Касалликдан дарак берадиган даврда кўпчилик беморда ҳайвон тишлаган жойда ёки шу жойдан ўтган асаб толаларида ачишиш сезилади, кейин тортишиб оғрийди, оғриқ ҳайвон тишлаган жойидан юқори томон йўналади. Касалликнинг характерли хусусияти шуки, беморнинг кайфияти тушиб кетади, юраги сиқилиб, ғам-ғуссага ботади. Уйқусида безовта бўлади ва қўрқинчли тушлар кўради. Иштаҳаси бўлмайди.

Беморнинг аҳволи бир икки кун шундай туради, кейин нафас олиши ва юрак фаолияти бузилади, ҳарорати кўтарилади ва касалликнинг қўзғалиш даври бошланади. Бу пайтда бемор жуда безовта бўла бошлайди ва суюқликни ҳам қийналиб ютади. Ташналикдан азобланади, сув берилишини сўрайди, пиёладаги сувга очкўзлик билан ёпишади, сувни оғзига ҳам олиб боради, бироқ ичмоқчи бўлганда инграб, энтикиб сувли пиёлани улоқтириб юборади. Кўзлари чақчайиб кетади, қўрқинчли юзидан азоб чекаётгани билиниб туради. У сув ича олмаётганидан нолийди. Бу ҳолатлар шунчалик азоб берадики, ҳар гал сув ичмоқчи бўлганда қўрқувга тушади. Буни гидрофобия (сувдан қўрқиш) де­йилади.

Касаликнинг асосий белгиларидан яна бири шамолдан ёки ҳаво ҳаракатидан қўрқиш-аэрофобия ҳам кузатилади. Бундан ташқари бемор ёруғликдан, шабада ва баланд овоздан ҳам қўрқадиган бўлиб қолади. Қисқача қилиб айтганда, бундай беморлар инсон сезги органлари орқали қабул қилинувчи барча табиат неъматларидан чўчийдиган аҳволга тушади. Беморнинг гаплари аста-секин пойма-пой бўлиб қолади, кўзига ҳар хил нарсалар кўринади, қулоғига ваҳимали товушлар эшитилади.

Бемор қийналганда энтикиб эмаклайди, устидаги кийимларини йиртиб юборади, ўзини тимталаб ташлайди. Бу аломатлар тез-тез қайтарилиб узоқ давом этади. Бемор кўп сўлак ажратади, касаллик авжига чиққан даврида беихтиёр сийиб юборади ва ичи кетади. Касалликнинг бу босқичи 1-2 кун давом этгандан сўнг фалажлик даврига ўтади. Бу узоқ давом этмайди. Одатда тиришиш хуружларидан кейин оёқлар чала фалаж бўлиб қолади, сўнгра қўллар ҳам ишламайди. Бемор қимирлаёлмай ўрнида ётади. Охир оқибат тўсатдан ҳушидан кетади ва ўлим содир бўлади.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ушбу касалликни даволаш усуллари ҳозиргача кашф этилмаган бўлса-да, олдини олиш мумкин. Бунинг учун қуйидаги тавсияларга қатъий амал қилиш талаб этилади:

- дайди ит-мушукларни йўқотиш ва ёввойи йиртқич ҳайвонлар сонини ҳисобга олиш йўли билан инфекция манбаини тугатиш.

- аҳоли яшаш жойларида уй ҳайвонлари ва итларни боқиш қоидаларига қаттиқ риоя қилиш;

- уйда боқиладиган ҳар бир ит ёки мушукни вақти-вақти билан ветеринария кўригидан ўтказиб, уни ҳар йили қутуришга қарши эмлатиб туриш;

- ит ва мушукларни уйларда қўшнилар розилиги билан фақатгина боғланган ҳолда сақлаб, бегона ит ва мушуклар билан алоқада бўлишининг олдини олиш;

- ит ва мушукнинг хатти-ҳаракатида ўзгариш бўлса, яъни соғлиги ёмонлашса, ҳайвон ёки одамни тишласа, дарҳол ветеринария мутахассисига хабар қилиш;

- ҳовлида, кўчада, майдон ва далаларда ҳамда ташкилот ва муассасаларда эгасиз дайди итлар учраганда, хонадондаги ит ёки мушук кераксиз бўлиб қолганда шаҳар ва туман ободонлаштириш  бошқармасининг қаровсиз ҳайвонларни тутиш бўлимига хабар бериш;

- одам ёки ҳайвонни тишлаган итни урмаслик ва ўлдирмасдан 10 кун давомида ветеринария кузатувида бўлишини таъминлаш;

- ҳар қандай ҳайвон жароҳатланганда (тишлаганда, тирнаганда ёки сўлаги текканда) зудлик билан тиббий ёрдам муассасасига мурожаат этиш ва белгиланган тартибда эмлаш курсини олиш.

Юқоридагиларга амал қилишни унутманг!

И. ҚОЗОҚОВ,

вилоят ДСЭНМнинг

ўта хавфли касалликлар бўлими мудири.