Кўпгина тадқиқотчилар нутқ нуқсонини тўғридан-тўғри БЦФ билан боғлаб барча симптомларини артикуляцион органларнинг ҳаракатидаги патология билан боғлашга уринадилар. Фикримизча, бундай ёндошув бир томонлама бўлиб, БЦФ холатида ҳам нутқ нуқсони анъанавий этиологияга эга бўлиб, мотор камчиликлар билан умуман боғлиқ эмас ёки қисман боғлиқ бўлиши мумкин.
Ўз ўрнида нутқ бузилишлари церебрал фалажланган боланинг умумий ривожланишига ҳам таъсир кўрсатади, яъни мулоқотни кескин чегаралайди. Билиш фаолиятига вербал интеллект тараққиётига тўсқинлик қилади.
Мактабгача ёшдаги церебрал фалажланган болаларда логопедияда маълум бўлган барча нутқ нуқсонлари учраб туради. Улар сирасига дизартрия, алалия кириб, ушбу нутқ нуқсонлари турли кўриниш оғирлик ва шаклда намоён бўлади. Нутқ ривожланишининг сустлашуви меъёрга нисбатан нутқни кеч эгаллаш суръатларида кўринади. Нутқ ривожланишининг сустлашувида тил барча компонентларининг, яъни луғат, грамматика, фонетика шаклланишида кечикиш кузатилади.
Болалар церебрал фалажланиши термини мавжудлигига юз йилдан ошган бўлса-да, касалликнинг ўзи инсониятнинг бутун мавжудлик тарихи давомида унга маълум ва ҳамроҳдир. Аммо тарихи шунчалик қадимийлигига қарамай, ушбу муаммога бўлган қарашларда ҳалигача ягона фикр мавжуд эмас.
БЦФ термини билан биргаликда клиник амалиётда айрим холларда "Литтл касаллиги" атамаси ҳам қўлланилади. Бу атама XIX асрнинг ўрталарида илк бор туғруқ жараёнидаги салбий асоратлар билан боланинг кейинги ақлий ҳамда жисмоний ривожланишидаги камчиликлар ўртасида алоқани аниқлаган британиялик хирург-ортопед Уильям Жонн Литтл шарафига киритилган. Литтл ўз қарашларини "Патологик ва оғир туғруқ, гўдакнинг вақтидан илгари туғилиши ҳамда асфиксиянинг боланинг ақлий ва жисмоний ҳолатига таъсири" номли рисоласида баён этган. Буюк Британия акушерлари жамиятига йўллаган ушбу рисола материаллари ҳозирга қадар церебрал фалажланиш мавзусидаги китоб ва мақолаларда энг кўп келтирилади.
Литтлнинг ишлари кўпчилик замондошларининг эътиборини ўзига тортди. Бунга далил сифатида рисола чоп этилгандан сўнг нашр қилинган бирданига уч нафар ўз замонасининг таниқли олимларининг шарҳларини келтириш мумкин. Литтл туғруқнинг патологик асоратлари юзасидан Уильям Шекспир асарларига мурожаат қилади. Унинг фикрича Шекспир асари қаҳрамони бўлмиш Ричард III нинг кўринишида муддатидан илгари туғилиш, туғруқнинг оғир кечиши ҳамда болалар церебрал фалажлиги асоратларини аниқ кузатиш мумкин. Шекспир ўз қаҳрамони тилидан унинг ҳолатини қуйидагича ифодалайди: " Мен ўшаман на бўй-у, на қадду-қомат, улар ўрнига маккор табиат бермиш менга қийшиқлиг-у, дол қомат. Менман ўша-қилиниб абгор, тириклар дунёсига юборилган вақтидан аввал. Шундай майиб, шундай тасқара, хатто итлар ҳуришар мени кўрганда..." Литтлнинг айтишича асар қаҳрамонининг бутун ўй-фикрлари, изтироблари ва қайғуларини айнан церебрал патология билан изоҳлаш мумкин. Олим кейинги ишларида ҳам айнан ана шу қаҳрамоннинг умумкўриниши ва ҳолатидан ўз фикрининг исботи сифатида келтириб ўтади.
Юқоридаги каби ҳаракат бузилишлари то 1889 йилгача канадалик шифокор Уильям Ослер "церебрал фалажланишлар" атамасини киритилишини таклиф этгунга қадар "Литтл касаллиги" деб номланаверади. Ўзининг "Болаларда церебрал фалажлари" номли кенг монографиясида Ослер оғир кечган туғруқ ва марказий нерв тизимидаги зарарланишлар ўртасидаги алоқани очиб берди.
Назира БОЗОРОВА,
ПФРБ болалар учун ихтисослаштирилган типдаги болалар уйи врач-невропатологи.