Баъзи кишилар истеъмол қилаётган овқатнинг сифатига қарамай, қаттиқ панд еб қоладилар. Бундай ҳолат кўпинча консерва маҳсулотлари, қўзиқорин ва бошқаларни истеъмол қилганда рўй бериши мумкин.
Ботулизм аслида колбасадан заҳарланиш тушунчасини беради. У асаб тизимини заҳарланиши билан кечади. Бузилган овқатни егандан 6-48 соат ўтгач, касаллик бошланади. Айрим маҳалда 3-7 кундан кейин ҳам рўёбга чиқади. Бу организмнинг чидамлилигига боғлиқ.
Заҳарланишнинг аломатлари қуйидагича: кўнгил айнийди, қусиш юзага келади, ич кетади, баъзан истима чиқади. Агар ботулизм белгилари сезилса, ўша заҳоти врачга мурожаат этиш, шифохонага ётиш зарур. Акс ҳолда беморнинг аҳволи борган сайин оғирлашеверади. Энг ёмони, вақтида врачга учрамаганларнинг тўла соғайиб кетиши чўзилади. Бемор узоқ вақтгача тузалмай, 6-12 ойгача ўзини яхши ҳис этаолмайди. Айримлар юрак парогини орттириб олади, асаб тизими зарарланиши оқибатида бир умрга ногирон бўлиб қолишлари хавфи ҳам мавжуд. Демак, овқатланишда эҳтиёткорлик жуда-жуда зарур ҳисобланади.
Ботулизм заҳри 20 дақиқа қайнатгандан сўнггина парчаланади. Овқат маҳсулотларида тузнинг юқори концентрацияларида ва консерваларда узоқ сақланади. Қўзғотувчининг кўпайиши ва токсин ишлаб чиқариши учун кислородсиз муҳит қулай ҳисобланади.
Агар зийрак бўлмасангиз, зарарланган ва токсин пайдо қилган маҳсулотлар бир қарашда бузилганга ўхшамайди. Кўринишидан сезилмайди. Фақат мазаси тахирлашади. Рангги ва суюқ-қуюқлиги ўзгаради.
Касаллик қўзғотувчи микроблар одам ва иссиқ қонли ҳайвонлар ичагида ҳеч қандай аломатларни вужудга келтирмай яшайди. Сигир, от, чўчқа, товуқ ва кемирувчилар ичагида кўпроқ кузатилади. Ичакдан нажас орқали ташқи муҳитга тушган қўзғотувчилар спораларга айланиб, сувда, тупроқда ва ўсимлик баргларида, ўтларда, бедада сақланади, касаллик чақиради. Айниқса, гўнг солинган тупроқда қўзғотувчилар кўп бўлади. Озиқ-овқат маҳсулотларига ўша тупроқ чанглари қўнганда хавф туғилади.
Шунингдек, колбаса тайёрлашда яхши тозаланмаган ичакдан фойдаланиш, гўштни етарлича қайнатмаслик сабабли маҳсулотлар тез бузилиб, ботулизмга олиб келади.
Уйда маҳсулотлар консерваланганда хатога йўл қўйиш мумкин эмас. Санитария-гигиена талабларига қатъий амал қилиш, банка беркитиш қоидаларига тўла мувофиқ иш тутиш шарт. Бу билан ўзингизнинг ҳам, ўзгаларнинг ҳам овқатдан заҳарланиб қолишининг олдини олган бўласиз.
Тоҳиржон ПАРПИЕВ,
Чуст туман "Саломатлик маркази" врачи.