Афсуски, қўзиқоринлар ва замбуруғларнинг ташқи кўриниши бир-бирига ўхшаш бўлиб, уларнинг заҳарли турларини ажратишга ҳамманинг ҳам уқуви етмайди. Энг кўп учрайдиган заҳарли замбуруғларга "Оқ паганка", "Қизил мухамор", "Кулранг мухамор", "Сариқ сохта замбуруғ" ва бошқалари киради. Катта магистрал йўл ёқаларида, кимёвий моддалар ишлаб чиқарувчи корхоналар атрофида, ариқ бўйларида ўсувчи қўзиқоринлар ҳам атмосфера ҳавоси, сув ва тупроқ таркибидаги заҳарли моддаларни ўзига сингдириши оқибатида саломатлик учун хавф туғдирувчи озуқага айланиши мумкин.
Қўзиқоринлардан заҳарланишлар одатда март, апрель ва май ойларида, яна ёз ва куз пайтида кўпаяди. Чунки, баҳорда истеъмол қилинса, куздагиси йиғилади ва қиш фаслига ғамланади.
Ана шунинг учун баҳор ва кузда кўнгилсиз ҳодисалар юз бериши эҳтимоли ортади. Заҳарланишнинг аломатлари истеъмол қилинган қўзиқорин турига қараб касаллик белгилари овқатланилгандан сўнг 1-2 соат ўтгач намоён бўла бошлайди. Дастлаб кўнгил айниш, тез-тез қайт қилиш, ошқозон-ичак фаолияти бузилиб қоринда оғриқ пайдо бўлиши билан сезилади. Аъзойи бадан бўшашади. Организмга тушган заҳарли моддалар туфайли жигар, буйрак, меъда ости бези ва марказий асаб тизими қаттиқ шикастланади. Сўлак оқиши, қўл терлаши, кўздан ёш оқиши рўй беради. Томир уришининг сустлашиши, алаҳсираш (галлюцинация), титраш, кўз қорачиғининг кенгайиши ёки торайиши каби белгилар кузатилади. Бундай ҳолатларда беморга ўз вақтида тез тиббий ёрдам кўрсатилса, 1-2 кунда соғайиб кетади. Акс ҳолда беморлар аҳволи оғирлашиб, ўлим билан тугаши ҳам мумкин.
Қўзиқоринлардан заҳарланишнинг барча таърифланган ҳодисалари уларни йиғиш, уйда тайёрлаш ва истеъмол қилиш билан боғлиқдир. Заҳарли бирикмаларнинг манбаи нафақат қўзиқориннинг ўзида, балки қўзиқорин тайёрланган қайла ёки маринадда ҳам бўлиши мумкинлигини унутмаслик керак.
Анваржон АЛИХОНОВ,
Анора ҚЎЧҚОРОВА,
Республика Саломатлик ва
тиббий статистика институти
Наманган вилоят филиали мутахассислари.