Аслида аввалроқ никоҳ масаласига масъулият билан қарасак, ҳеч қандай муаммога ўрин қолмас эди. Бизнинг урф-одат ва анъаналарга кўра, никоҳ кўпроқ ота-она ва бобою-бувиларнинг аралашуви билан амалга оширилади. Уларнинг ножоиз орзу-ҳаваси кейинроқ жиддий муаммоларни келтириб чиқаради. Қариндошлар орасидаги никоҳ туфайли юзага чиқадиган ирсий (наслий) касалликлар, уларнинг оқибатлари тўғрисида илмий асосланган маълумотлар аҳоли ўртасида кенг тарғиб қилинаётган бўлса-да, афсуски ҳали тўла маънода ижобий натижаларга эришилмаётир.

Ўзбекистон Республикасининг Оила Кодексида яқин қариндошлар никоҳи таъқиқланган. Чунки, соғлом авлодни дунёга келтириш оилани мустаҳкамлайди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 18 июндаги "Болаликдан ногиронлар туғилишининг олдини олиш, туғма ва ирсий касалликларни барвақт аниқлаш тўғрисида"ги Қарори қабул қилинган. Оилада соғлом муҳитни яратиш орқали насл баркамоллигига эришилади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 25 августда қабул қилинган "Никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш тўғрисида"ги Низомни тасдиқлаш ҳақида"ги қарори асосида оила қураётган барча ёшлар тиббий кўрикдан ўтказилмоқда. Амалда ўрнатилган тартибга мувофиқ, икки ёшга доимий турар жойларидаги ФҲДЁ ходимлари томонидан тиббий кўрикдан ўтиш учун бепул йўлланма берилади. Улар касалликнинг бирор тури аниқланса, даволаш чора-тадбирлари бўйича маслаҳат ва тавсиялар олишга ҳақлидир.

Замонавий технологиялар воситасида туғма нуқсонларни аввалдан аниқлаш мумкин. Бу она ва бола учун мутлақо зарарсиз ҳисобланади. Бир умр имконияти чекланган бола учун қайғуриб яшагандан кўра, бунга йўл қўймаслик чораларини кўриш зарур. Бу эса оила қураётган шахсларнинг ўз қўлида. Ҳар бир оила қураётган йигит-қиз туғма ирсий (насл) касалликларни келтириб чиқарувчи омиллардан хабардор бўлиши керак. Улар қуйидагилар:

- яқин қариндош-уруғларнинг оила қуриши, яъни амаки ёки амакиваччалар, иккинчи ва учинчи авлодга мансуб ака-укалар, опа-сингиллар, жиян-амакилар орасида никоҳ расмийлаштирилса;

- ҳомиладорлик даврида аёл киши 35, эркак киши 40 ёшдан ошган бўлса;

- ҳомиладор аёлга зарарли ва ҳавфли омиллар - радиация, электромагнит нурлар, кимёвий бирикмалар, симоб ва қўрғошин бирикмалари, нефть ва нефть маҳсулотлари таъсири, спиртли ичимликлар, никотин-тамаки, гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш, айрим препарат ва дори-дармонлардан нотўғри фойдаланса;

- аёл ва эркакда сурункали қалқонсимон без, қандли диабет касалликлари учраса;

- аёл ва эркак юқумли касалликлар - қизилча, токсоплазмоз, хламидиоз, цитомегаловирус, герпес ва бошқа юқумли касалликлар билан оғриса;

- ҳомиладорлик даврида аёл тўлақонли ов­қатланмаса, оилавий низо ва келишмовчиликлар рўй берса, стресс ҳолатида кўп юрса.

Юртимизда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш давлат сиёсати даражасида. Шундай экан, соғлом авлодни дунёга келтириш, қариндош-уруғлар ўртасидаги никоҳнинг олдини олиш муҳим вазифа бўлиб қолаверади.

Барчиной АҲМЕДОВА,

Жамият саломатлиги ва соғлиқни

сақлашни ташкил этиш илмий-тадқиқот институти Наманган вилоят бўлинмаси бўлим мудири.