиз.

Барчангизни кириб келаётган Наврўз айёми билан чин дилдан табриклаб, эзгу ва хайрли ишларингизда ҳамиша ютуқ ва зафарлар ёр бўлишини тилайман.

ЎзА.