- Ҳеч кимга сир эмас, "Лаваш", "Гамбургер", "Хотдог", "Данар" кўринишдаги тезпишар овқатлар кетчуп, майонез, махсус ранг ва бошқа консервантларнинг қўшилиши натижасида ҳушхўр ва ёқимли бўлади, - дейди олий тоифали врач-гастроэнтеролог Абдуллажон Мамажонов. - Табиийки бундан кишининг иштаҳаси очилиб, кўпроқ егиси келаверади. Биргина "хотдог"ни таркибида инсон бир кун давомида қабул қилиши керак бўлган туз миқдори бор. Энди фарзандимиз кун бўйи неча мартта овқат истеъмол қилишини ўйланг. Организмда ортиқча туз ҳосил бўлиб, салбий оқибатларга олиб келмайдими? Бу ёғини хаёлларига келтиришмаса керак.
Кўпчилик уларни истеъмол қилгандан сўнг, газли сув ичсак ёки сақич чайнасак тез ҳазм бўлиб кетишини таъкидлашади. Шу тўғрими? Меъёридан ортиқ "фаст фоод" тановвул қилиш вазннинг ортиши, организмда туз миқдорини ошиши, йўғон ичак яллиғланиши, меъда ичак касалликлари ва турли аллергия ҳасталикларга олиб келади.
Бугун дунё миқёсида кўпчилик ортиқча вазндан азият чекмоқда. Чунончи, болаларимиз ҳам. Энг ачинарлиси, уларнинг аксарияти тезпишар маҳсулотларнинг асирига айланиб улгуришган ва доимий равишда истеъмол қилишни тўхтатишмаяпти.
- Фарзандим Ноилахон овқатларни танлаб ерди, - дейди Малика Аҳмедова. - Ҳар куни боғча атрофида жойлашган таомхонадан албатта, "хотдог" ёки "бургер" олиб беришимни истарди. Унинг кўнглига қарардим. Кейинги кунларда эса умуман иштаҳаси йўқолиб қолди. Энди қизимнинг овқат хазм қилиш аъзоларидаги турли муаммолари бизни қийнаяпти.
Демак, ота-оналар фарзандларига бундай турдаги егуликларни ҳадеб олиб бермаганлари маъқул. Болаликдан фарзандларимизни тўғри овқатланишга, соғлом турмуш тарзига ўргатсак, улар соғлигини таъминлаган, турли хасталиклардан азият чекишларининг олдини олган бўламиз.
Манзура ЭРГАШЕВА.