ОИВ вируси ташқи муҳитга чидамсиз, инсон организмидагина яшайди ва кўпаяди. Касаллик инфекцияси юқиш давридан бошланади ва инсон ўлимига қадар кўп йиллар давом этади. Унинг тарқалишида беморлардан кўра, вирус ташиб юрувчилар хавфли. Инфекция аста - секин инсоннинг иммун тизимини заифлаштиради ва сўнг­ги босқичи орттирилган иммунитет танқислиги синдроми (ОИТС)ни юзага келтиради.

"Аср вабоси" дея ном олган ОИТС ва гиёҳвандлик бугунги кунга келиб, инсониятни чуқур ўйга толдирадиган, даъвосиз дард сифатида ер юзида тобора илдиз отиб бормоқда.

Касаллик асосан зарарсизлантирилмаган тиббий ва маиший жиҳозлар орқали, қон қуйиш, пала - партиш жинсий алоқада бўлиш ва онадан болага йўлдош орқали, туғруқ даврида ёки кўкрак сути орқали юқиши мумкин. Ҳозирда асосан томирга гиёҳванд моддалар қабул қилувчилар ва тартибсиз ҳаёт кечирувчилар орасида кўпа­йиб бормоқда.

Касаллик лаборатория таҳлиллар натижаси билан биргаликда узоқ, муддатли йўтал, кенг тарқалган қичимали тери яллиғланиши, қайталанувчи учуғли тошмалар, оғиз, томоқ замбуруғли тошмалар, лимфа тугунларининг катталашиши, бир ойдан ортиқ сурункали диарея, иситма, қисқа вақт ичида тана вазнининг 10 фоиздан ортиқ йўқолиши ва бошқа клиник кўринишларда юзаланади.

Одамлар ОИТС ҳақида гапирганда одатда жуда қўрқадилар, лекин юқиши ва олдини олиш йўллари ҳақида тўла маълумотга эга эмаслар. Шу боис бу масалага қисқача тўхталамиз. Касалликни юқиши учун беморнинг бирор бир биологик суюқлиги (қон ёки жинсий аъзолар суюқликлари) бошқаларнинг зарарланган тери ва шиллиқ қаватига тушсагина рўй беради, хавф туғдиради. ОИВ - одам иммунотан­қислиги вируси билан зарарланган ҳомиладор аёлларда беихтиёр бола ташлаш, туғилган чақалоқнинг оғирлик миқдори камлиги, ўлик ёки ойи тўлмай чала туғилишлар, шунингдек, жинсий алоқа орқали юқадиган таносил касалликларнинг биргаликда кечиш ҳолларида кўплаб учрайди.Шу сабабли инсонлар агар меъёрий зарарсизлантирилган ёки бир марталик тиббий жиҳозлардан ва шприцлардан, соқол олишда ва бошқа маиший жиҳозлардан якка тартибда фойдаланишлари керак. Соғлом турмуш тарзини танлаб, гиёҳвандлик, фоҳишалик ва бошқа салбий ҳолатлардан сақланилса, касалликнинг юқиш хавфи бартараф этилган бўлади.

ОИТС инсонлар орасида мавжуд экан, ундан қўрқиш эмас, балки ҳимоя­ланиш ва олдини олишни билиши лозим!

Г. МАМАЖОНОВА,

Д. ЭРГАШБОЕВА,

К. ТУРДИМАТОВ,

вилоят ОИТСга қарши кураш маркази мутахассислари.