Касаллик қайнатилмаган сувни ичганда, ҳўл меваларни ювмасдан ва яхши сақланмаган, узоқ вақт туриб қолган овқатларни истеъмол қилганда, кимёвий моддалар аралашмаси асосида тайёрланган салқин ичимликлар ичганда, ифлосланган очиқ сув ҳавзаларида чўмилиш ва хасталанган беморларнинг умумий идишларидан фойдаланилганда юқади. Шу билан бирга ўткир юқумли ичак касалликлари тарқалишида ифлосланган қўл, кир ўйинчоқлар ва пашшалар ҳам омил бўлади.
Тана ҳароратининг кўтарилиши, кўнгил айниш, қайт қилиш, қорин оғриши, ичнинг қайта-қайта ва суюқ келиши касалликнинг асосий белгилари ҳисобланади. Ичнинг суюқ кетишида бемор, айниқса болалар кўплаб суюқлик йўқотади. Суюқлик билан бирга бемор болалар организмида озиқ моддалар танқислиги юзага келади. Бунинг натижасида беморнинг тана аъзолари фаолияти кескин бузилиб, ҳаёти хавф остида қолади.
Хасталик камқон, рахит, йод танқислиги бор болаларда оғир кечади. Агар боланинг ичи кунига икки ва ундан кўпроқ келса ёки ахлати жуда суюқ бўлса, диареяга чалинганидан далолат.
Яқинларингиз ва ёш болаларингизда ушбу ҳолатлар кузатилса дарҳол шифокорга мурожаат қилинг. Шифокор келгунга қадар беморга регидрон ва бошқа тузли эритмалар ёки оддий қайнатилган сув бериб туринг. Бемор танасининг сувсизланишига асло йўл қўйманг.
Шунингдек, болага суюқлик сифатида тез-тез, оз-оздан регидрон эритмаси, гуруч қайнатмаси, анор пўстлоғининг дамламаси, газланмаган минерал сув беришингиз мумкин. Агар бола кўкрак ёшида бўлса, уни одатдагидан кўра кўпроқ эмиздирган маъқул.
Касаллик даврида фарзандингизга ширин таомлар ва газланган ичимликлар берманг, бу ич кетишини янада кучайтириши мумкин.
Диареянинг олдини олиш учун болаларни сувни қайнатилган ҳолатда ичишга, овқатланишдан олдин ва хожатхонадан кейин албатта қўлларни совунлаб ювишга одатлантиринг. Ҳўл меваларни ювиб истеъмол қилиш, тез бузиладиган озиқ-овқат маҳсулотларини музлатгичда сақлаш, чўмилиш ҳавзаларида сувнинг тозалигига ҳамда чўмилиш жараёнида сув ютмасликка эътибор беринг.
Умуман олганда, ўткир юқумли ичак касалликларидан сақланай десангиз санитария-гигиена талабларига амал қилинг. Хонадонларнинг саранжом-саришталиги, озодалиги ва соғлом турмуш тарзи барча оила-аъзоларингиз саломатлигини сақлашда муҳим роль ўйнайди.
Ғофуржон ПАЙЗИЕВ,
Наманган шаҳар ДСЭНМ бош врачи,
Севара ҚОДИРОВА,
врач-эпидемиолог.