РЕПРОДУКТИВ САЛОМАТЛИК - СОҒЛОМ ОНАЛИК ГАРОВИ

Репродуктив саломатлик иборасининг мазмун-моҳияти ана шундай. Лекин бундай саломатлик фақат аёлнинггина эмас, эркакнинг ҳам ўзидан соғлом зурриёт қолдира олиш чоғидаги ҳолатидир, дейиш янада тўғрироқ бўлади. Демак, ўсмир йигит-қизларнинг саломатлигига жиддий эътибор қаратиш билан кутилган мақсадга эришилади.

Маълумки, 16-17 ёшли қизларнинг организми ҳали тўла етилмайди. Эрта турмуш қуриш бехосиятлигини сира унутмаслик зарур. Ҳомиладорнинг ҳолати туғилажак чақалоқнинг ҳолатига узвий боғланиб кетади, яъни носоғлом аёлдан соғлом боланинг дунёга келиши хомхаёл. Ҳар бир оила соҳиби билиши лозим бўлган ҳаётий ҳақиқат, яъни соғлом фарзандни бағрига босиш туғруқлар оралиғи уч йилдан кам бўлмаслигига амал қилиш билангина насиб этмайди. Бу истакка эришишнинг кўпгина тиббий талаблари бор: оила фаровонлигини таъминлаш, руҳий хотиржамликни сақлаш, салбий безовталикларнинг олдини олиш, скрининг текширувларидан ўтиш, врач маслаҳатларига риоя қилиш энг асосийларига киради. Яна бошқа қўшимча омилларни ҳам эътибордан четда қолдирмаслик истакларингизнинг тўла рўёбига ёрдамлашади.

Афсуски, кейинги йилларда аёлларимиз ҳаётига сут бези ва бачадон бўйни саратони хавф солаётир. Агар эрта аниқлансаю, муаммога осонроқ, енгилроқ ечим топилади. Кечикилса эса...

Қуйида мутахассисларнинг ўзлари ҳар икки касалликни тафсифлаб беришади.

 

СУТ БЕЗИ САРАТОНИ

Лутфия БОЗОРОВА,

диспансернинг маммология бўлими мудири

Маслаҳатимиз муқаддимасидаёқ айтишимиз жоизки, оналар икки ҳолатга ҳушёр қарашлари шарт: биринчиси - ҳайз циклидан олдин сут безларида шиш ва оғриқ бўлса, иккинчиси - кўкракдаги сўрғичдан сувли ёки гўшт селига ўхшаш ажралма кела бошласа, учинчиси - сут безида қаттиқлик сезилса, терининг ранги ўзгарса, тўртинчиси - қўлтиқ ости қисмидаги лимфа тугунларининг катталашгани, қаттиқлиги билинса. Бу зудлик билан онколог-врач ҳузурига боришга етарли сабабдир.

Диспансеримизда маммограф аппарати ишлатилади. Унга 35 ёшдан ошган аёлларимиз тушишига тавсия берилади. Маммография текшируви кўкрак бези саратонини эрта босқичда аниқлашнинг энг самарали усули. Унда кўкрак безида ҳосил бўлган барча ўзгаришлар ҳатто кичик ўсмаларгача кўринади. Аёллар аслида йилда икки ёки бир марта биз маммологларга учраб туришса, назоратимиздан ўтишса, ўзларининг саломатликларига етарли қайғурган бўлишарди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига қараганда, ҳар йили 1 миллион аёл сут бези саратонига чалинар экан. Уларнинг ярмидан кўпроғи врачга кеч мурожаат қилганликлари оқибатида дард қурбонига айланишади. Рақамларнинг ўзиёқ одамнинг юрагида қўрқув, ҳадик уйғотади, қаттиқ ўйлатади. Масала жиддий, долзарб ва муаммоли. Бироқ оналар ҳаётига туғилаётган хавфга қарши тиббиётчилар, айниқса бирламчи бўғин шифокорлари ҳам, аёллар ҳам биргаликда астойдил курашишса, уни тўхтатишимиз, чекинтиришимиз имкониятлари йўқ эмас.

Сут бези саратони ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолмайди. Сурункали гинекологик касалликлар, яъни бачадон ва тухумдон шамоллаши, буқоқ, турли гепатитлар, нотўғри турмуш тарзи, қаттиқ сиқилиш, стрессга тушиш, жинсий фаолиятнинг издан чиқиши, хайз жараёнининг бузилиши, кўп аборт саратонни юзалантиради. Дастлабки босқичдаёқ аниқланса, беморнинг ҳаёти ортиқча хавфдан халос қилинади. Бунинг учун хасталик белгиларини билиб олиш керак. Сут безида тугун ҳосил бўла бошлашида, яъни нўхотдеклигида сезиб қолинса, олам гулистон. Сезмасангиз катталашиб, сут бези шакли ўзгариб боради. Ана унда... ўзингиз тушундингиз. Ўсманинг аксарияти сўрғич билан боғлиқ ҳолатда терига қўшилиб туради. Сўрғичдан қон чиқиши ҳам кузатилиб қолади. Қўлтиқ остидаги лимфа тугунлари катталашади. УТТ ва маммография буларга янада аниқлик киритади.

Кўкрак саратони билан оғриган беморлар дастлаб кимётерапия, кейин нуртерапия муолажаларини оладилар. Энг сўнггиси, жарроҳлик амалиётидир. Одамлар орасида кимё ва нур қабул қилишни ваҳимали тушунишади. Тўғри, бунда беморда бироз қувватсизлик ва сочларнинг тўкилиши кузатилади. Бироқ барчаси вақтинчалик жараён, кейин тикланиб кетади. Энг муҳими, кимё ва нур олиш туфайли саратон ҳужайралари ўлдирилади, касаллик бартараф эта борилади.

 

БАЧАДОН БЎЙНИ САРАТОНИ

Хурсаной МАЪРУФОВА,

диспансернинг гинекология бўлими мудири

"Тиббиёт энциклопедияси"да ёзилганидай: рак тўсатдан пайдо бўлмайди, кўпинча рак нишонаси деб аталиб, сурункали кечадиган патологик ўзгаришлардан сўнг ривожланади, шунингдек, тери, меъда, бачадон бўйнидаги узоқ вақт битмайдиган яралар, полиплар, сут безлари фиброаденоматози ва ҳоказолар оқибатида ҳам пайдо бўлади. Аммо шу касалликлардан ке­йин, албатта, рак ривожланади деб бўлмайди, чунки ракка сабаб бўладиган касалликлар ўз вақтида узил-кесил даволанса, унинг олдини олиш мумкин. Ракнинг характерли хусусиятларидан бири шуки, тўқимада ўсма ҳосил бўлиб, ривожлангандан кейингина касаллик белгилари юзага чиқади ва ўсма ўсаётган аъзо фаолияти кескин бузилади". Унгача организм "тинч" тургандек туюлаверади. Ҳеч қаери оғримаган инсон шифокор кўригига боришни ўйлаб кўрмаслиги панд беради. Соғ­лиққа бундай муносабатда бўлиш яширин кечаётган саратоннинг ривожланишига олиб келишини ҳар доим ёдда сақлашимиз керак.

Бачадон бўйни саратони ҳам илк босқичларида аломатсиз ва белгиларсиз яшай бошлайди. Нафақат аёл соғлигига, балки ҳаётига ҳам хавф туғдиради. Саратонни ОПВ - одам папилома вируси чиқаради. Касаллик 3-10 йил давомида ривожланади. Бачадон бўйни ҳужайраларида шундай ўзгаришлар юз берадики, одатдаги нормал ҳужайралар атипик ҳужайраларга айланади. Яъни дисплазия рўй беради. Ҳозирда уни аниқлашнинг цитологик скрининг усули-бачадон бўйнидан суртма олиш ва микрос­коп остида текшириш йўлга қў­йилган.

Ўсмаларнинг туғилиши ва ўсиши ҳам инсоннинг турмуш тарзи билан узвий боғлиқ. Кам ҳаракатлилик, ёғли таом ва ширинликларни кўп миқдорда истеъмол қилиш каби нотўғри овқатланиш, семириш, тана вазнининг меъёридан ортиши, зарарли одатлар, руҳий изтироблару асабийлашишлар, тиббий кўрикка лоқайд қарашлар саратонга сабабчилардир, десак асло хато эмас.

Бачадон бўйни саратонининг асосий белгилари сифатида қориннинг пастки соҳасида оғриқ, бачадондан ажраладиган турли оқмалар, мунтазам қон келиши, ҳайз кўриш тартибининг бузилишини айта оламиз. Бундай аломатлар ортида оғир кўргуликлар пайт пойлаб "ётганини" тезда аниқлаш шарт. Акс ҳолда қанча кечикилса, шунча даволаш имконияти бой берилаверади.