Касаллик қўзғатувчисини биринчи бўлиб ҳарбий врач Д. Брюц аниқлаган. Унинг қўзғатувчисини "бруцелла" ва касалликнинг ўзини эса "бруцеллёз" деб атаган. Касаллик одамга қишлоқ хўжалиги ҳайвонлари орқали юқади. Ҳайвонларда касаллик 25-30 фоиз ҳомиладор бўлмаслик, 70-80 фоиз ҳомиланинг тушиши билан кечади. Уларнинг сути камаяди ва озиб кетади. Ташқи муҳитга сути, ахлати, сийдиги ва ҳомила суюқлиги орқали миллиардлаб қўзғатувчини ажратиб чиқаради.

Касаллик қўзғатувчиси одам организмига турли хил йўллар билан киради:

- ошқозон-ичак йўларидан;

- юқори нафас йўлларидан;

- кўз шиллиқ қаватидан;

- теридаги майда жароҳатлардан.

Касалликнинг майда шохли ҳайвонларда учрайдиган турининг юқиш эҳтимоли бошқа ҳайвонлардагига қараганда анча юқори ҳисобланади.

Касаллик инсон организмида қуйидагича кечади:

Яширин даври -1-2 ҳафтани ташкил этади, айрим ҳолларда 2 ойгача чўзилиши мумкин. Сўнг касаллик ўткир бошланиб, тана ҳарорати 39-40 даража кўтарилади ва иситма 3-7 кун, баъзида ундан ортиқ давом этади. Касаллик тана ҳароратининг кўтарилиши, совуқ қотиб қалтираш, кўп терлаш билан ўтади. Беморга ўз вақтида ташхис қўйиб, даволаш ишлари олиб борилса, тўлиқ соғайиб кетади. Аксинча бўлса, бруцеллёз шиддатли ривожланиб инфекцион аллергия натижасида организмда тўлқинсимон иситма, суяк-бўғим тизимнинг яллиғланиши (периартрит, спондалит, остеоартрит, бурсит, тендовагенит ва миозит) гепоталенал синдром, лимфоаденопатия, миалгия, нерв, юрак-қон томир тизимларининг зарарланиши кузатилади. Бу ҳолат охир оқибат ногиронликка олиб келади. Касаллик туфайли эркаклар ҳамда аёллар жинсий органларининг яллиғланиши кузатилиб, бепуштликгача олиб бориши эҳтимолдан ҳоли эмас.

Касалликни олдини олиш учун қуйидагиларни унутманг:

- шахсий гигиена қоидаларини;

- мумкин қадар парваришлар жараёнида резина қўлқоп, этик кийиш ва зарур бўлганда пахта докали ниқоб тақиб ишлашни;

- ветеринария-санитария қоидаларига амал қилишни, ҳайвонларни вақти-вақти билан ветеринар кўригидан ўтказиш ва бруцеллёзга қарши эмлатишни;

- сут ва сут маҳсулотлари сотиб олиш хавф­сизлиги тўғрисида ҳужжатлари бор ёки йўқлигига аҳамият беришни;

- хавфсизлиги кафолатланмаган гўшт, сут ва сут маҳсулотларини сотиб олмасликни;

- тана ҳарорати кўтарилганда, бел ва бўғимлар оғриганда ўз вақтида шифокорга мурожаат этишни.

Юқоридаги тавсияларга амал қилсангиз, бруцеллёз касаллигидан ўзингиз ҳамда оила аъзоларингизни асраган бўласиз.

Ў. ҲОШИМОВ,

вилоят ДСЭНМ

ўта хавфли касалликлар бўлими

врач-эпидемиологи.