Огоҳлик ва ҳушёрлик ҳаётингиз хавфсизлигини таъминловчи муҳим омил. Қишнинг совуқ кунларида одамлар уйларини иситиш печларида газдан, керосин, кўмир ва бошқа ёнилғи-ёқилғилардан фойдаланишади. Бу табиий ҳол. Бироқ баъзилар ўзларининг ҳаётларини хавфга қолдираётгани ҳам сир эмас. Яширишдан не хожат. Яқинда вилоятимизда ис газидан заҳарланган шахслар шифохонага тушдилар, ачинарлиси, воқеа жойида ҳаёт билан видолашганларнинг ҳам борлигидир. Шундай салбий ҳолатлар юз бермаслиги учун нималарни билишу, қандай қоидаларга амал қилиш лозим бўлади? Бу ҳақда Наманган давлат университетининг "Физиология ва ҳаёт фаолияти хавфсизлиги" кафедраси ўқитувчиси Илҳомжон Қодиров батафсил маълумотлар беради.
Заҳарланиш - бу одам организмига турли заҳарларни кириш оқибатида юзага келадиган касаллик ҳолати. Жумладан, ис гази одам организмига нафас йўллари, овқат ҳазм тракти, тери орқали киради.
Унинг таъсири камаймаса, ўртача оғирликдаги заҳарланиш ривожланади. Бу даражадаги заҳарланишлар учун ҳушнинг йўқолиши, қорачиқларнинг кенгайиши, клоник ва тоник тутқаноқлар хос. Тана ҳарорати 38-40 даражагача кўтарилади. Баъзи ҳолларда сийдикнинг ва ахлатнинг беихтиёр келиши кузатилади. Зарарланган кишини ташқарига олиб чиқилса, тутқаноқлар камаяди, нафас ва қон айланиши тикланади. Хуши секин-аста ўзига келади. Айрим ҳолларда руҳий ўзгаришлар сақланиб қолади. Ўз вақтида ёрдам кўрсатилмаса, оғир заҳарланиш юз беради. Узоқ вақт ҳушига келмайди.Тутқаноқлар секин-аста камаяди, мушаклар бўшашади, нафас секинлашади. Ҳатто тўхтайди ҳам. 50 фоиз ҳолларда ўлим нафас марказининг фалажи оқибатида юз беради.
Маълумки, қиш фаслида табиий газга бўлган эҳтиёж ҳар қачонгидан ҳам юқори бўлади. Шундай пайтларда, аввало, табиий газдан хавфсиз ва оқилона фойдаланишга эътиборни кучайтириш талаб этилади. Айни шу мақсадда аҳоли ўртасида ис газидан заҳарланиш, газ-ҳаво аралашмасининг чақнаши каби бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш бўйича тарғибот тадбирларини кучайтириш мақсадга мувофиқ.
Ис гази (СО) рангсиз, ҳидсиз, корхона шароитида энг кўп учрайдиган заҳарли бирикма бўлиб, табиий газ, ёқилғи, кўмир, ўтин чўғлари тўлиқ ёнмаслиги оқибатида вужудга келади. Тутун таркибида 3 фоиз, ишланган газда 13 фоиз, портловчи газлар таркибида эса 50-60 фоизгача ис гази бўлади. Бундай ҳолатда шамоллатиш тизими яхши созланмаган, органик моддаларни ишлаб чиқарадиган корхоналарда, автоуловлар турар паркларда, янги бўялган ва ҳавоси алмаштирилмаган хоналарда, шунингдек, уй шароитларида табиий газ чиқиб турганда ва печка билан истиладиган хоналар, ҳаммом, дам олиш палаткаларида ёнувчи модданинг тўлиқ ёнмаслиги туфайли содир бўлиши мумкин.
У одам организмга нафас аъзолари орқали таъсир этади. Ушбу газ гемоглобин билан кислородга нисбатан 300 маротаба кучли бирикма - карбоксигемоглобин ҳосил қилади. Оқибатда гемоглобиннинг тўқималарга кислород ташиш хусусияти кескин пасайиб, гипоксияга, оғир ҳолатларда эса - аноксия ва ўлим ҳолатига олиб келиш хавфи кучли.
Ис газидан заҳарланиш кўпинча одамлар ухлаётганда, ёш болалар қаровсиз ётганда, алькогол ёки наркотикдан мастлик ҳолатида ёлғиз қолганда рўй беради. Кўпинча ис газидан одамлар ёнғин пайтида заҳарланади. Бундан ташқари, ис гази ёпиқ жойларда тўпланиши мумкин.
Ис газидан заҳарланиш унинг ҳаводаги концентрацияси ва таъсир муддатига боғлиқ бўлади. Заҳарланиш енгил, ўрта ва оғир даражаларда кечади. Бундай ҳолларда бош қаттиқ оғрийди, айланади, қусилади, ҳушдан кетилади ҳамда нафас олиш секинлашади. Баъзан ўлим билан тугайди. Касалманд кишилар, қариялар ва болаларга ис гази тезлик билан таъсир қилиб, кўнгилсиз ҳолатларга олиб келади.
Шуни унутмангки, хона ҳавосидаги ис газининг атиги 0,1 фоиз концентрацияси инсон организми учун ўлим даражасида хавфли ҳисобланади.
Ёқилғи маҳсулотлари ичида бошқаларига нисбатан хавфлироғи табиий газдир. Унинг тўлиқ ёнмаслиги, оқимининг бехосдан узилиб қолиши, хона ичида газ тўпланиши салбий ҳодисаларга сабаб бўлади. Газни ёқиб, қаровсиз қолдириш асло ярамайди.
Аҳоли орасида ис газидан заҳарланиш ҳолатлари, газ тармоқларидаги авариялар ҳамда уларнинг оқибатида юзага келиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятлар сони сўнгги вақтда тез-тез кузатилмоқда.
Аксарият ҳолларда ис газидан заҳарланиш ва газдан чақнашлар табиий газ ва муқобил ёқилғи турларида ишловчи иситиш печлари ва бошқа жиҳозлардан хавфсиз фойдаланиш қоидаларига риоя қилмаслик, ностандарт (қўлбола ясалган) ва чет элда ишлаб чиқарилган, сертификатга эга бўлмаган иситиш ускуналари, газ сўриш насосларидан фойдаланиш оқибатида юзага келаётгани аниқланди.
Сир эмаски, қиш мавсумида ҳаво ҳароратининг кескин пасайиб кетиши билан фуқароларимиз томонидан хонадонларни иситиш мақсадида турли хилдаги ёқилғи маҳсулотлари, ҳар хил турдаги иситиш ва газ ускуналаридан фойдаланишга бўлган эҳтиёж кундан кунга ортиб бормоқда. Бу эса ўз навбатида ёнғин ва техника хавфсизлиги қоидалари талабларини бузилиши оқибатида хонадонларда табиий газ ва ҳаво аралашмасининг чақнашига, фуқароларнинг ис газларидан заҳарланиб қолиш эҳтимолининг ошишига олиб келмоқда.
Афсуски, жойларда олиб борилаётган тушунтириш ва тарғибот тадбирларига қарамасдан аҳоли орасида табиий ва ис газларидан заҳарланиш, турли хил тан жароҳатлари олиш билан боғлиқ нохуш ҳолатлар учрамоқда.
Табиий газ ва ис гази орқали заҳарланиш билан боғлиқ фавқулодда вазиятлар келиб чиқишига қуйидагилар сабаб бўлиши мумкин:
- табиий газнинг тўлиқ ёнмаслиги оқибатида ҳосил бўладиган ис газининг салбий таъсири;
- хонадонлар иситиш тизимларига табиий газнинг уланишида меъёрий талабларга риоя этилмаслиги;
- табиий газдан фойдаланишда техника хавфсизлиги қоидаларига риоя қилинмаслиги;
- иситиш учун мўлжалланган печкалар ҳамда мўриларнинг соз ҳолатда эмаслиги, яхши тозаланмаганлиги ва бошқалар;
Бундай ҳолатларни олдини олиш учун эса қуйидаги оддий қоидаларга қатъий амал қилиш зарур:
* печлар, қозонхоналар, сув иситиш колонкаларининг созлиги, мўриконларининг тозалигини текшириб чиқинг;
* носоз, ностандарт, қўлбола ясалган иситиш ва газ мосламаларидан фойдаланишига асло йўл қўйманг;
* болалар ва имконияти чекланган кишиларни назоратсиз қолдирманг;
* табиий газдан фойдаланишда турли хилдаги резина шланглар, турли хил газ сўрғичлардан фойдаланманг;
* чет давлатларда ишлаб чиқарилган иситиш мосламаларидан фақат йўриқнома билан яхшилаб танишиб чиққандан кейингина фойдаланинг;
* портатив газ плиталаридан очиқ ҳаводагина фойдаланинг;
* Бензин билан ишловчи электр токи генераторини ёпиқ жойларда қолдирманг.
Агар хонага табиий газнинг тўлиб қолганлигини сезиб қолсангиз:
* газ плиталари ва иситиш печларини газ тармоғидан ўчиринг;
* дарров эшик ва деразаларни очиб, хонани шамоллатинг;
* хонада электр жиҳозларини ёқманг, ёниқ бўлса ўчирманг, чунки бу ёнғин ёки газ ва ҳаво аралашмасининг чақнашига сабаб бўлиши мумкин;
* агар газ чиқаётган жойни ўзингиз аниқлай олмасангиз, 104 телефони орқали шаҳар ва туман газлаштириш идоралари авария таъмирлаш гуруҳларига қўнғироқ қилинг.
Юқоридаги қоидаларига риоя қилиш орқали ўзингиз ва яқинларингиз ҳаётини, мол-мулкингизни фавқулодда вазиятлардан ва нохуш ҳолатлардан асраб қоласиз.
Ис газидан заҳарланганда биринчи ёрдам кўрсатишни яхши билиб олинг:
Биринчи ёрдам кўрсатиш учун, аввало, ис газини организмга киритилишини тўхтатишдан иборат. Заҳарланган кишини зудлик билан тоза ҳавога олиб чиқиш керак. Агар бунинг иложи бўлмаса, эшик ва деразаларни очиб хонани шамоллатиш зарур. Унинг бурни олдига нашатир спирти билан ҳўлланган пахта бўлаги келтирилади, кўкрак қафасининг олдинги юзаси ишқаланади, оёқларга грелка, кўкракка ва орқага ханталма қўйилади. Юзаки нафас олишда ёки нафас олиш тўхтаб қолганда сунъий нафас олдира бошлаш лозим. Агар бемор ҳушида бўлса, тананинг юқори қисмини қисиб турувчи кийимлардан бўшатилади, иссиқ чой ва қаҳва ичирилади. Жабрланган одамда пульс ва нафас олиш сезилмаса, сунъий нафас ва юракнинг ёпиқ массажини ўтказинг. У ҳушсиз бўлса, пульс ва нафас бор бўлса, дарров ёнбошлатиб ётқизиб, сиқиб турувчи кийимларини ечиб, бўйин ва кўкрак соҳасини очинг. Нафас тўхтаганда ўпкаларнинг сунъий вентиляцияси ўтказилади, кислород берилади, нафас стимуляцияси учун лобелин ёки цититон қилинади. Нафас марказининг фаолиятини яхшилаш мақсадида кордиамин ёки кофеин, тутқаноқ маҳалида хлоралгидрат(даволовчи клизма билан), фенобарбитал тавсия қилинади. Асосий даволаш чораси оксигенотерапиядир.
Шундай экан, ҳудудий оилавий поликлиникалар, қишлоқ врачлик пунктларида ишлаётган умумий амалиёт шифокорлари, педиатр, тор доирадаги мутахассис, ўрта маълумотли тиббиёт ходимлари, қолаверса, кенг жамоатчилик аҳоли ўртасида табиий газдан тўғри фойдаланиш қоидалари, шунингдек, унинг саломатлик учун хавфли эканлигини ўз вақтида тушунтириб, тарғибот ишларини олиб борсалар, албатта, бундай кўнгилсизликларнинг олдини олишга эришган бўламиз.
Илҳомжон ҚОДИРОВ,
НамДУ ўқитувчиси.